Қиз қотирмочни чопонининг ички чўнтагига бир буклаб солар экан, ўчоқ бошидаги сўнгги улушга қаради: ота-онанинг ризқи олдинги икки қотирмочдан анча кичик эди… У кетмонини елкасига олиб, дарвоза томон юрди…
Ўчоқдаги чўққа икки дона шолғомни кўмаётган онасига қараб турган Турдимурод гап қотди:
--Эна, шудгорнинг нами тортилганига бир-икки кун бўлиб қолди. Мен бориб пича дон топиб келсам майлими?
Майли, фақат узоққа кетиб қолма, Турдижон…
Турдимурод кичкина кетмончани олиб, далага чиқиб кетди. Ойсулув боласининг ортидан маҳзун термулиб қолди…
Бола энди бирор тӯрт- беш ҳовуч дон тӯплаган ҳам эди-ки, узоқдан шу томонга келаётган отлиқ кӯринди…
Унинг раис эканлигини кӯзи тушиши билан фаҳмлаган бола халтачани бағрига босиб, қоча бошлади. Бироқ отлиқ болага бир зумда етиб олиб, отнинг юганини тортди-да эгардан сакраб тушиб болага яқинлашди.
– Бер бу ёққа буғдойни, итвачча!
. Турдимурод ғужанак бўлиб олди:
– Бермайман! Ўғирлик қилганим йўқ! Сичқонларнинг уясидан топдим! Уйда отам касал бўлиб ётибди! Нон ейиши керак!
Раис халтачанинг қўлига илинган жойидан ушлаб куч билан силтади. Турдимурод тиззалари шилиниб, халтачага қўшилиб судралди, аммо қўйиб юбормади. Боланинг қаршилигидан ғазабланиб кетган раис, унинг юз-кўзи аралаш қамчи солди. Қамчининг учи айланиб келиб Турдимуроднинг ўнг кўзига тегди ва аччиқ жизиллатди. Харчанд уриниб, донни тортиб ололмаган раис сакраб отга минди, жўнаб кетар экан яна дўқ урди:
– Уйингга бориб бўлса ҳам тортиб оламан, итвачча!
Турдимурод ўрнидан туриб, уйи томон судралди. Зӯрға қадам ташлаб келаётган боласига кўзи тушган Ойсулувнинг юраги зирқираб кетди. Югуриб бориб бутун вужуди титраётган боласини бағрига босди:
– Ким билан мушлашдинг, болам?
– Дон йиғиб юрганимни раис кўриб қолди. Халтачамни тортиб олмоқчи бўлиб... – Турдимуроднинг овози титради, – урди... қамчи теккан кўзим ачишиб кетяпти, энажон...
Ойсулув ўғлининг кўзёшларини артар экан, раисни қарғади:
– Илоҳо Худодан топсин!
– Эна, отамга айтманг, хафа бўлади, ўзим йиқилиб тушдим дейман…
Ҳали эрта баҳор бўлишига қарамасдан қуёш қиздира бошлади. Райҳонбиби узоқроқ қариндошнинг ўғли Тошниёз билан ўзларига ажратилган ернинг ўнқир-чўнқирини текислар экан, пешонасидан оқаётган терни тез-тез енги билан артарди. Ернинг сел ювиб кўпроқ ўпирилиб кетган жойи бошланганда Тошниёз қизга қараб:
– Райҳонбиби, сен осонроқ жойда ишла. Бу ерни текислашга кучинг етмайди, – деди. Бироздан кейин яна жимликни йигит бузди:
–Эшитдингми, бугун Йўлдош бобо дунёдан ўтибди.
– Э, Тошниёзжон, ҳаммаси очликдан. Одамларнинг ғалласи бўлганида бир қишда шунча одам ўлмасди.
Тошниёз кетмонга суяниб бирпас ўйланиб турди. Сўнг чўнтагидан бир бурда зоғора нон чиқариб, ушатиб оғзига солди.
– Нон ейсанми, Райҳонбиби?
– Йўқ, Тошниёзжон, ўзинг еявер, мен емайман.
Кечга томон сал нарироқда кетмон ураётган қиз ҳам қўйнидан қотирмоч чиқариб, бир бўлак ушатиб оғзига солди. Амаллаб кетмон ураётган йигитнинг нигоҳи қизга тушди. У қариндош қиздан егулик сўрашдан ўзини зўрға тийди. Қоронғу туша бошлагач, далада ишлаётганлар ҳам уйларига қайта бошладилар. Юпун, ярим оч, бошлари эгилиб, даладан қайтаётган йигит-қизлар орасидаги Назарқул тоғанинг ўғли Амирқул йўлнинг ярмига келганда ҳоли қочиб чўккалаб қолди. Бир-икки йигит тўхтаб, уни қўлтиғидан кўтариб турғиза бошладилар.
– Тур жўра уйга яқин қолди. Етиб олсак, қора қозон қайнаб тургандир. Бирор нима еймиз. Буйтиб ўтирма йўлда, тур.
– Эй, менга тегманглар. Чарчадим... – Амирқул зўрға гапирди.
– Тур-э, жўра, сени ташлаб кетамизми, энангга нима деймиз, тур-да энди!
Бола бир амаллаб ўрнидан турди. Жўралари ёрдамида яна қадам ташлай бошлади.
– Э, мундай очликдан ўлгандан кўра, урушга борган яхшироқ. Ҳамма дон-дун, консерва қилинган гўштлар ўша ёқда, – деди Тошниёз Райҳонбибига қараб.
– Қўй, Тошниёзжон, мева пишиғига етиб олсак, унгача уруш ҳам тугаб қолар. Шунча урушда ўлаётганлар камми? Ундан кейин, сени олмайди. Ҳали ёшсан...
Райҳонбиби уйига яқинлашганда қўйнидаги бироз орттириб келган қотирмочни пайпаслади. “Отамга бераман”,деб ўйлади ва секин пичирлади: “ишқилиб пишиқчиликка етиб олайлик”.
Қиз ичкари кириб, ота ётган жойга яқ