– Энам отни бўшатиб кейин дарвоза очган экан, шартта томдан от устига сакрадим. “Чуҳ, жонивор”, деб бир қамчи солган эдим, ўқдек учиб кетди. Ўшанда ҳам ҳаммаёқ оппоқ қор эди.
– Ҳа, Худога шукур, замон тинчиди, халқ ҳам анча хотиржам яшаяпти, – деди Ширинбону.
– Иккаламиз ҳам от минмаганимизга ҳам анча бўлди, – деди Фармонбек.
– Менинг эсимдан ҳам чиқиб кетгандир, – деди ўйчан ўтирган Ширинбону.
– Қани паҳлавон, бери келинг-чи, бир ачом қилайлик.
Ҳотамбек атак-чечак қилиб бориб отасини қучоқлади.
“Паҳлавоним, суянган тоғим...” Фармонбек ўғлини эркалар экан, яна хотинига юзланди.
– Бону, бир овга чиқиб келайлик. Юринг, отлар туёғининг чигилини ёзади, ўзимиз ҳам бир айланиб келамиз. Ҳозир кийиклар ўт-ўлан излаб, тоғдан пастга энадиган пайт. Бирорта отиб келсак, ўзим сизларга гӯштидан кабоб қилиб бераман.
– Бегим, ҳозир ҳаво совуқ. Ёшим ҳам бир жойга бориб қолди. От минишга қўрқаман.
– Сиз от минишдан қўрқасизми? Сиз-а? Баҳона қидиряпсиз. Отда юришда мен сизга етолмайман-ку!
– Барибир, негадир оёғим тортмаяпти. Бормай қўяқолайлик.
– Бону уйда ўтиравериб зерикиб кетдингиз. Кейин мен сиз билан дала айлангим келяпти. Йўқ деманг Бону, одамнинг дилини оғритманг. Ойбодомни чақиринг, Ҳотамбекнинг ёнида ўтирсин. Кечгача бир айланиб келамиз.
Ширинбону истар-истамас ўрнидан қўзғалди.
Унинг рози бўлганини кўрган Фармонбек қувониб ташқарига йўл олар экан, хотинига қараб деди:
– Мен Норбўтага айтай, отларни эгарласин!
Ширинбону Ҳотамбекнинг ёнидан жилмасликни хизматчи аёлга қайта-қайта тайинлаб, эгар- жабдуқ урилган отлар томон юрди. Икки отлиғ тоғ ёнбағри томон йўртиб кетдилар. Бироқ ҳадеганда на кийик, на бошқа жонивор учрамади.
Иссиққина уйда ўтиравериб анча бўшашиб қолган Ширинбону совуқ қота бошлади ва шунинг баробаринда кўнглида недир тушуниксиз хавотир орта борди.
– Бегим, кўнглим нотинч, қайтиб кета қолайлик.
Фармонбек хотинининг устидан кулди:
– Э, Бону, мен кексайяпман, десам, сиз ҳам қарияпсиз шекилли. Яна бироз кезайлик, бирор нима учраб қолар.
Яна бироз юришгач, узоқда уч-тўрт қора кўринди. Фармонбек ўша томонга қараб от солди. Хотини истар-истамай уҳ тортганча унга эргашди...
...Ойбодом болани гоҳ ўйнатар, гоҳ йиғласа, овутарди.
– Уфф, қачон ухлайсан-а, супрақоқди? – деди энсаси қотиб ўтирган хизматчи аёл инжиқланаётган болага қараб.
– Ёт, ухла, ана бўжи келяпти, ёт!
Ҳотамбек сандал ёнига тўшалган кўрпачага ётди. Аёл унинг елкасига енгил шапатилаб аллалай бошлади. Сандалнинг иссиғи элитган гўдак ухлаб қолди. Боланинг уйқуга кетганига ишончи комил бўлган аёл секин хонадан чиқди. Эшикни зич ёпиб, ҳовли саҳнини кесиб ўтиб, ошхона хизматчиси Муҳаррамнинг ёнига борди. Катта тоғорада хамир қораётган Муҳаррам Ойбодомга танбеҳ берди:
– Бибим сенга қимирламай ўтир деганди, қимирламай ўтирмайсанми иссиққина уйда?
– Бибингнинг эркатойи тош қотиб ухлаб қолди. Бояги ҳангомани айтиб берай кейин кетаман. “Кейин эри ўша хотинни уриб-уриб ҳайдаб юборибди. Хотини эса...”
Ҳотамбек сандалнинг баланд тафтидан безовта бӯлиб, йиғлай бошлади…
...Ҳалиги қораларга яқинлашган Фармонбек орқасидан етиб келган хотинига қараб:
– Кийиклар экан Бону, ҳув ана четроқдагиси она кийик, ёнидаги болалари, – деди.
Жониворлар галаси анча олисда бўлиб, ҳали хавф-хатарни сезишмаган, алҳол, қорлар орасидаги яккам-дуккам хас-чўпларни чимдир эдилар. Фармонбек елкасига осиғлиқ милтиқни қўлига олди.
-Отманг, бегим, болалари ҳали жуда мурғак экан,- илтижо қилди Ширинбону.
– Бону кейинги пайтларда бироз йиғлоқи бўлиб қолибсиз. Худо бу жониворларни бандасига ризқ қилиб яратган. Майли, она кийикни эмас, бирор кичикроғини отиб оламан.
– Бегим, онасининг кўз ўнггида отманг. Юрагим жуда безовта бегим, отманг!
Бирдан варанглаб кетган ўқ оҳуларнинг энг нозиги, энг кичигини қулатди. Бирдан Ширинбонунинг қулоғи остида боланинг чинқириғи янграгандай бўлди. Ширинбону отнинг жиловини уй томон буриб шамолдек елиб кетди…