Кўзим юмуқ, ҳали тўлиқ уйқуга кетмаганман, атрофимдаги воқеаларни англайдиган ҳолатдаман, лекин қаттиқ чарчоқдан кўзимни очолмайман, болишни қаттиқ сиқиб ёнбошлаб олганман... Аёлим оҳиста келиб оёқларим остига ўтирди, сездим. Секингина тиззаларига оёқларимни олиб, уқалай бошлади. Мен "маст" эдим... Шу кунгача бўлган ишлар мени карахт аҳволга келтирганди. Бирон нарса дейишга ҳолим йўқ... У шунчалар секин ҳаракат қилар эди-ки, мени уйғотиб юбормаслик учун, мени безовта қилмаслик учун... Сўнг... энгашганча оёқларимдан ўпди... Сўнг... уларни қучоқлаганча жимиб қолди...
Шу тобда телефоним жиринглади... Ўчириб қўймаганимга ачиндим... Пайпаслаб, довдираганча телефонимни топдим. Онам экан. "Болам, тинчмисан... Нима қилишни билмай мажбур сенга қилдим. Анунинг томирини кесиб қўйибди. Ҳаммаёқ қон... "
Онам бечора титрарди... Бошимга оғриқ кирди. Тезда қайнотамга телефон қилдим. Салом-аликдан сўнг: "Қизингиз томирини кесганмиш, мен узоқдаман. Ўзинглар нима қилсангиз қилинг, мен чарчадим. Барибир етиб боролмайман", дедим. Онамга телефон қилдим: "Ойи, онасига қилинг. Келишсин, тез ёрдам ҳам чақиринг!"
"Ифлос, ифлос!" Бақирганча хонтахтага телефонимни қарсиллатиб уришни бошладим. Солиҳа бирпасда ялпизли дамлама кўтариб келди. "Хожам, шундан ичинг, тинчланасиз".
Қариб қолган онамга ачиниб кетдим... Оҳ, онам-а... Болаларимни етим қолмасин деб, неча йил нотавон келинга сабр қилиб, ўзини адо қилган онам...
Тонг отди... Мен Тошкентга кетиш тараддудидаман. Қайнотам ҳовлига кириб келди. Шунча ташвишлар билан Тошкентдан Қўқонга қатнашим уларни хижолатга қўяётгани, агар хоҳласам қайнотам Тошкентдан ижарага уй қилиб, қизини олиб боришлиги мумкинлигини айтди. Севиндим... "Яхши бўларди, агар малол келмаса... Вақтинчалик Тошкентда тургани яхши эди, мен учун ҳам", дедим.
Тошкентга қайтдим... Аёлим шифокорларнинг сайъ-ҳаракатлари билан "омон" қолибди. Аслида пичоқ томиригача етиб бормаган экан. "Тузукмисан, нима ишлар қилиб юрибсан?", ўлганимни кунидан сўрадим. "Яшашни хоҳламаяпман, умуман сизни кўришни хоҳламаяпман", деди. Жаҳлим чиқиб: "Майда-чуйда пичоқ билан ўралашмай, ўзингни осиб қўяқолмабсан-да, биратўласига кўрмай қўяқолардинг", дедим. "Сени жаннатга кириш ниятинг йўқ. Бўлганда бунақа иш қилмаган бўлардинг. Очиғини айтсам тўйдириб юбординг. Нима қилай яна, гапир! Одам бўлишинг учун нима қилай?" Индамади...
"Қуда томон эшитса нима бўлади? Қизингни ўйла, яқинда тўй қилишимиз керак. Шунчалар ҳам аҳмоқ бўласанми?" Яна индамади...
Тўй... Қизимни омон-эсон, кам-кўстсиз қилиб узатдим, алҳамдулиллаҳ. Қўқонлик аёлим Тошкентда ижарада яшай бошлади. Шунча йил яшадик, аммо Солиҳа фарзанд кўрмади. Неча маротаба шифокорлар кўригидан ўтди, даволанди, аммо...
Орадан йиллар ўтди... Уйланганимга 10 йил бўлди... Бу орада ҳамма фарзандимдан қутилдим. Узатдим, уйлантирдим... Олдинлари иккинчисига уйланганларни 10-15 йилгача бировга билдирмай яшаётганларни эшитсам: "Қандай қилиб?", дердим. Йўлини қилса бўларкан... Ҳа, яна бир нарса, ҳеч иккинчисига уйланишга орзуманд бўлмаганман, ҳавас ҳам қилмаганман. Қисқаси... ҳавасга уйланганлардан эмасман, суннатни рўкач қилиб, на у оиласини, на бу оиласини эплолмай юрганлардан ҳам эмасман... Нега ва қандай уйланганимни бошида айтдим...
Орадан кунлар, ҳафталар, ойлар ўтди... Биринчи аёлим оғир касал бўлиб қолди.Ташҳислар яхши чиқмади. Қизилўнгач саратони. Уни Ҳиндистонга олиб бордим. Шифокорлар бор ғайратларини кўрсатдилар... Уйга қайтдик... Кўп яшамади... 7 ой ўтиб вафот қилди. Касали ўтиб кетган экан... У ҳам эмас, бу ҳам эмас, ажал...
Ҳовлида кичик ўғлим келиним билан... Катта ўғлимнинг рўзғори алоҳида... Солиҳани Тошкентда олиб қолдим. Онам гоҳида келиним билан ҳовлида, гоҳида аёлимни ёнига олиб кетаман. Бировдан беркитадиган сир ҳам қолмаган. Яқинларим Солиҳани билиб бўлишган, ҳисоб... Онагинам тилидан бол томиб, келинини мақтаб, сирни ичида сақлолмай ҳаммага гапириб бўлган...
Ёшим 58 га етди... У ҳар доим ёнимда, ҳаётимда, ҳаёлимда сафарларда бирга, ғамимга шерик, севинчимга устун... Мен у билан тирикман, мен у билан соғломман, мен у билан хурсандман, мен у билан борман.