Xojagon.Uz
الذهاب إلى القناة على Telegram
ХОЖАГОН ДАРГОҲИГА МАРҲАБО! Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм. (Беҳад меҳрибон ва бенияҳоят раҳмли Аллоҳ исми билан.) Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин. Севикли Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад Мустафога сўнгсиз салоту саломлар бўлсин.
إظهار المزيد2 833
المشتركون
-1224 ساعات
-1037 أيام
-55330 أيام
أرشيف المشاركات
2 833
✨ «МАСНАВИЙХОНЛИК ДАРСЛАРИ»НИНГ 48-СУҲБАТИГА МАРҲАБО
❤️ Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратларининг «Маснавийи маънавий» асарини тушунишга ва ҳаётимизга татбиқ этишга қаратилган «Маснавийхонлик дарслари»нинг 48-дастури «Hilol-Nashr» нашриётининг суҳбатгоҳида 8 сентябрь куни бўлиб ўтади.
Суҳбатга Устоз Мирзо КЕНЖАБЕК ташриф буюрадилар.
Марҳамат, навбатдаги илм мажлисига ташриф буюринг. 😊🗓 08.09.2026 | 14:00 📍 «Hilol Nashr» нашриёти @hilolnashr @m_kenjabek| @xojagon_uz •┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
2 833
* * *
ҒАНИМАТ
("Нубувват насимлари" туркумидан)
Эй дўст! Ғаниматдур ўтлиғ ёшлигинг,
Бундай буюк давлат, шижоъат қайда?
Сездирмай кексалик ёқангни тутса,
Гуркираган азму жасорат қайда?
Эй дўст! Ғаниматдур соғлик, ҳушёрлик,
Ҳали келмай туриб инжиқ беморлик,
Мажбурий дўст бўлса сенга бедорлик,
Юрганинг ул соғу саломат – қайда?
Эй дўст! Ғаниматдур бўш вақт – фароғат,
Машғуллик ёқангни тутса, надомат!
Эркин бир нафасга топмай ҳаловат,
Хотири жамлигу фароғат қайда?
Эй дўст! Ғаниматдур бойлик – сарватинг,
Бир кун қўлдан кетса молу давлатинг,
Муҳтожлар қадрига етса фикратинг,
Давлатинг йўғида саховат қайда?
Эй дўст! Ғаниматдур тириклик, ҳаёт,
Рухсат сўрамасдан келганда мамот,
Ҳайҳот, имконларинг, фурсатинг барбод,
Қайтиши бўлмаган саодат қайда?
Мирзо, сўзинг бўлур на зар ва на сим,
Нубувват боғидан етмаса насим,
Жавомиъул-Калим сўзидан сўзим –
Набий мақолидек зарофат қайда!
2009
Мирзо Кенжабек
@m_kenjabek| @xojagon_uz
•┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
2 833
* * *
АБУ ИЙСО МУҲАММАД
АТ-ТЕРМИЗИЙ
(раҳматуллоҳи алайҳ)
Аш-ШАМОИЛ
Ал-МУҲАММАДИЙЯ
•┈❁✿❁┈•
33-БОБ
Бу бобда жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қандай хулқ билан сўзлашлари ҳақида баён қилинади
* * *
217. Ҳазрати Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумо айтдилар: «Мен ўз тоғам Ҳинд ибн Абу Ҳола розияллоҳу анҳудан:
«Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандоқ сўз қилар эдилар, менга баён қилинг?» деб сўрадим.
Тоғам бобомнинг васфларини кўп қилар эдилар. Дедилар: «Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доим охират ғами билан машғул эдилар. Ҳамиша уммат фикрида бўлар эдилар. Шунинг учун Жанобда ором ва роҳат деган нарса бўлмас эди.
Аксари, хомуш юрар эдилар. Ҳожати йўқ сўзларни сўзламас эдилар.
Сўзларини Аллоҳ номи билан бошлаб, Аллоҳ номи билан тамом қилар эдилар. Лабларининг учи билан сўзлаб қўя қолмас эдилар. Сўзласалар, бутун оғизлари билан сўз қилар эдилар. Сўзларининг лафзлари оз, маънолари кўп бўлар эди.
Сўзлари бир- биридан ажралган бўлар эди. Унда на ҳожатдан зиёда алфоз ва на камчилик бўлар эди.
Ўзлари тез мижоз эмас ва бошқани хор қиладиган зот эмас эдилар. Неъмат қанчалик ҳақир (оз ва кичик) бўлсин, уни ҳурмат қилар эдилар, уни ёмон демас эдилар. Мисол учун, бир таомни на мазаммат қилиб айблар ва на мадҳ қилар эдилар.
Дунё ёки дунёвий нарсалар учун ҳаргиз ғазаблари келмас эди. Яъни, дунёни ҳеч бир нарса фаҳм қилмас эдилар, балки қачон бир киши ҳақдан тажовуз қилса (ҳақиқат чегарасидан чиқса), у ҳолда ғазабларини ҳеч бир нарса боса олмас эди. Ўзлари учун бир кишидан хафа ҳам бўлмас эдилар.
Қачон бир тарафга ишора қилмоқчи бўлсалар, бармоқлари билан эмас, балки бутун кафтлари билан ишора қилар эдилар.
Қачон бир нарсадан таажжуб қилсалар, кафтларининг орқасини кўрсатар эдилар, қачон сўз қилсалар, гоҳо-гоҳо кафтларини қимирлатар эдилар. Гоҳо ўнг кафтларини чап бош бармоқларига урар эдилар.
Қачон ғазаблари келса, юзларини ўгирар ва беилтифотлик кўрсатар эдилар ёки афв этар эдилар. Қачон хуш бўлсалар, ҳаёдан муборак кўзларини юмган кўринар эдилар.
Аксари, кулишлари беовоз табассум эди. Кулсалар, муборак тишларининг доналари дур каби оқ ва нурлик кўринар эди».
(Соллаллоҳу алайҳи ва саллам.)
Таржимон ва нашрга тайёрловчи:
Устоз Мирзо Кенжабек
@m_kenjabek| @xojagon_uz
•┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
2 833
* * *
ҲИКОЯТ
•┈❁✿❁┈•
Ҳорун ар-Рашид раҳимаҳуллоҳ ҳар йили Қурбон ҳайитда қул ва жорияларига ҳадялар берар эди. Бир йили уларни тўплади, ҳар хил барқут ва кимхоблар, динор ва дирҳамлардан иборат ҳадяларни ўртага қўйди, сўнг: «Ким булардан нимани хоҳласа, ўшанинг устига қўлини қўйсин!» - деди.
Ҳар ким ўзи хоҳлаган нарсанинг устига қўлини қўйди. Фақат биргина жория қўлини Ҳорун ар-Рашиднинг ўзига қўйди.
У жорияга: «Нима қиляпсан?» – деди. «Ўзингиз, ҳар бир киши ўзи истаган нарсага қўлини қўйсин, дедингиз-ку! Бас, мен сиздан бошқа нарсани хоҳламайман!» – деди.
Шунда султон: «Эй жория! Ўзим ҳам, ҳамма бойликларим ҳам сеники!» – деди ва уни озод қилиб юборди, сўнг бошқа жорияларни ҳам унинг ихтиёрига топширди.
Шунга ўхшаб, банда ҳам агар Мавлосининг зикрига маҳкам ёпишса, дунёсидан истаган ҳамма орзу-умидлари ҳосил бўлади.
Шайх Аҳмад Ғаззолий,
"Баҳрул-маҳабба" ("Муҳаббат денгизи"") асаридан.
Араб тилидан Устоз Мирзо Кенжабек ва Устоз Абдулмажид Исҳоқ таржимаси.
@m_kenjabek| @xojagon_uz
•┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
2 833
* * *
«РАББИМ! ҲАР МАЛОЙИК ҲАР ХИЛ ИШДАЛАР...»
•┈❁✿❁┈•
Раббим! Ҳар малойик ҳар хил ишдалар,
Аршингни ўраган пок фаришталар,
Ҳамд фақат оламлар Раббига хос деб,
Сенга тасбиҳ айтиб, бир равишдалар!
Зумар, 75; Муъмин (Ғафур), 7.
Мирзо Кенжабек
@m_kenjabek| @xojagon_uz
•┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
2 833
* * *
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
БУГУН:
Якшанба.
Ҳижрий 1448 йил.
Робиъул-аввал ойининг 24-куни.
Милодий 2026 йил
6-сентябрь.
ОЛАМЛАРГА РАҲМАТ ҚИЛИБ ЮБОРИЛГАН ЗОТ,
КОИНОТНИНГ САЙЙИДИ –
СЕВИКЛИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ
ҲАЗРАТИ МУҲАММАД МУСТАФО
(соллаллоҳу алайҳи ва саллам)
ТУҒИЛГАН ОЙ МУБОРАК БЎЛСИН!..
Ё Раббимиз! Ушбу кунни бизлар учун ва бутун дунё инсонлари учун хайрли қил!
Юртимизга ва дунёга доимий тинчликни ато эт!
@m_kenjabek| @xojagon_uz
•┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
2 833
* * *
ШОИРНИНГ ОНАСИ
Тушида шоир оқ кема кўради,
Уйғониб, ўз бағрин қийма кўради.
Шоир кун кўрмаган қитмир замонда
Шоирнинг онаси нима кўради?
Маддоҳнинг онаси тўйиб пул кўрар,
Актёрнинг онаси гоҳи гул кўрар.
Шоир то халқини эрксиз қул кўрар,
Шоирнинг онаси нима кўради?
Ҳар кун оёғида ғовлардан из бор,
Ҳар куни бошида юз қилич, юз дор,
Шоир «онасини кўради» юз бор,
Шоирнинг онаси нима кўради?
Шоирнинг айбими ҳақни уққани?
Онанинг айбими шоир туққани,
Ҳақ қани? Ҳақиқат тиккан туғ қани? –
Шоирнинг онаси нима кўради?
Ўзбекнинг зўрлари юртга сиғмайди,
Ўзбекнинг онаси раҳбар туғмайди –
Четдан чақиради!.. Шоир йиғлайди,
Шоирнинг онаси нима кўради?
Турмуш – бир хил қўшиқ, бир хил нақорат,
Кам туғ, деб онангни айлар ҳақорат,
Шоир фарёд қилар: бу қандай ғорат?!
Шоирнинг онаси нима кўрар?
Эй ўтмиш замонлар, шоҳид хазонлар,
Ҳусайн Жовидлар, Чўлпон, Усмонлар,
Кесилган забонлар!.. Сирдон осмонлар,
Шоирнинг онаси нима кўради?
Тирикман, то туркий тилим бор экан,
То ўлим аталган йўлим бор экан!
Қатағон деган шум илм бор экан,
Шоирнинг онаси нима кўради?
«Сен ҳақсан, болажон, нур менга ато!»
Мен – халқман, онажон, ғанимлик хато!
Мени газет урар, уларни Худо!..
Шоирнинг онаси нима кўради?
Онажон, ҳолимга йиғлама сим-сим,
Халқни она дерлар – бу гўзал тилсим!
Онасин сотганлар қаердан билсин,
Шоирнинг онаси нима кўради?!
1989
Мирзо Кенжабек
@m_kenjabek| @xojagon_uz
•┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
2 833
* * *
КИТОБ ҲАҚИДА
ҲИКМАТЛИ СЎЗЛАР
•┈❁✿❁┈•
“Одамзод илму маърифатининг бош манбаи китобдир”.
“Китоб шундай бир мўътабар неъматки, Ҳақ таоло Ўз аҳкомини, Ўз яратмишларига оид ҳукмларини Китоблар ҳолида нозил қилиб, башариятга етказиб келган.
Китоб шундай бир қутлуғ неъматки, Аллоҳнинг Расулининг муборак ҳадислари фидойи муҳаддисларнинг таснифлари бўлмиш китоблар орқали инсониятга етказиб келинмоқда.
Китоб шундай тенгсиз неъматки, авлиё зотларнинг тазкиралари ва ҳикматли сўзлари, адибларнинг тарбият манбалари китоблар орқали халққа етказилади”.
“Шарқ оламида, муқаддас ислом дини руҳида яшаган халқлар орасида китоб, ёзув, қоғоз ҳамиша беҳад мўътабар неъмат ҳисобланиб келган. Шу боис одоб рисолаларида китоб бор уйда ётмаслик, ётиш зарур бўлса, китобга қараб оёқ узатмаслик, китобни худди китобнинг муаллифини мўътабар тутгандек мўътабар тутиш таълим қилинади”.
“Китоб ўз мавқеига қараб қалбни тирилтирувчи, шуъурни уйғотувчи, ҳақиқатни билдирувчи, инсонни тарбият қилувчи, жамиятни покловчи бир омилдир”.
“Илм бу – ҳаёт демакдир. Бир кишига илм берган киши унга ҳаёт бахш этган, равшан қилиб айтганда, уни тирилтирган бўлади”.
“Баъзи кишиларнинг уйларида кўп қимматли жиҳозлар, мебеллар топилади-ю, бир мўъжаз китоб жавони топилмайди. Худо хайрингизни берсин, оилангиз аҳлини бир мўъжаз кутубхона билан таъминлашга ҳимматингиз йўқми?”
“Китоб – илму маърифат, панду насиҳат, ҳикмат хазинаси, инсоннинг дўсти, сирдоши ва суҳбатдошидир”.
“Китобга қайтиш виждонга қайтишдир. Китобга қайтиш ҳақиқатга, инсофга, адолатга, маънавият ва маърифатга, умуман олганда, ҳаётга қайтишдир. Китобсиз ҳаёт руҳсиз ҳаётдир. Руҳсиз ҳаёт эса ўлимдир”.
Мирзо Кенжабек
(Кўчирма олувчи ўзанлар ва шахслар ижод ўзани номи ва муаллифини кўрсатишлари шарт.)
@m_kenjabek| @xojagon_uz
•┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
2 833
* * *
ҲАЗРАТИ ШАЙХ АБУ СУЛАЙМОН ДАРАНИЙ
қуддиса сирруҳу ҳикматларидан
•┈❁✿❁┈•
«Ҳар нарсанинг дарди бор, кўнгилнинг дарди кўп емоқдир».
«Очлик охират эшигини очур, тўқлик дунё эшигини очур. Очлик кўнгилни нурлантирур. Тўқлик эса кўнгилни қорайтирур».
«Ҳар ким ўтган гуноҳларини эслаб йиғласа, сидқ ила шаҳватдан сақланса, Ҳақ таоло унинг қалбидан шаҳват васвасасини кетказур».
«Орифнинг кўнгли очилгач, ғафлат кўзи юмилур».
«Мўъмин улдирким, зикр унинг ғизоси, роҳати ва улфати бўлур».
Шайх Фаридуддин Аттор ҳазратларининг
"Тазкират ул-авлиё" асаридан.
Форс тилидан Устоз Мирзо Кенжабек таржимаси.
@m_kenjabek| @xojagon_uz
•┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
2 833
* * *
АБУ ИЙСО МУҲАММАД
АТ-ТЕРМИЗИЙ
(раҳматуллоҳи алайҳ)
Аш-ШАМОИЛ
Ал-МУҲАММАДИЙЯ
•┈❁✿❁┈•
52-БОБ
Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёт кечиришлари ҳақидаги воқеалар
* * *
357. Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: «Бизлар оли ва авлоди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам комил бир ойга қадар уйимизда ўт ёқмас эдик. Фақат хурмо ва сув билан кун ўтар эди». (Яъни, емак учун хурмодан бошқа бир неъмат хонаи саодатда бўлмас эди. Хурмо ҳам кифоят қилмаганидан сув билан қорин тўйғизар эдик.)
364. Навфал ибн Иёс ал-Ҳузалий айтдилар: «Ҳазрати Абдурраҳмон ибн Афв бизларга ҳамнишин эдилар. Ва ниҳоятда яхши бир ҳамнишин эдилар. Бир кун бизлар билан бирга бир ердан қайтдилар ва бизни ўз уйларига олиб бордилар. Борган замонлари ғусл қилдилар. Кейин олдимизга чиқдилар. У зотнинг ҳузурларига катта бир табакда гўшт ва нон келтирдилар. Ҳазрати Абдурраҳмон ибн Авф уни кўриб, йиғладилар. Мен: «Нима учун йиғлайсиз?» деб сўрадим. Ҳазрати Абдурраҳмон дедилар: «Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёдан сафар қилдилар. Ва ҳаётларининг охиригача на ўзлари ва на хонадонлари арпа унидан бўлган ноннинг ўзидан қоринлари тўймади. Менинг хаёлим шудирки, Жанобдан кейин бизларнинг бу қадар неъматларга ғарқ бўлишимиз бизлар учун яхши бўлмаса керак».
Таржимон ва нашрга тайёрловчи:
Устоз Мирзо Кенжабек
@m_kenjabek| @xojagon_uz
•┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
2 833
* * *
«РАББИМ! ЛУТФ АЙЛАДИНГ ДЎСТУ ЁРЛАРГА...»
•┈❁✿❁┈•
Раббим! Лутф айладинг дўсту ёрларга,
Дўстларни яширдинг сирли ғорларга.
Сўз ила ҳаммага хитоб қилсанг ҳам,
Хос икром кўргуздинг қалби борларга!..
(Каҳф, 10; Қоф, 32-33-34).
Мирзо Кенжабек
@m_kenjabek| @xojagon_uz
•┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
2 833
* * *
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
БУГУН:
Шанба.
Ҳижрий 1448 йил.
Робиъул-аввал ойининг 23-куни.
Милодий 2026 йил
5-сентябрь.
ОЛАМЛАРГА РАҲМАТ ҚИЛИБ ЮБОРИЛГАН ЗОТ,
КОИНОТНИНГ САЙЙИДИ –
СЕВИКЛИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ
ҲАЗРАТИ МУҲАММАД МУСТАФО
(соллаллоҳу алайҳи ва саллам)
ТУҒИЛГАН ОЙ МУБОРАК БЎЛСИН!..
Ё Раббимиз! Ушбу кунни бизлар учун ва бутун дунё инсонлари учун хайрли қил!
Юртимизга ва дунёга доимий тинчликни ато эт!
@m_kenjabek| @xojagon_uz
•┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
2 833
#маснавийхонлик
Муҳаббат йўлида раҳнамо керак...Устоз Мирзо Кенжабек шарҳи. •┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈• @m_kenjabek | @xojagon_uz
2 833
* * *
УСТОЗ СИЙРАТИ
ҲАМИША ҲУРМАТИМДАГИ ИНСОН,
Устоз Мирзо КЕНЖАБЕК ҳазратларига
Қутлуғ 70 ёшингиз муборак бўлсин, Устоз!
•┈❁✿❁┈•
ШУНДАЙ УЛУҒ УСТОЗЛАРИМИЗ БАХТИМИЗГА ҲАМИША СОҒ-ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Фикру, ёдим, хотирим
ҳар вақтки устозимдадур,
Олама тенг бир қиёс
сарҳадки, устозимдадур.
Ҳотамиға кўз киби,
орифлиғиға эш сужуд,
Довари аъзамдайин
сийратки, устозимдадур.
Сардиниши ора йўқдур
паймонлиғдин нишон,
Раҳравийлик комида
ғайратки устозимдадур.
Нўшхандлиғ рўйида,
Маҳ мисли кулгай орази,
Қоматин адлида хуш
суратки устозимдадур.
Борса ким ҳолин сўраб,
айлабки кўзга тўтиё,
Хонида неъмату-ноз,
ҳар вақтки, устозимдадур.
Мазраъиға мосдурур
сўз дурларининг шодаси,
Силкидек ҳар мисраи
хуш қадки, устозимдадур.
Сочқучи нурлар ўзи
Шамси ул маъвосида,
Хийла анжумлар аро
савлатки, устозимдадур.
Кулбайи аҳзонима
гар келса товонин ўпай,
Айтмака деб, "Толибим..." -
журъатки, устозимдадур.
Ҳаббазо, деб номини
дил қони-ла этдим рақам,
Шаҳриман, шарҳимда не
талъатки, устозимдадур.
Шаҳриддин УМИРОВ
@m_kenjabek| @xojagon_uz
•┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
2 833
* * *
АБУ ИЙСО МУҲАММАД
АТ-ТЕРМИЗИЙ
(раҳматуллоҳи алайҳ)
Аш-ШАМОИЛ
Ал-МУҲАММАДИЙЯ
•┈❁✿❁┈•
ҚОВОҚНИНГ НЕЪМАТ ЭКАНЛИГИ
153. Ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтдилар: «Бир кун жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига таом келтирилди. Ёки таом учун чақирилдилар. Жанобга қовоқ марғуб эди. Мен бу нарсани билганим учун товоқнинг ҳар тарафдан уни ахтариб топиб, олдиларига қўяр эдим».
154. Ҳазрати Жобир ибн Ториқ розияллоҳу анҳу айтдилар: «Бир кун мен жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирдим. Қарасам, қовоқни кесиб, майда-майда қилиб турилган экан. Мен: «Буни нима қилинади?» деб сўрадим. Жаноб: «Буни солиб, таомимизни кўпайтирамиз» дедилар.
Изоҳ. Бу қовоқ, пўсти, ичи ҳам, усти ҳам кўкиш бўлиб, сариқ ошқовоқдан бошқадир. Ёғ қовоқлар суратида бўлади. Арабистонда «Дуббоун-набий» (Пайғамбар қовоғи) деб машҳурдир. Бу қовоқнинг ҳам манфаати кўпдир. Тиб китобларида ниҳоятда таъриф қилинади. Ақлни тез, димоғни қувватли қилади.
Таржимон ва нашрга тайёрловчи:
Устоз Мирзо Кенжабек
@m_kenjabek| @xojagon_uz
•┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
2 833
* * *
ЮКИНУВ
•┈❁✿❁┈•
✍️Устоз Мирзо Кенжабек,
🎙Муҳаммад Бобур Мўъмин.
@m_kenjabek| @xojagon_uz
•┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
2 833
* * *
ЮКИНУВ
Илоҳий, агарчи журму исёндин ўзга ишим йўқ,
Аммо Сендин ўзга ҳам кишим йўқ!..
Алишер Навоий.
Илоҳий, сўзимда сўнгсиз сўровлар,
Аслимни ҳовучлаб, йиғладим гоҳи.
Бировлар билмаган жумбоқ-буровлар,
Номингдан ечилиб, яйрар, Илоҳий!
Илоҳий, назаринг сирларга гувоҳ,
Гуноҳим даштида унди дил оҳи.
Аёнинг – ўзимга ноаён гуноҳ,
Умидим паноҳи Сенсан, Илоҳий!
Илоҳий, бу руҳим бақога ёндош,
Фанога қариндош қаттиқ вужудим.
Энг кичик зарраман – йўқликка номдош,
Дунёйи далилман – йўқдир ҳудудим!
Илоҳий, тоғларинг ҳаракатдадир,
Ўлик водийларинг тузгай зиёфат.
Минг ҳикмат хонқиздек бир санъатдадир,
Чирилдоқ унида – мангу зарофат!
Илоҳий, қуёшинг, ойинг авайлар
Жонзоту экинлар – туман исмлик.
Дилга чуқур қўниб, тилимда сайрар
Қуш оёқ, қуш тили деган ўсимлик.
Илоҳий, инсон-ку ўзи – коинот,
Денгизда – долғалар, қалбда – эҳтирос...
Ёмонликдан тортган изтиробим бот
Тавбам деб қайд этсанг, кимда эътироз?!
Илоҳий, ҳар наки мангуликка эш,
Ҳар наки покликдан – Сендан далолат,
Унга ҳайратимни сочсам куну кеч,
Шукронам деб қабул қилгайсен фақат!
Илоҳий, билгайсен вазиятимни,
Илоҳий, умидим қилмагайсен кул.
Ҳақ йўл деб чеккан ҳар азиятимни
Ибодат ўрнида этгайсен қабул!..
1990
Мирзо Кенжабек
@m_kenjabek| @xojagon_uz
•┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
2 833
* * *
«РАББИМ! СЕН РАҲМАТНИ ЗОТИНГГА ЁЗИБ...»
•┈❁✿❁┈•
Раббим! Сен раҳматни Зотингга ёзиб,
Қуръон нозил қилдинг, англадик, кезиб.
Лекин Каломдаги эслатмалардан
Фақат қалби борлар олгайдир насиб!..
(Анъом, 12; Қоф, 37).
Мирзо Кенжабек
@m_kenjabek| @xojagon_uz
•┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
2 833
* * *
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
БУГУН:
ЖУМЪА.
Ҳижрий 1448 йил.
Робиъул-аввал ойининг 22-куни.
Милодий 2026 йил
4-сентябрь.
КУНЛАРНИНГ САЙЙИДИ - ЖУМЪА КУНИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!
ОЛАМЛАРГА РАҲМАТ ҚИЛИБ ЮБОРИЛГАН ЗОТ,
КОИНОТНИНГ САЙЙИДИ –
СЕВИКЛИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ
ҲАЗРАТИ МУҲАММАД МУСТАФО
(соллаллоҳу алайҳи ва саллам)
ТУҒИЛГАН ОЙ МУБОРАК БЎЛСИН!..
Ё Раббимиз! Ушбу кунни бизлар учун ва бутун дунё инсонлари учун хайрли қил!
Юртимизга ва дунёга доимий тинчликни ато эт!
@m_kenjabek| @xojagon_uz
•┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
2 833
#маснавийхонлик
Аллоҳга ҳижрат қилмоқнинг маъноси..."Шунда унга (Иброҳимга аввал жияни) Лут иймон келтирди. (Иброҳим) деди: «Мен Раббим (буюрган жой)га ҳижрат қилгувчиман. Шубҳасиз, У мутлақ ғолиб, ҳукм ва ҳикмат соҳибидир»" (Анкабут сураси, 26). Устоз Мирзо Кенжабек шарҳи. •┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈• @m_kenjabek | @xojagon_uz
