cookie

Sizning foydalanuvchi tajribangizni yaxshilash uchun cookie-lardan foydalanamiz. Barchasini qabul qiling», bosing, cookie-lardan foydalanilishiga rozilik bildirishingiz talab qilinadi.

avatar

Сўз ёлқини

Киши шаънига уни ноҳақ айблайдиган туҳмат сўз айтишдан эҳтиёт бўлинг. Чунки Қиёмат куни: «Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжатларингизни келтирингиз!» (Бақара сураси, 111 -оят) дейилганида, гапингизни исботлаб бера олмайсиз

Ko'proq ko'rsatish
Reklama postlari
316
Obunachilar
-524 soatlar
-97 kunlar
-930 kunlar

Ma'lumot yuklanmoqda...

Obunachilar o'sish tezligi

Ma'lumot yuklanmoqda...

Шубҳасиз, ҳаётнинг жумбоқлари мўл. Гап исмда ҳам эмас, бугун Пуанкаре ечилган бўлса, унинг ўрнида тахи бузилмаган янгилари саф-саф бўлиб турибди. Ҳаммага етади. Ортиб ҳам қолади. Инсон учун энг катта фожиа уларнинг биронтасини ечмай ўтиб кетишда… Ана, АҚШдаги Клэй институти «йиллар мобайнида ечимлари топилмаётган муҳим классик масалалар» сифатида эълон қилган ва ҳар бирига миллион доллардан мукофот ваъда этган еттита мингйиллик жумбоғининг кейингиси (P vs NP масаласининг мухтасаргина моҳияти бундай: агар бирон саволга ижобий жавобни тезликда текшириш имкони бўлса, бу саволга тезда жавоб топса бўладими?) ҳам ечилиши арафасида турганга ўхшайди. Лугансклик (Украина) профессор Анатолий Плотниковнинг нуфузли экспертлар текширувидан сўнг халқаро «Journal of computer science» илмий журналида эълон қилган мақоласи шундан шоҳидлик бераётгандай… Буларнинг ҳаммаси, ҳаммаси англашга уриниш эди, холос. Изтироблар эса энди бошланади. Зеро, юзага энг асосий савол қалқиб чиқди: «Мен-чи?.. Ўзим-чи?..» Бу саволга жавоб топишинг, уни ўзинг ўзингга тик қараб айта олишинг эса оғир, жуда оғир. Нафсиламрини айтганда, ана шу саволга жавоб излашнинг изтиробли жараёнида қоғозга тушди «Пуанкаре»…
Hammasini ko'rsatish...
👍 3 1
Шукрона айтсам арзийди: қисқагина умрим давомида адабий эътиқоди бут кўплаб шахсларга дуч келдим: айримлари билан мулоқот бахти насиб қилди, бошқаларини асарлари орқали кашф этдим. Мен уларни номма-ном санамоқчи эмасман, бу исмлар қалбимда абадий муҳрланган. Минг шукр. Аммо одамни танишда адашган пайтларим ҳам бўлди: ялтираган ҳар бир нарса олтин бўлиб чиқавермади. Ҳаёт-Пуанкаренинг оддий гипотезасини оёғини осмондан келтирган ҳолда адабий эътиқодини «ўттиз кумуш танга»га пуллаганлар ҳам учради. Бир қаламкашни билардим. У анча йиллар менга қалам тебратишда комилликка интилишнинг тирик намунаси­дай кўриниб юрди. Назаримда, у тез орада фавқулодда гўзал асар яратадигандек, ҳаммамизни ҳайрат бармоғини тишлашга мажбур этадигандек эди. Озгина қолганди гўё. Айниқса, бу одам бир куни тирикчиликнинг турли-туман ташвишларидан чарчаган аҳволда, бироқ кўзларида ўт чақнаган кўйи: «Ҳаммасини ташлаб адабиётга қайтаман», – деб қолганида у киши қолиб мен беш-олти ой чекка-чеккада ҳаяжонланиб юрдим. Мана энди устоз кўрсатади ҳақиқий адабиёт қанақа бўлишини. Мана энди янги асар нафақат бизни, балки бутун олам аҳлини ҳайратда қолдиради. Мана энди… Билиб қўй бизникиларни, дунё!.. Таассуфки, вақт ўтаверди. Бироқ ҳал қилувчи қадам қў­йилмади, эҳтимол, қирқ сандиқ сабаб-баҳоналар қалаштириб ташланди. Бу орада кўнгилни бошқача хоҳишлар кукуни қоплади. Бойлик макрига чидаш осон эмас-да. Аста-секин устоз ўзини таъминлаб турган касларнинг йўриғига юра бошлади, бора-бора эса «Яна топшириқ борми?» дегандай қўлини чаккасига тираб турадиган, улар нимани «оқ» деса, қўшилишиб «оқ» дейдиган, «қора» деса, жўровозда «қора» дейдиган бўлди. Бойлик кимларнинг пешона тери, юрак қони, салоҳияти, соғлиғи эвазига келяпти – булардан кўз юмилди, муҳими – узлуксиз оқиб келиб туриши. Ахир бозор бу, бозор… Бу одамнинг қориндан чиқариб ёзилган сўнгги икки асарини ўқидим ва кўз ёшларимни тийиб туролмадим: уларда адабиётдан бошқа ҳамма нарса бор эди… Ишонганим сизмидингиз?.. Эътиқод қўйганим сизмидингиз?.. Бу ҳол мени изтиробга солмайдими? Азобламайдими? Ахир Ҳаёт-Пуанкаренинг яна битта ўгити ўз исботини топ­мади, бир одам деярли мақсад манзилига етган жойида шартта йўлни чапга солди… Йиғла, кўнгил, йиғла… Ҳаёт-Пуанкаре айтади: «Бировнинг ҳақига хиёнат қилма… Устозингни отангдек ҳурмат қил…» Аммо… Саноқни узоқ давом эттиришим мумкин. Ҳеч кимдан ўпка-гина қилмаган ҳолда воқеликни қоғозга тушириш бу: биронтасига ақл бўлишдан Худонинг ўзи асрасин. Зеро, ҳар ким ўз қисматига ўзи хўжайин, танлаш ихтиёри ҳар кимнинг ўзида. Шу боис Ҳаёт-Пуанкаре айтади: «Бу дунёда ҳар биримиз ҳам қайсидир маънода Перельманмиз. Ҳаммамизнинг қалбимизда кашф этиш, яратиш иштиёқи ётади. Бироқ мўъжиза осмондан тушмайди, бир оний лаҳзада кашфиёт ҳам яратиб қўя олмаймиз. Ҳар қандай ўта оддий бўлиб кўринган янгилик замирида оғир меҳнат, билим, ҳаракат, ирода, сабр ва мақсад йўлида ҳаётни тикиш ётади. Бошқа ҳамма баҳоналар бекорчи гапдан ўзга нарса эмас. Сен инсонсан. Коинот сарварисан! Сенга буюк онг ато этилган. Сенга буюк қалб ато этилган. Сенга бемисл салоҳият ато этилган. Фойдалан улардан. Ўткинчи ҳой-ҳавасларга бир лаҳзага чалғидингми, унинг ортидан сени янада чалғитадиган иккинчи лаҳза етиб келади. Кейин учинчиси. Кейин тўртинчиси. Шу билан ҳаммаси барҳам топади…»
Hammasini ko'rsatish...
👍 1
Ҳаёт-Пуанкаре айтади: «Дўстликка содиқ бўл, ундан манфаат кутма». Бунинг нимаси тушуниксиз, нимаси мураккаб дерсиз? Аслида, ҳамма гап шунда: буюк соддалик ботинида инсон шуури, юрагини ларзага соладиган даражада қаттол шафқатсиз ҳақиқат пинҳон. Қани дўсти содиқ? Қани у жўмард инсон? Қани у ботқоқликдаги манфаат тушунчасидан қўл етмас даражада юксакликка кўтарилган туйғу?.. Бу дунёни ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди, ўз нуқтаи назари, ўз мезонлари, ўзининг яхши-ёмон, аччиқ-ширин ҳаётий тажрибаси, чиқарган кўламли-кўламсиз хулоса-сабоқларидан келиб чиқиб баҳолайди. Гарчанд биламиз: баҳо хусусий, аммо ундан ўзга воситани топиб бўлармиди?.. Қирқ йиллик дўстим хиёнат қилди, тўрт сўм илинжида мени сотди; бу ёғи ўз-ўзидан аён: бир марта бу ишга журъат этилдими, энди тўхташ маҳол, аксинча, жўрам энди мени эмас, ўзини тобора арзонроққа сотаверади, сотаверади. Гарчанд давраларда, ўзга таниш-билишлар, яқин-биродарлар олдида қучоқ очиб кўришади, аммо кўриб-сезиб тураман: у энди кўзимга тик қарай олмайди, нигоҳини олиб қочгани-қочган; балки, шу кўйга тушиб қолгани учун мени янада ёмон кўриб қолган, аммо на илож, жўрам энди шундай яшашга маҳкум, бу ёғи энди ўзи танлаган қисмат: арпа экиб, буғдой кутмайдилар; Ҳаёт-Пуанкаренинг ўта жўн гипотезасини жўрам исбот этолмади, қирқ йиллик саъй-ҳаракатдан сўнг манзилга етай-етай деган палла ортга чекинди, уни яхши яшашга халақит берадиган, аллақачон эскилик сарқитига айланиб улгурган тушунча деб ўзича ҳукм чиқарди, ўзича муҳр босди; ҳукм қатъийлиги, шикоятлар қабул қилинмаслигини ўзига ўзи писанда қилиб қўйди… Бу йўқотиш мени азоб-изтиробга солмайдими? Бу хиёнат мени аламларнинг тубсиз жарига ирғитмайдими? Ахир биз бир йиллик, икки йиллик, ҳатто ўн йиллик эмас, қирқ йиллик дўст эдик, бир майизни икки бўлиб еган пайтларимиз кўп бўлган, ёш, соф пайтларимизда биргалашиб не-не орзулар қилмаганмиз, аммо орадан йиллар ўтиб ақлимиз тўлишганидан сўнг йўлларимиз айри тушиши мумкинлиги етти ухлаб тушимизга кирмаган. Нега бундай бўлди? Қайдан бу сўқирлик? Қачон, қай дам қалбга бостириб кириб олган манфаат илинжи қолган бошқа барча туйғуларни сиқиб чиқарди? Энди шу ҳам яшашми? Кўзгуга боққани маҳал ўзига ўзи тик қарай олармикан жўрам? Ҳай, билмадимов… Ҳаёт-Пуанкаре айтади: «Эътиқодли бўл. Эътиқодингга хиёнат қилма». Зеро, ҳаётнинг асосини эътиқод ташкил этади. Эътиқодсиз турмуш умуртқа поғонаси чўрт синган мавжудотдай гап: у энди судралиб яшашга маҳкум. Назаримда, эътиқодлар ичида энг оғири адабий эътиқоддир. Илло, адабиётга содиқлик фидойиликни, ҳалоллик, имон поклиги, ростгўйлик, куюнчаклик, маълум маънода журъатни ҳам талаб қилади. Адабий эътиқод мустаҳкамлиги – халқнинг бахти. Чўлпоннинг буюк башоратомуз ҳикматини эслайлик: «Адабиёт яшаса – миллат яшар». Аксинча эмас. Зеро, миллат кун кўриши мумкин, аммо унда адабиёт яшамайди.
Hammasini ko'rsatish...
👍 1
Талаба уст-бошини қоққан бўлиб ўрнидан турди. Оғир уф тортиб соатига қараркан, сесканиб кетди. У ростдан ҳам кечикаётган эди. Илдам юриб эшик ёнига борган йигитча ногоҳ тўхтаб ортига ўгирилди. Домла қолдирган, чумоли изидек майда ҳарфларда турли формулалар ёзилган, график-диаграммалар чизилган қоғоз ерда ётарди. Оний сония давом этган мулоҳазадан сўнг талаба йўлидан қолмасликка қарор қилди ва учрашув хонасидан чиқди-кетди. Узун йўлак охиридаги қалин эшик тарақлаб очилди, беморни ичкарига олиб кириб кетишди. Домланинг изтиробли нидоси кимсасиз учрашув хонасидан тобора узоқлашаверди: – Худойим, мени ўттиз йил орқага қайтар… қайтар, Худойим… Ахийри сас ўчди… Муаллифнинг сўнгсўзи: ПУАНКАРЕ ёхуд англашга уриниш изтироблари …Бу дунёда ҳар кимнинг ўз Пуанкареси бор. Ҳар ким умри давомида унинг гипотезасини ечишга уринади. Гарчанд бу осон эмас. Шу боис ечимни топишга киришмасдан бурун ҳафсаласи пир бўлганлар, бошлашга бошлаб қўйиб, сўнг аро йўлда ортга қайтганлар, энг ёмони эса мақсадга етай-етай деганда ҳориб-чарчаб, тирикчилик аталмиш туганмас майда-чуйда ташвишларга алаҳсиган ҳолда шартта ҳаммасига қўл силтаганлару оний сониялар ичида «жон-жон» дея буткул ўзга тутумларнинг этагини тавоф қилишга ўтганлар қанчадан-қанча. Мақсад маёғи эса олисда, туман ортида сароб мисоли жимирлаб ўзига имлайверади. Ўнғайи уни инкор этиш, воз кечиш, «қандайдир тушуниксиз… мубҳам… хавфли… ечимсиз… қимматли вақтингни сўриб олади» қабилидаги дастакларни ўз-ўзингга эълон қилиш, элбурутдан бу ажримга иқрор бўлиш, зўр бериб маъқуллаш, неча-неча асрлик синовдан ўтган шу йўл билан онг-шууринг, қалбингни эгаллаб олган кўникишнинг совуқ кули орасида ожизона милтираб қолган виждоннинг чўғларига сув сепиш; кўзни юмиб олиб такрорлаш: «Йўқ у… йўқ…». Бу осон, жудаям осон. Фақат фавқулодда иродали инсонгина бундоқ қудратли оҳанрабога тортилиб, якранг издиҳомга қўшилиб кетмасликка, кўзларини йириб очиб бўлса ҳам воқеликни англашга уринишга ўзида куч топа олади ва яна ҳаммаси бошидан бошланади… Бани башар дунёга келиб, тирикликнинг сирли-сеҳрли, илоҳий тамаддун жараёни бошланибдики, ҳаёт аталмиш улуғ муаллим коинот сарвари бўлмиш ҳар бир одам олдига бир-биридан мураккаб, айни пайтда, кулгили даражада ўта жўн синоатлар гипотезасини қалаштириб ташлайди: истаганингни танлаб ол-у, қисқагина давом этадиган умринг давомида ўз ҳаётинг, кечажак кунларинг моҳият-мазмуни билан уни исботла, инсон бўлиб яша, инсон бўлиб қол. Шу маънода мен қайсидир маънода ҳаётнинг ўзини мутафаккир Пуанкаре деб биламан. Ҳаёт-Пуанкаре айтади: «Ҳалол яша». Ўта жўн, ўта ибтидоий тушунча, ҳатто исбот ҳам талаб қилиб ўтирмайдиган аксиома, шундай эмасми? Ахир икки карра иккининг ҳам, иккини иккига қўшишнинг ҳам йиғиндиси тўрт бўлиши барчага аён ва равшан-да. Аммо атрофга қаранг, мана шу Одам Ато замонидан қолган тамойилга амал қилиб яшаётган, унинг нақадар ҳаётийлиги, давомийлиги, боқийлигини исботлаб бераётганлар миқдори бошни айлантириб, кўнгилни ҳаприқтириб юборар даражада бемислми?
Hammasini ko'rsatish...
👍 1
IX Шифокор бежиз хавфсизлик масаласига алоҳида эътибор қаратмаган экан. Бемор учрашув хонасига бир эмас, икки бақувват санитар ҳамроҳлигида кириб келди. Аммо домлани бу сира ташвишлантирмаётганга ўхшарди. У шогирдини кўрган заҳоти яшнаб кетди, кўкрагига босиб олган, ийиғи чиқиб кетган портфелидан майда ҳарфларда нималардир ёзилган бир варақ қоғоз чиқарганча энтикиб-ҳовлиқиб гапира кетди: – Йигитча. Сиз ҳозир орзу қилиш ёшидасиз. Сизда математикага истеъдод бор. Шу истеъдоднинг сўниб қолишига нима қилманг? Ҳа, йўл қўйманг. Агар илм қиламан десангиз, қўлимдан келганча кўмаклашаман, кейин математика институтига олиб бораман, у ерда зўр-зўр каллалар бор. – Домла… – Лекин сизга айтмоқчи бўлган асосий гапим бу эмас. Асосий гапим шуки… – домла қўлидаги қоғозни ялов мисоли баланд кўтариб унга ишора қилган кўйи жўшқин оҳангда хитоб қилди. – Биз биргаликда мана буни ечамиз! Бу гипотеза Перельманнинг тушига ҳам нима қилмаган? Кирмаган. Бу сизга Пуанкаре эмас! Бу бутунлай бошқа масала. Буни Шарқ деб қўйибдилар… Талаба журъатсизроқ тарзда эътироз билдиришга уринди: – Домла… Аммо кўзлари илоҳий илҳомдан чақнаётган, ёноқлари ловуллаётган, вужуди дир-дир титраётган домла уни гапиргани қўймади: – Ишонаверинг, бу фан оламида катта шов-шув ясайдиган иш бўлади. Ечимни топсак, керак бўлса, Перельманнинг ўзи бизга нима қилади? Ҳа, ҳавас қилади. Мен нима деяпман? Перельман ким бўлибди, ҳаттоки… Соатига зимдан кўз ташлаб олган йигитча баттар тоқатсизланди ва бу гал сал кескинроқ оҳангда гапириб юборди: – Домла, узр, лекин мен сал шошиб тургандим. Ташқарида келинингиз кутиб турибди. Биз у билан… Домла устидан совуқ сув қуйилгандек бирдан ҳовуридан тушиб, сергак тортди, сўнг қўлидаги қоғозни узатаркан, шогирдига қандайдир чўчиброқ, эҳтиёткорлик билан мурожаат қилди: – Бу дастлабки босқичнинг натижалари, йигитча. Керакли адабиётларни ёзиб қўйганман. Уларни топиб келсангиз, бемалол иккинчи босқични бошлаб юбораверамиз. Талаба шошиб ўрнидан тура бошлади: – Хўп, хўп. Домла ногаҳон шогирди томон энгашди, шошиб, биров эшитиб қолишини истамагандек қизғинлик билан шивирлади: – Ҳаммаси, ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Баҳона қидирманг, сабабни маҳкам ушланг, орзуга интилишдан чўчиманг. Математика ва фақат математика. Бошқа ҳаммаси бекор… Ташқаридан қараганда бемор қайтиб жойига ўтириб қолган талаба устига ётиб олаётгандай эди. Ҳар қалай, нафақат йигитча, балки қўлларини чалкаштириб турган ҳушёр санитарлар ҳам шундай гумонга боришди, шекилли, бирдан беморга ёпишишди ва уни осонлик билан кўтариб олишганча ичкарига судраб кета бошлашди. Бир амаллаб қўлидаги қоғозни ваҳимадан афти қийшайиб кетган талаба томон отишга улгурган, сўнг, бу манзарани кўрмаслик учунми, нигоҳини оппоқ шифтга тиккан домла қуйилиб келаётган кўз ёшлари аралаш юракни ўртаб юборадиган даражада изтироб билан илтижо қилди: – Худойим! Мени ўттиз йил орқага қайтар, Худойим… Худойим, мени ўттиз йил орқага қайтар…
Hammasini ko'rsatish...
Шифокор пихиллаб кулди: – Тушунаман, тушунаман. Поезд кетиб бўлган денг… Тўйдан кейин хинани қаерга қўйиш кераклигини эса муҳтарам устозингиз жуда яхши билади, жуда яхши. Тўғрироғи, биларди… Хўп, келишдик, бу қўлёзмани таниш бир макулатурачига топшириб юборамиз. Ҳар қалай, жамиятга озроқ бўлса ҳам фойдаси тегади-ку. Ҳи-ҳи-ҳи. Туалет қоғози сифатида бўлса ҳам. Талаба қизаринқираб ерга қаради. Шифокор ишчан оҳангга ўтди: – Хўш, учрашасизми устозингиз билан? Талаба иккиланиб қолди: – Тўғриси, сал шошиб тургандим. Келинингизнинг… Шифокор кўрсаткич бармоғини кўтариб йигитчани гапдан тўхтатди: – Бунинг менга аҳамияти йўқ. Айтгандай, қовуннинг яхшиси кимга насиб қилишини эшитган чиқарсиз? Устозингиз ҳам хотинга ёлчиган экан лекин. Шукр қили-иб, борига қаноат қили-иб яшайвермайдими?! Бечора аёл кўзидан ёши дарёдай оқиб ҳар куни икки марта хабар олиб кетяпти. Тушгача бир марта, тушдан кейин бир марта. Садоқатни қаранг! Аммо устозингиз сизни сўрагани-сўраган. Айтишига қараганда… – у яна пихиллаб кулиб юборди, – айтишига қараганда, оламшумул кашфиёт арафасида эмиш. Бу масалада унга фақат сиз ёрдам бера олармишсиз. Ўзиям сизни нақ йигирма марта сўради. Талаба соатига кўз ташлаб қўйди: – Майли, ўн дақиқача вақтим бор. – Хавфсизлик масаласи юзасидан хавотирланаётган бўлсангиз сира ташвишга тушманг. Бу борада ҳамма чора-тадбирлар олдиндан ҳисобга олиб қўйилган.
Hammasini ko'rsatish...
VIII Қўлёзма шу ерда тугаганди. Талаба бир даста қоғозни стол устига қўйди, қаршисида ўзига диққат билан тикилиб турган шифокорга қараб тараддудланди, ноиложлигини билдираётгандай елка қисиб қўйди: – Очиғи, аниқ бир нарса деёлмайман. Шифокор бош ирғади: – Тушунаман, тушунаман. Талаба эҳтиёткорлик билан сўради: – Ўзи… ўзи яхшими? Шифокор ачинганини билдираётгандай хўрсиниб қўйди: – Бир соқолли одамнинг расмига қарагани-қараган. Талаба сумкасидан бир сурат олиб кўрсатди: – Шуми? Шифокор бош ирғаб тасдиқлади: – Худди ўзи. Талаба изоҳ берди: – Бу ўша Григорий Перельман. Пуанкаре гипотезасини исботлаб берган. Шифокор жонланиб қолди: – Эшитгандим. Айтгандай, унинг ўзига бериладиган миллион доллар мукофотдан воз кечгани ростми? – Рост. Шифокор кўрсаткич бармоғини чаккасига олиб бориб айлантирди: – Бизнинг мижоз экан-да. Талаба безовталанди: – Йўғ-э. Тўғри, у торгина икки хонали уйда, онаси билан камбағалгина яшайди. Битта маошга. Лекин… Шифокор ишонч билан бармоқ силкиди: – Тўппа-тўғри. У бизнинг мижоз. Ахир бу замонда қайси соғ одам миллион доллардан воз кечади? Шизофрениянинг шунақа формаси. Унга мания величия қўшилган бўлиши мумкин, – сўнг ичкарига ишора қилди. – Худди устозингиз каби. Талаба нимагадир тобора ўнғайсизланиб борарди. – Йўғ-э. – Бунақаларни кўравериб кўзим пишиб кетган, ука, менга ишонаверинг. Ташхисимга каллам билан жавоб бераман. – Лекин Перельман дунёдаги тирик даҳолар рўйхатининг тўққизинчи қаторида турибди-да! Шифокор ҳайрон бўлди: – Тўққизинчи? Нега биринчи эмас? – Билмадим. – Умуман олганда, бу ҳам менинг ташхисимни тасдиқлаяпти. Чунки даҳолик билан телбаликнинг ораси бир қадам, буларнинг орасида читтакка ўхшаб у шохдан бу шохга сак­раб юрганлари қанча!.. Айтгандай, мен барибир тушунмадим, ўша телба нега бир миллиондан воз кечганлигининг сабабини бундай одамга ўхшаб айтганми? – Айтган. «Мен энди коинотни бошқаришни биламан, шу ҳолимда миллион долларнинг орқасидан чопиб юраманми?!» – деган. Шифокор ишонч билан бош ирғади: – Супер шизик. Талаба шошаётганини билдирмоқчидай бир қўзғалиб қўйди. Шифокор қоғозларга ишора қилди: – Буларни нима қиламиз? Талаба иккиланиб қолди: – Билмасам. Шифокор қоғоз тахламинининг бир чеккасини ручкасининг учида кўтариб кўрди. - Бирон жойга ишлатиб юборайлик десак, қоғози қаттиқ. Бунинг устига, орқасига ҳам бир балолар ручкада ёзиб-чизиб ташланган экан. Талаба энг юқорида турган қоғозни олиб орқасига қаради: – Ҳа, бу ўша, домланинг Пуанкаре гипотезаси исботи бўйича қилган ишлари. Шифокор таъкидлаб сўради: – Энди булар бирон аҳамиятга эгами? Жавоб қисқа бўлди: – Йўқ.
Hammasini ko'rsatish...
Юрагим симиллаб оғриб кетди: дарҳақиқат, бошқа хотин бўлганида нима бўларди? Айтайлик… Йўқ, йўқ… Мен бу ўйни ҳайдаб солишга шошдим… Балодан нари… Ҳаёт шу зайлда давом этарди. Мен тегиб-қочиб ҳамон гипотеза исботи устида ишлардим. Иш тизимга қўйилмаганидан кейин одам чалғиркан. Устига-устак, аллақачон катта чилла муддати тугаганига қарамасдан, зийрак талабадан дарак йўқ эди. Гуруҳ раҳбаридан суриштирдим: куёвтўра аллақандай бош-охири йўқ маросимлару тадбирлардан бўшамаяпти экан. Аммо вақт топгандан чопиб келишга ваъда бериб юборипти. Шундай бўлишини билиб турган бўлсам-да, беҳад чарчаганим сабаблими, ўзимни босиб туролмай барибир жаҳлим чиқди, қаттиқроқ гапириб ҳам юбордим: «Ваъдасини бир жойига боссин…» Гап нимадалигини тушунмай турган бўлса-да, тили заҳаргина раҳбар ҳам қарз бўлиб қолмади, мени ўхшатиб тузлади: «Алам қилса, орқангизга қалампир қўйинг…» Шундай кунларнинг бирида… Шундай кунларнинг бирида… интернетга қарадим-у… кўзларимга ишонмадим… дарди дунёйим қоронғи бўлиб кетди. Санкт-Петербург шаҳрида яшайдиган, институтда катта илмий ходим бўлиб ишлаётган 41 ёшли Григорий Перельман деган математик Пуанкаренинг гипотезасини тўла-тўкис нима қилибди? Ҳа, исботлаб берибди-қў­йибди… «Science» журнали Пуанкаре теоремаси исботини «йил кашфиёти» деб эълон қилибди. Ўзимизнинг Сильвия – Зулфия Назар исбот муаллифини кўкларга кўтарган мақоласини чоп этишгаям улгурибди. Перельман бизнинг соҳада нуфузига кўра Нобель мукофотига тенг ҳисобланадиган халқаро «Филдс» медали билан тақдирланибди… Шоирлар алдайдилар. Нима эмиш, қандайдир бир мавзуни ёзмоқчи бўлиб юрсанг-у, уни сендан олдин кимдир қоғозга тушириб қўйса, бундан хурсанд бўлишинг керак экан. Бекор гап! Эҳтимол, адабиётда шундайдир, аммо аниқ фанларда эмас. Мен унақанги бағрикенг одам ҳам эмасман. Мен ичиқора одамман. Худо шоҳид, бу оламшумул янгиликни ўқиганимда бутун вужудимни ҳасад ва алам фасоди тўлдирди. Мен ўзимни тишлаб ташлагудай аҳволга тушдим: «Нега у? Нега у? Нега мен эмас?..» Ҳаёт мен учун ўз маъносини йўқотди. Аммо бу ҳали ҳолваси экан. Тез орада сайтда Перельманнинг гипотеза ечими ифодаланган мақолаларини эълон қилишди. Э Худо, бу нима деган гап? Менга яна қандай жазо­йинг бор? Қачонгача устимдан куласан? Ахир… ахир бу тўқсон тўққиз бутуну юздан тўқсон тўққиз фоиз менинг ечимим-ку!!! Ахир мен тўғри йўлдан борган эканман-ку. Сўнг­ги ноль бутун юздан бир фоиз иш қолган экан-ку! Бир ойгина, йўқ, йўқ, кўпи билан бир ҳафтагина қимирламай ўтириб илм қилганимдами, гипотезани ўзим исботлаган бўлардим. Агар зукко талаба ҳам ёнимга қўшилганида, эҳтимол, биргалашиб бу ишни янада тезроқ ниҳоясига етказардик… Ахир озгина қолган экан-ку… Озгинагина қолган экан-ку… Менга кўрсатган шунча жабринг каммиди, Яратганим? Нега мени шундай имкониятдан маҳрум этдинг? Нега оғзимдаги ошимни олдиришимга йўл қўйдинг?.. Нега? Нега ахир? Гарчанд биламан, бу сенинг айбинг эмас, бироқ нима қилай, ўзим ўзимни айблайми? Ўзим ўзимни жазолайми? Бу билишим менга азоб-изтиробдан ўзга нима олиб келади, нима?.. Худойим! Мени ўттиз йил орқага қайтар, Худойим… Худойим, мени ўттиз йил орқага қайтар…
Hammasini ko'rsatish...
VII Менда нимадир ўзгариш юз берган эди. Рафиқамнинг шунча таваллолари, йиғи-сиғи­ла­рига, ҳаттоки «Шу юришингиз бўлса, бир ойдан кейин оч қоламиз! Унда тўйни битимизни сотиб ўтказамизми?» қа­билидаги ваҳималарига қарамасдан қолган икки иш жойимга «адашган ходимнинг қайтиши» қиёфасида бош эгиб бормадим: ўзимни касалга солдим ва кўрпа-тўшак қи­либ ётиб олдим. Мен… мен уйдагилардан яшириниб ишлардим. Кўнглим ниманидир сезарди: гипотеза ечими яқиндай, жуда яқиндай. Мен бу сирли қасрга олиб кирадиган дарвоза ёнида бир шода калит кўтариб турардим гўё. Энди қулфга мос калитни топиб олсам бас эди. Мен яна бир нарсани сезардим: менга ёш ақл, тийрак тафаккурли биргина ёрдамчи керак эди. Албатта, «кичик чилла… катта чилла» деб юрган талабадан ҳозир, балки, кейин ҳам умид йўқ ҳисоби. Эҳтимоллар назариясига кўра, қўлимдаги калитларнинг ҳаммасида ҳам қулфни очиш имконияти мавжуд. Аммо бунга жуда кўп фурсат кетарди. Менда эса бу фурсатнинг ўзи йўқ. Орадан бир ҳафта ўтар, кўпи билан ўн кун ўтар, сўнг мен тўшагимдан туриш ва бошимни янада қуйироқ эгиб қўшимча юмуш излашга тушишга мажбур эдим. Бусиз мумкин эмас. Бусиз бўлмайди. Шусиз ҳам ваҳима морлари миясини еб бўлган, бўлғуси тўй харажатларидан бошқа нарса кўзига кўринмаётган рафиқам бундан ортиғига дош беролмайди. Ҳаш-паш дегунча ўн кун ўтди-кетди. Мен ҳамон эшик ёнида, калитларни бир-бир қулфга солиб кўрардим гўё. Менга вақт керак эди. Ҳеч бўлмаса яна ўн кунгина. Ҳеч бўлмаса яна бир ҳафтагина. Аммо бу вақтни қайдан оламан?.. Ишга чиқдим. Университетда омонат эдим. Ёшим олтмишга бориб қолди. Тез орада пенсияга чиқаман. Илмий унвоним эса йўқ. Демак, аввал ярим штатга туширишади, кейин юмшоқлик билан «ўз хоҳишимга кўра» ишдан бўшашни таклиф этишади. Рози бўлсам, эҳтимол, «узоқ йиллик самарали меҳнатим учун» фахрий ёрлиқ билан тақдирлашиб, зар чопон ҳам кийдиришар… Қўшимча иш ҳам топдим. Уйга ярим кечаси, ҳар қанча ҳориб-чарчаб қайтсам-да, жилла қурса, бир-икки соат гипотеза билан шуғулланишга ўзимда куч топишга ҳаракат қилардим. Аммо бу осон эмасди. Э воҳ, мен энди ёш эмасдим, қудратли вақт ўз таъсирини ўтказмоқда эди. Кўпинча қўлёзмаларимга бош қўйганча ухлаб қолардим-у, эрталаб умр йўлдошимнинг умидсиз хаста мисоли ваҳимага тўла зориллашидан сесканиб уйғониб кетардим: «… нима қиламан? …қандай яшайман?» Айёрлик қилмоқчи бўлдим: хотинимга йўлланма олиб бирон дам олиш уйида ҳордиқ чиқариб келишни таклиф этдим. Кўпи билан ўн икки кунга. Ҳам соғлиққа фойдали, бунинг устига, шунча йил яшаб бирон марта сайр-саёҳатга чиқмадинг, чет элга бормадинг, ҳатто шундоққина биқинимиздаги Чорвоқ денгизига ҳам бир марта қадам ранжида қилмадинг-а… Рафиқам менга аввал ажабланиб-шубҳаланиб, сўнг баайни довдир одамга қарагандай масхаралаб қаради ва айтдики… Хуллас, агар сал юмшоқроқ ибораларда ифодалайдиган бўлсак, шу пайтгача дам олмаган фидойи хотиним бундан кейин ҳам дам олишни хаёлига келтирмас экан, чунки унинг учун – мендек тепса тебранмас, лоқайд, дангаса эрдан фарқли равишда – болаларнинг бахти тўкис бўлиши муҳим экан, бу тўкислик эса эл қатори ўтказилган тўйда намоён бўларкан, шу сабабли ҳар бир сўм ҳисобда бўлган шу кунларда иккинчи марта бундай таклиф билан чиқишга журъат этмаслигим, ундан кўра кўпроқ пул топишни ўйлашим керак экан, зеро, оила аъзоларини таъминлаб қўйиш, болаларнинг тўйини ўтказиб бериш эрнинг биринчи вазифаси экан ва ҳоказо, ва ҳоказо (ҳа, бу хотин дам олиш-пам олишга бормайди, мабодо санатория-панаторияга обориб боғлаб қўйиб қўйиб қайтсам, арқонларни тишлаб-узиб, узолмаган тақдирда эса ҳаккалаб бўлса ҳам мендан бурун уйга етиб келади). Кейин эса яна эски пластинка айлана бошлади: «Агар сизга мен тегмаганимда ё ўзингизга ўхшаган довдир хотин йўлиқиб қолганида, ана ўшанда кўрардингиз нима бўлишини! Ҳалиям раҳмат денг, мен шу оилани бир амаллаб эплаб турибман. Агар бошқа хотин бўлганидами… агар бошқа хотин бўлганидами…»
Hammasini ko'rsatish...
Нима дердим? – Албатта. Албатта, тушунаман, – дедим. Йигитча яна ўзини оқлади: – Очиғи, тез тўй қилмасак, бахтимдан ажралиб қоламан. Хаёлим бошқа ёққа кетганди. Аммо навбатчи жумлаларни бир амаллаб тилга олдим: – Албатта, албатта. Шахсий бахт муҳим. Яна қисир ваъда янгради: – Тўйдан кейиноқ илмга астойдил киришаман… Куёв йигитнинг бўйнига ҳеч қачон амалга ошмайдиган мажбуриятни юклаб қўйишдан ўзимни тийдим: – Албатта. Фақат ҳеч бўлмаса кичик чиллангиз ўтиб олсин-да, йигитча. Талаба жонланиб қолди: – Сўраб билиб олдим. Кичик чилла йигирма кунда тугаркан. Ўшангача уйда бўлишим керак экан. Лекин ана ундан кейин кўрасиз, устоз, астойдил киришаман. Ўзи жуда қизиқ гипотеза экан. Беихтиёр тан олдим: – Қизиқ ҳам гапми, ҳикматнинг кони. Талаба тўйга яна бир бор таклиф қилишни унутмади: – Албатта келинг, домла. Кутамиз. Кичик чилла ўтиб олсин, кейин енг шимариб олиб ишга кирашамиз. Унгача гипотеза кутиб туради. Беихтиёр талабага «ялт» этиб қарадим. У беғубор кўзларини менга тикиб турарди. Афтидан, айтаётган гаплари ростлигига ўзи ишонарди. Бу сафар кўнглимдагини айтмасликнинг иложини қилолмадим: – Тарихнинг такрорланишини қаранг. Ҳар қалай, тараққиёт спиралсимон шаклда эканлиги рост, шекилли. Биласизми, барибир тараққиёт бор. Худди шу гапларни мен ўттиз йил бурун тўйим олдидан ўзим ўзимга айтгандим, ўзим ўзимни ишонтиргандим. Сиз бўлса менга овоз чиқариб айтяпсиз. Ўшанда менам Пуанкаре кутиб туради дегандим. Пуанкаре кутиб турди, албатта, роса кутди, сабр-тоқат билан ўттиз йил кутди. Лекин мен… Қарасам, бола бечоранинг кўзлари аланг-жаланг бўляпти. Дарров ўзимни тутиб олдим, овозимдаги титроқни ҳам яширишга муваффақ бўлдим: – Бахтли бўлинг. Тўйингизга эса, олдиндан очиқ айтиб қўяй, боролмайман. Бунинг учун узр. Очиғи, бугун сизга яна учта китоб бериб турмоқчийдим. Ўқишга ва уқишга. Лекин тўй ташвишлари билан экансиз. Албатта, ёқимли ташвишлар. Шунинг учун – мен портфелимдан ўтган куни иккинчи иш жойимдан олган маошимни чиқардим – ҳозирча китобларни қўйиб турайлик-да… Бу сизга. Оз бўлсаям кўп ўрнида нима қиласиз? Кўрасиз. Тўёна дегандай. Хурсанд бўлиб кетган йигитча пулни ҳатто номига бўлса ҳам бир марта қайтариб беришга уринмаганидан сездимки, бу борада муаммолари етарли. Бир кунлик шогирдим қайта-қайта раҳмат айтган кўйи чиқиб кетди. Дилимда ёмон бир оғриқ қолди: назаримда, пулни кўриб миннатдорчилик билдираётган пайти йигитча бошини сал пастга эггандек бўлди. Яна ким билади дейсиз. Балки, менга шундай туюлгандир. Ўзидан ҳадиги бор бировга шубҳаланиб қараши рост-да. Мен жойимга беҳол ўтириб қолдим. Ўтирдим, ўтирдим. Ногаҳон… ҳўнграб йиғлаб юбордим ва кўз ёшим аралаш Яратганга илтижо қилавердим, қилавердим: – Худойим! Мени ўттиз йил орқага қайтар, Худойим… Худойим, мени ўттиз йил орқага қайтар…
Hammasini ko'rsatish...