❗️Ўзбекистондаги никоҳ ўқиш тартиби тўғрими?
(Савол:) Одатда домла қиз билан йигитни ўтқизиб қўяди. Қиз томондан қизнинг дугоналаридан бири ёки келинойиси киради. Куёв томондан эса ўртоқлари ёки вакил-отаси киради. Кейин домла «Фалончининг қизи фалончихон, сиз фалончининг ўғли фалончига турмушга чиқишга розимисиз?» дейди. Кейин йигитга қараб «Фалончининг ўғли Фалончи, сиз Фалончининг қизи Фалончихонни тан маҳрамликка олишга розимисиз? Қабул қилдингизми?» деб сўрайди. Йигит «Қабул қилдим», дейди. Домла гувоҳларга «Эшитдингларми?» дейди ва никоҳ ўқийди. Никоҳни мана шу тарзда ўқиш шариатга мувофиқми?
(Устоз Юсуф Даврон ҳафизаҳуллоҳ): Бундай никоҳ валийсиз ўқилган никоҳ ҳисобланади. Кўпчилик қизнинг валийси (отаси)га билдирмасдан никоҳ ўқитадиган бўлса, ана шу валийсиз никоҳ бўлади, деб ўйлайди. Қизнинг уйида ўқилаётган никоҳ ҳам валийсиз никоҳ бўлиши мумкин. Чунки валий шарт дейилганда, ийжоб валийдан бўлиши керак. Яъни, «Қизимни Фалончига никоҳлаб бердим», деган сўзни валий айтиши керак. «Отасининг кўз ўнгида никоҳ ўқишади, отаси рози», дегани валий никоҳлаб қўйди дегани эмас. Қиз ўзини «бағишладим» дейиши ва йигитнинг «қабул қилдим» деб айтишида қиз ўзини ўзи никоҳлаган бўлиб қолади. Никоҳ валийнинг розилиги билан бўлса ҳам, бу кўринишда никоҳ ўқиш валийсиз никоҳ ҳисобланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расуллуллоҳ ﷺ дедилар:
لاَ تُزَوِّجُ الْمَرْأَةُ الْمَرْأَةَ وَلاَ تُزَوِّجُ الْمَرْأَةُ نَفْسَهَا فَإِنَّ الزَّانِيَةَ هِيَ الَّتِي تُزَوِّجُ نَفْسَهَا
«Аёл бошқа бир аёлни турмушга бермайди ва аёл ўзини ўзи никоҳламайди. Зеро, зинокор аёлгина ўзини ўзи турмушга беради». 📚Ибн Можжа:1882.
Бу ҳадисни Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ 📚«Булуғул маром»да, Аҳмад Шокир 📚«Умдатут тафсир» китобида, шайх Албоний 📚«Саҳиҳул жомеъ»да саҳиҳ санаганлар.
Санъоний раҳимаҳуллоҳ 📚«Субулус салом» китобида ёзади: «Бу ҳадисда аёл киши ўзини ҳам, бошқа бир аёлни ҳам никоҳлай олмаслигига далил бор. Аёл киши учун валийси рухсат берса ҳам, бермаса ҳам у ўзини ўзи никоҳлай олмайди ва бошқани ҳам никоҳлаб қўймайди. Бу жумҳур уламоларнинг сўзи».
Хотийб Ширбиний раҳимаҳуллоҳ 📚«Муғнил муҳтож» китобида ёзади: «Аёл валийси изн берса ҳам ўзини ўзи никоҳлай олмайди, чунки аёлдан ҳаё талаб қилинади».
📍Шунинг учун бизнинг диёрлардаги никоҳ ўқитиш тартибини иложи борича ўзгартириш керак. Никоҳга аёлнинг валийси кириши керак. Шариатга биноан никоҳ ўқилаётган мажлисга қизнинг киришига ҳожат йўқ, чунки қизнинг валийси, йигит ва иккита гувоҳ билан никоҳ ўқилади. Қизнинг валийси ўтган замон феълида «Қизимни никоҳлаб бердим», дейди, йигит: «Қабул қилдим» дейди. Мана шу билан никоҳ бўлади.
📍Агар келиннинг отаси никоҳда қатнашишдан уяладиган бўлса, бошқа бировни «Сенга ваколатимни бердим» деб вакил қилсин. Ҳатто бегона одамни вакил қилиши ҳам мумкин. Вакил «Фалончининг номидан Фалончининг қизини Фалончига никоҳлаб бердим», деб айтади. Йигит эса: «Қабул қилдим», дейди.
Никоҳингизга этибор беринг!