ҲИКОЯ
Ҳаво анча иссиқ. Шу сабабдан автобусда одам унчалик кўп эмасди. Кейинги бекатдан 35 ёшлар атрофидаги, башанг кийинган бир аёл автобусга чиқди. Иссиқликдан беҳузур бўлиб ўтиришга жой ахтарди. Аксига олиб ҳамма жойлар банд, фақат орқароқдаги ўриндиқларнинг бирида 14—15 ёш атрофидаги қизча маюсгина кўчани томоша қилиб кетарди. Аёл умид билан ўша томонга юрди. Лекин қизча жой беришни ҳаёлига ҳам келтирмасди. Автобус жуда имиллаб кейинги бекатга келди. Яна бир нечта одам чиққач, аёл баттар ўнғайсизлана бошлади. Ниҳоят, у чидолмасдан қаршисида ўтирган аёллардан бирига қизча эшитадиган қилиб: «Биз ёшлигимизда, автобусга ўзимиздан катталар чиққанида жой берардик. Ҳозирги ёшларга ҳайронман. Ота-онаси қанақа тарбия беришган экана» — дея қизчага назар солди. Қизча ярқ этиб аёлга қаради. Аёл ғолибона қизчага боқиб турарди. У айтган гапларидан мамнунлигини юзида акс эттирди. Қизча нима қиларини ҳам билмай, ерга қараб, жим бўлиб қолди. Сариқдан келганлиги боис қизариб кетганлиги яққол намоён бўлди. Лекин жойидан сира жилмади. Яна ойнадан ташқарига маюс термилиб ўтиришда давом этди.
Кейинги бекатда автобус тўхтагач, ёшроқ бир йигит шошиб чиқиб, қизчанинг ёнига келди. «Акажон» — дея қизча йиғлаб юборди. У кўз ёшларини ортиқ тиёлмади. Акаси уни кўтариб олди. Улар тушиб кетаётганида қизча «Қанийди ота-онам бўлганида...» — деди аламзада нигоҳини ҳалиги аёлга қадаб. Аёл уятдан жим бўлиб қолди. Энди уни табиий иссиқлик эмас, қандайдир ички ҳарорат куйдирарди. Деразадан ака синглисини ногиронлар аравачасига ўтқазаётганлиги кўриниб турарди...
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ҳаётда баъзан ташқи кўринишга қараб шошилиб баҳо бериб қўямиз. Шунингдек, тилимизни ҳам ножўя гаплардан тия олмаймиз. Айтаётган ноўрин гапимиз ёнимиздаги инсонга оғир ботиши ҳақида кеч тушуниб етамиз. Аслида динимиз биз инсонларни хушмуомалалик, ширинсуханлик, гўзал одоб ва ахлоққа чақиради. Бу борада сўз мулкининг султони Ҳазрати Мир Алишер Навоийнинг инсон кўнгли нозик хилқат эканлиги, қалбни ножўя сўзлар билан ранжитиш гўёки Каъбани вайрон қилишдек оғир гуноҳ эканлигини айтиб ўтган:
Кимки, бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.
Демак, биз инсонлар барча билан ширин ва хушмуомалада бўлайликки, бу билан икки дунё азизлигига эришишдек олий бахтга муяссар бўламиз. Зеро, Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: яъни,
«Кимга мулойимликдан насибаси берилган бўлса, ўшанга яхшиликдан насибаси берилибди. Ким мулойимлик насибасидан маҳрум бўлса, ўша яхшилик насибасидан маҳрум бўлибди. Қиёмат куни мўминнинг мезонида энг оғир тош босадиган нарса ҳусни хулқдир. Албатта, Аллоҳ фахшчи ва уятсизни ёмон кўради», дедилар.
"Мўътабар қиссалар ва ибратли ҳикоялар" китобидан.
https://t.me/joinchat/r2bswPSgL883NTcy