МОХОВ, КАЛ, КЎР
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шундай маҳрамат қилганликларини баён этади:
Бани Исроилдан уч киши бор эди. Улардан бири мохов, бири кўр, яна бири кал эди. Аллоҳ-таоло уларни имтиҳон этмоқ истади ва бир фариштани юборди.
Моховнинг олдига келган фаришта: “Энг кўп севган нарсанг нима?” ― деб сўради. Мохов: “Чиройли ранг ва чиройли тери ҳамда Аллоҳнинг мендан инсонларни жиркантирадиган бу моховлигимни кеткизишидир”, ― деди. Фаришта унинг қўлини силади ва мохов кишининг бу хасталиги кетиб, териси чиройли ранг касб этди. Фаришта: “Қайси жониворни кўпроқ яхши кўрасан?” ― деб сўради. Мохов: “Туя ёки сигир...” ― деб жавоб берди. Шундан сўнг, унга 10та урғочи туя берилди. Фаришта: “Аллоҳ буларни сенга муборак айласин!” ― деди.
Кейин ўша фаришта кал кишининг олдига келди ва: “Энг кўп севган нарсанг нима?” ― деб сўради. Кал: “Чиройли сочлар ва Аллоҳ-таолонинг мендан инсонларни жиркантирадиган бу касалликни кеткизиши”, ― дея жавоб берди. Фаришта унинг бошини силади ва у кишининг каллиги тузалди. Унга чиройли сочлар берилди. Фаришта: “Энг кўп севган жониворинг қайси?” ― деб сўради. Кал: “Сигир...” ― деди. Шу заҳоти унга бузоқлаш арафасида бўлган сигирлар берилди. Фаришта: “Аллоҳ сенга буларни муборак этсин!” ― деди.
Фаришта бундан сўнг кўр киши олдига келди ва: “Энг кўп нимани яхши кўрасан?” ― деб сўради. Кўр: “Аллоҳим кўзларимга шифо беришини, инсонларни кўришни”, ― дея жавоб берди. Фаришта қўллари билан унинг кўзларини силади ва Аллоҳ-таоло у кишининг кўзларини очди. Фаришда: “Энг кўп севган жониворинг қайсидир?” ― деб сўрагач, кўр: “Қўй...” ― деб жавоб берди. Унга қўзилайдиган қўйлар берилди.
Кейинчалик мохов ва калга берилган туя ҳамда сигирлар болалади, шунингдек, кўрнинг ҳам қўйлари кўпайди. Бирининг бир водий тўла туялари, бошқасининг бир сурув сигирлари, бошқа бировининг эса бир водийга сиғмас қўйлари бўлди.
Орадан бир қанча вақтлар ўтгач, фаришта моховнинг олдига унинг эски кўринишида келиб: “Мен бир фақир кишиман. Тоғу тошлардан ошиб келдим. Бу кун Аллоҳдан бошқа мададкорим йўқдир. Аввал Худо, кейин сендан... Сенга бу чиройли рангни, чиройли терини ва бунча молни берган Зот ҳаққи-ҳурмати менга мусофирлигим давомида фойдаланишим учун бир туя беришингни истайман”, ― деди. Мохов: “Нархлари қиммат!” ― деди ва ҳеч нарса бермади. Шу пайт фаришта унга: “Кўзимга таниш кўриняпсан, сен инсонлар ундан нафрат этган мохов киши эмасмидинг? Кейин Аллоҳ-таоло сенга бу неъматларни эҳсон этмаганмиди?” ― деди. Мохов: “Йўқ! Бу мол менга аждодимдан мерос қолган!” ― деди. Фаришта: “Қара, агар ёлғон гапираётган бўлсанг, Аллоҳ сени эски ҳолингга қайтарсин!” ― дея дуойибад қилди. Чиндан ҳам, мохов илгариги жирканч ва қашшоқ ҳолига қайтди.
Фаришта кейин калнинг олдига унинг илгариги кўринишида келди. Унга ҳам моховга айтганларини айнан такрорлади. Кал ҳам айнан мохов каби жавоблар қайтарди ва у ҳам ҳеч нарса бермади. Фаришта ҳам яна: “Агар ёлғон гапираётган бўлсанг, Аллоҳ сени эски ҳолингга қайтарсин!” ― дея дуойибад этди ва у киши ҳам илгариги кал ҳолига, камбағал ҳолатига қайтди.
Бундан сўнг фаришта кўрнинг олдига унинг илгариги кўринишида келди ва: “Мен бир муҳтож кишиман, мусофирман. Йўл юриб, тоғ-тошлардан ошдим. Бугун Аллоҳдан бўлак мададкорим йўқ. Аввал Худо, сўнгра сендан... Кўзларингни очган Зот ҳаққи-ҳурмати мусофирлигим давомида фойдаланишим учун бир қўй беришингни истайман”, ― деди. Илгари кўр бўлган киши: “Мен авваллари кўр эдим. Аллоҳ кўзларимни очди. Булардан ўзингга тилаганингни ол, бошқасини қолдир, ― дея жавоб берди, ― Аллоҳ учун истаган нарсангни бериш борасида, Аллоҳга қасамки, сенга бирор муаммо чиқармайман”. Шунда фаришта: “Молинг ўзингга буюрсин! Уччовингиз ҳам илоҳий имтиҳонга дуч келдингиз. Аллоҳ-таоло сендан рози бўлди! Фақат икки дўстинг ― мохов ва калдан рози бўлмай, уларни жазолади”, ― деди.
Kanalimizga ulanishni unutmang⬇️⬇️⬇️
@Habibim_muhammad_official