Турли хил ривоятчи бизнес тренерларга алданиб қолманг. Тадбиркорлик ҳақида билим олишнинг арзон ва осон йўли китоблардир. Қуйида тадбиркорлик ҳақида ўзбек тилида чоп этилган
10та бестселлер китоб рўйхатини тақдим этаман:
1. Стивен Р. Кови — Муваффақиятли инсонларнинг 7 кўникмаси
Китоб инсонда ўз қадриятлари тўғрилаб олиш, тўғри бизнес яратиш учун энг муҳимлардан бири ҳисобланади. 38 хил тилда, 40 миллиондан ортиқ нусхада чоп этилган. “Time” журнали энг муҳим бизнес китоблар сафида эътироф этган.
2. Жон Г. Миллер: СОС! Савол ортидаги савол.
Ютуқларнинг асоси жавобгарликни, масъулиятни ўз бўйнига олиб ҳаракат қилишдан бошланади. Шахсий жавобгарлик ҳақида АҚШлик консультант Жон Г. Миллердан ажойиб китоб. Айниқса, боқимандалик кайфиятидан ва дангасаликдан қочиш учун тавсия қилинади.
3. Йона Бергер: Юқумлилик. Маҳсулот ва ғоялар қандай оммалашади.
ХХI асрда маркетингнинг бизнес учун аҳамияти ҳар доимгидан муҳим. Лекин, маҳсулотни танитиш учун Cоca Cola ёки Аpple каби миллиардлаб доллар сарфлаш шарт эмас. Йона Бергер харажатсиз қандай қилиб маҳсулот ва ғояларни оммалаштириш бўйича тавсия беради.
4. Брайан Трейси: Самарадорликнинг 21 йўли.
Тадбиркорлик катта ҳажмдаги иш, пул ва кадрларга жавобгарликдир. Доимий шошиб юриш, вақт етишмовчилиги асосий муаммолардан биридир. Брайан Трейси тайм-менежмент бўйича ўз тавсияларини беради. Самарадорликни ошириш учун ажойиб китоб.
5. Уолтер Айзексон: Стив Жобс
Бизнес тарихида энг муваффақиятли инсонлардан бири ҳақида энг зўр китоб. Сиз қандай қилиб ота-онадан етим қолган бола гаражда дунёнинг энг катта компаниясига асос солганига гувоҳ бўласиз. Мижозлар севадиган маҳсулот яратиш, муваффақият ва қоқилишлар, характердаги муаммолар, Стив Жобс ҳақида ҳаммаси очиқчасига ёзилган.
6. Ҳенри Форд: Менинг ҳаётим
Бошқа бир буюк тадбиркор Ҳенри Форд ўз китобида ҳаёт йӯли, фикрлари, қандай қилиб инновациялар қилганлиги, ижтимоий адолат яратиш мезонлари, бизнеснинг жамиятга фойдаси ҳақида ёзади.
7. Тони Шей: Бахт етказиш. Миллиард долларлик интернет-дўкон тарихи.
Интернет орқали оёқ кийим сотишдан бошланган стартап хизмат кўрсатиш соҳасида дунёнинг энг инновацион компанияларидан бирига айланиши, уни Амазонга 1.2 миллиард долларга сотилиши ҳақида қизиқарли тарих. Китобда корпоратив маданият, хизмат сифатини ошириш, ходимларни бошқариш, стартап яратиш ҳақида бебаҳо маълумотларни оласиз. Янги замон бизнеслари учун ўқиш шарт бўлган китоб.
8. Малкольм Гладуэлл: Зукколар ва ландавурлар.
Тадбиркор Алишер Исаев ҳаётини ўзгартирган китоб сифатида эътироф этган асар. Китобда кўплаб муваффақиятли инсонлар, тадбиркорлар, спортчилар, олимлар ва адвокатлар ҳаётлари таҳлили асосида муваффақиятнинг биз кўрмаган қонунлари очиб берилади. Ҳар бир ёш ўқиши шарт бўлган китоб.
9. Кэл Ньюпорт : Диққат. Чалғитувчи дунёда муваффақият сирлари.
Бугун ижтимоий тармоқлар, турли хил интерактив хизматлар бизни ҳаётдаги асосий мақсаддан чалғитмоқда. Биз умримизни асосан ўзимиз билмасдан энг муҳим бўлмаган нарсаларга сарфлаяпмиз. ХХI асрда муваффақият диққатини жамлаб чалғимасдан ҳаракат қилганлар қўлида эканлиги АҚШлик профессор томонидан таҳлил қилинган.
10. В.Чан Ким, Рене Моборн: Мовий уммон стратегияси.
Бозорда рақобат кундан-кунга кучаймоқда. Бу савдога, бизнес ривожига қийинчиликлар яратади. АҚШлик профессорлар рақобатлардан ҳоли бозор яратиш ва унда ўз маҳсулотини сотиш бўйича ажойиб тавсияларни беришади. Тажрибали тадбиркорлар ўқиши шарт бўлган китоб.
Юқоридаги ҳар бир китоб ўз соҳасида миллионлаб сўмга тренинг сотаётган қўштирноқ ичидаги бизнес тренерлардан кўпроқ маълумот беролади. Янада яхшиси, ушбу 10та китобни ўқиб тугатсангиз, бизнес бўйича назарий ва амалий энг фойдали билимларга эга бўласиз.
Алданиб қолманг, миллионлаб пулларни ва умрингизни умрида битта бизнес юритолмаган инсонларга сарфламанг. Шунчаки кунига 30-40 бетдан китоб ўқишингиз бизнес ҳақида асосий билимларни олишингизга етарли бўлади.
© Тажрибали тадбиркор, Asaxiy Uz асосчиси Фируз Аллаев
@allaevuzb