Бошқоронғи бўлганимни эшитиб, эрим бироз илиқ муносабатда бўла бошлади. Бирокқ бу янгиликни эшитган аждаҳо опаларимиз боладан қутулиш йўлларини ўйлашди. Шундай кунларнинг бирида уларнинг гапини эшитиб қолдим.
— Чойига қўшиб қўй, тез таъсир қиларкан, — деди катта қайнопам.
— Аниқми? — деди кичиги.
— Кампир айтди, шу чойни ичса, боласи тушиши аниқ экан.
Қўрқиб кетдим. Мен нима ёмонлик қилдим ахир? Қорнимдаги ҳам бегонамас, жигарининг зурриёди-ку… Шу қадар ҳам тубан аёллар бўладими?
Уларнинг режасидан бохабар бўлганим учун қайнопаларим берган чойни ёлғондан уйга олиб кириб кетган бўлдим-у, ҳаммасини деразадан ташқарига тўкиб юбордим. Икки кун давомида бири қўйиб, бири: «Яхшимисиз, Муаттар? Ҳеч қаерингиз оғримаяптими?» деб сўрашди. «Йўқ, яхшиман», дедим. Улар бир-бирига саволомуз қараб қўйишарди. Хуллас, болам туғилгунча ўз эҳтиётимни қилиб юрдим.
Худога шукр, ой-куним етиб, паҳлавондек ўғилли бўлдим. Эримнинг қувончи чексиз эди. Ўғлини еру кўкка ишонмасди. Қайнотам ҳам набира билан андармон бўлиб қолди. Бироқ боламнинг аммалари ўз ниятидан кечай демасди. Рисолат опам келиб, эримга: «Онам бўлганида бизни чиройли кутиб оларди. Манави хотининг на чой қўяди, на овқат қилади. Эсизгина, ўз ота уйимизга ҳам сиғмаймиз», деб ёлғондан бизни уриштирарди. Табиийки, менга кўнгли йўқ эрим опаларининг гапига кириб, роса калтакларди. Боламни бағримга босганча, унсиз йиғлардим. Аммо на опаларимга, на ота-онам ёки акамга дардимни айтолмасдим. Худодан фақат ва фақат сабр тилаб яшардим.
Иккинчи болам — қизим туғилганда, қайнотамнинг аҳволи оғирлашди. Бир куни у мени ёнига чорлаб:
— Муаттар, қизим, биламан, сизга қийин. Бир тарафдан ўғлим азобласа, иккинчи томондан қизларим тинч қўйишмайди. Аммо сиз бардошли бўлинг. Вақти келиб, улар ўз хатосини тушунишади. Мен ўлгач, оилангизнинг бузилишига йўл қўйманг. Нима бўлса ҳам чиданг, жон болам, — деди ёшли кўзларини артаркан.
— Бундай гапларни айтманг, дадажон. Ҳали кўп яшайсиз. Раҳимжоннинг тўйини кўрасиз, — дея тасалли бердим у кишига.
Аммо инсон кўнгли сезаркан. Орадан икки кун ўтиб, қайнотам бандаликни бажо келтирди. Қайнопаларим: «Отамга яхши қарамадинг!» деб айюҳаннос солишди. Уларнинг туҳматига, таъна-маломатига ҳам индамай бош тутиб бердим. Ўзга чорам ҳам йўқ эди. Бу гаплар кўчага овоза бўлганида опаларим аҳволим қай даражада эканини билишди. Бироқ мен ҳеч кимга нолимай яшашда давом этдим. Орадан йиллар ўтди. Ўғлим 12 га, қизим 10 га кирди. Бу орада ота-онам ҳам вафот этишди.
Бир куни қорнимдаги қаттиқ оғриқдан йиқилиб тушдим. Аксига олиб эрим ҳам ишга кетганди. Аранг ўрнимдан туриб, акамга қўнғироқ қилдим. «Тез ёрдам» билан етиб келган акам мени шифохонага етказди. Кўричак бўлган эканман. Дарҳол операция қилишди. Шифокорлар рухсат бергач, акам ота ҳовлимга олиб кетди.
— Бир муддат дам олиб, ўзингга кел. Борасан, ўша уйингга, — деди қатъий оҳангда.
— Болаларим-чи? — ўтинч билан тикилдим акамга.
— Уларни ўзим олиб келаман, — деганча акам чиқиб кетди.
Бироқ қайнопаларим: «Нега бизга айтмай операция қилдирдинглар», деб акам билан жанжаллашишибди. Болаларимни ҳам кўрсатишмабди. «Бола керак бўлса, ўзи келсин», дейишибди.
Асабий тарзда келган акам:
— Улар аждарҳонинг ўзи экан-ку, синглим. Шунча йилдан буён қандай қилиб яшаяпсан? — деди. — Шу ерда турасан. Болаларинг соғинишса, ўзи келишади.
Шу тариқа акамнинг уйида беш ой яшадим. Болаларим мактабга боришганида яширинча кириб кетишарди. Улар ҳам аммаларидан қўрқишарди. Эрим беш ойдан сўнг келди. Акам билан гаплашгач, келиб мени уйга олиб кетди.
Йиллар ўтиб борарди. Катта қайнопам қиз узатди. Бу дунё қайтар дунё, дегани рост экан. Қизи қайнопалари билан уришиб, уйига қайтиб келгач, у ўз хатосини тушунди. Келиб мендан узр сўради.
— Муаттар, мени кечиринг. Сизга қилган ёмонликларим ўзимга қайтди, — деди Рисолат опам.