СИЗ ЎГАЙ ЭМАССИЗ, ОНАЖОН...
- Энди-и-и, сенга тушунтиришнинг ҳожат йўқ, Ойжамол, акамга жуфт топишимиз керак. Бу ёшда маҳрамсиз қолиш эркак кишига оғир. Акамни уйлантиришимиз керак. Ака-опаларингга маслаҳат солдик. Сениям олдингдан ўтайлик, дегандик…- Ойжамол аммаларининг тасодифий ташрифидан ҳайрон бўлганди, «гап буёқда экан-да» деб чимирилди. Унинг авзойидаги ўзгаришни сезган Сулувой аммаси ранжиганнамо давом этди:
- Бизни эшитяпсанми, Ойжамол? Боядан бери чойни ўн марта қайтардингов, совуб ҳам кетгандир. Биз сендан рухсат сўраб келмадик. Раҳматли янгамнинг юз-хотири бир оғиз маслаҳат солишни маъқул кўрдик. Балки сен ҳам буни ўйлаётгандирсан? Ахир даданг бир йилдан бери ёлғизликда қийналиб кетдилар. Қиз фарзанд, келинларнинг ўрни, хизмати ўз йўлига, эркак киши кексайганида ёлғиз қолиши қийин бўлади…
Ойжамол ичидан зил кетди: «Мен дадамни уйлантиришни ўйлабманми? Онамнинг ўрнига бегона аёл келишини мўлжаллабманми? Аммам ҳам ғалати-да. Онам кириб - чиқиб, саранжом-саришта қилиб юрган ҳовлига бегона хотин эга чиқишини қайси кўз билан кўраман?!» Ҳўнграб юборди. Узоқ йиғлади ва секингина «ўзларинг биласизлар» деб қўйди. Шу бўйи суҳбат мавзуи аммалар томонидан мажбурият юзасидан ўзгартирилди ва ош сузилиб, дастурхонга фотиҳа ўқилгунича Абдухолик отанинг уйланиши ҳақида гап очилмади. Меҳмонлар қайтишга чоғланиб, хайрлашиш палласида катта амма Солиҳа опа ерга тикилган куйи:
- Қўшни маҳаллалик Шодивой отанинг ката қизи эри билан ўн йил яшаб, фарзанд кўрмагани учун турмуши бузилган экан. Саккиз йилдан бери ота уйида экан, «турмуш қилмайман, фарзанд кўрмасам менга эрнинг нима кераги бор» деб тарки дунё қилган экан, бояқиш. Ўртага одам қўйиб юрмай тўғри ўзим бориб гаплашдим. Бефарзанд аёл бор меҳрини акамга беради, деб ўшандан бошқага кўнглим чопмади. Хуллас, кўндирдим. Кейинги чоршанба кичкина йиғин қилиб, ўша аёлни олиб келамиз. Сен ҳам бор. Ақл билан иш тут, қиз, Худо раҳмат қилгур янгамни ҳаммамиз яхши кўрардик, аммо Аллоҳнинг иродаси шу экан, қўлимиздан нима ҳам келарди? Энди охиратлари обод бўлсин, акамнинг қийналиб юрганларини кўриб янгамнинг ҳам руҳлари нотинч бўлади, Худо асрасин…
Ойжамол «ишни пишитиб, ҳаммасини ҳал қилиб кейин менга маслаҳат солибсизларда?! Йиғинларингни ҳам менсиз ўтказаверинглар» деб аммасини узиб олиш учун энди оғиз жуфтлаганди, қайнонаси «жим» дегандек ишора қилди ва гапни улаб кетди:
- Яхши қилибсизлар, айланай, эгачи. Қудамнинг ёлғиз ўзларини ташлаб қўйиш Худога ҳам хуш келмайди-да. Ҳар кимнинг ўз ўрни бор. Мана Худога шукр, келинларим бирам ақлли, меҳрибон, бобоси иккимизнинг иссиқ-совуғимиздан доим бохабар. Лекин остона ҳатлаб бир зумга кўчага чиқсам бобоси мени излаб қоладилар. Шунақа, кексайганда одам фақат жуфтига боғланиб қоларкан, айланай…
Ойжамол дастурхонни йиғиштираётиб ўзига нимадир дейишга чоғланаётган қайнонасига қаради:
- Ойижон, менга ҳам осон эмас-да, ахир. Кенжа фарзандман, раҳматли онамга қанчалик боғланиб қолганимни ўзингиз яхши биласиз. Янги келинлик пайтларим эсингиздами, «сиз кенжасиз, меҳрингиз, ўрнингиз бошқача, тез-тез бориб туришингиз керак, онангиз соғиниб қоладилар» деб жума оқшоми жўнатиб юборардингиз, якшанба куни тушдан сўнг ўғлингиз бориб олиб қайтардилар. Мен онамнинг ўринларида бегона аёлни…
- Қўйинг, келинпошша, энди бу масалага нуқта қўяйлик!- Ойжамолнинг гапини бўлди қайнонаси.- Эшитдингиз, ҳаммаси ҳал бўлган экан. Сизга тушунтиришди, гапга тушунмайдиган ғалча, бефаросат эмассиз, Худога шукр. Ҳамма нарсага тушуниб турибсиз, дадангиз онангиздан ажрашиб бошқага уйланмаяптилар. Айтилди сизга, Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси, энди оғирроқ бўлинг, келин…
Ойжамол дардини ичга ютди. Тўғри, онаси раҳматли тириклигида дадасининг уст-боши топ-тоза, ойдай юрарди. Онаси вафот этганидан бери Ойжамол ҳар гал дадасидан хабар олгани борганида янгаларидан оғриниб қайтади. Бир сафар дадаси ёнбошлаб ётган ёстиқ жилди сал доғ теккан экан, Ойжамол янгаларига жаҳл қилди:
- Дадамга қараяпсизларми, янга? Бу нима аҳвол? Кўрпа-ёстиқларига қараб бўлмайди-ку!
Давоми 18:15 га