“Кичкина малика”.
Тирикчилик қурсин, олти ойга деб келиб, баъзан бир йил, баъзан икки йил қолиб кетаман. Бутунлай қолиб, Россия фуқароси бўлиб кетган қишлоқдошларим ҳам оз эмас.
Бир сафар қишлоққа борганимда отам янада қариб қолганини кўраман. Бир борганимда аёлимнинг сочига оқ оралаганини кўраман. Бир борганимда олдинги сафар кўрган одамларимни кўрмайман...
Энг ёмони, болаларимиз бизни кўрмай, дийдоримизга тўймай катта бўлишаяпти. Кичкиналари борганимизда танимай қолишлари бошқаларга кулгули, менинг эса дилимни кемиради...
Мана, яна бир йил Москвада қолиб кетдим. Ўтган сафар икки йил ишлаб, кейин қишлоққа қайтгандим. Келишимда олти ойлик чақалоқ бўлган кичкина қизчам салкам уч ёшга етган, бурро-бурро гапирадиган, тили ширин қизча бўлибди. Ҳалигача унинг мени танимай қолганини гоҳ кулиб, гоҳ ўзимдан ранжиб эслайман.
Ярим кечаси уйга кириб бордим. Келишимни кутиб-кутиб ухлаб қолган ўғлим ва катта қизларим эшикдан киришим билан уйқудан тура солиб, бўйнимга осилишди. Кўзларда ёш билан дийдорлашдик, ахир икки йилдан ортиқ кўришмагандик-да.
Дадам қачон келади, дея кутиб-кутиб, ухлаб қолган кичкина қизимни ҳам уйғотдик.
– Дада келди, тур! – дея опаси турткилаб уйғотгач, жойидан ирғиб турган қизчам “дада-дада”лаб чор тарафга аланглайди-ю, ёнидаги менга қарамайди.
Ахир қизчам дадаси мен эканлигимни қайдан билсин, фақат расмимни кўрган ва телефонда овозимни эшитган бўлса?
– Кел, қизим, менман даданг, – дедим-у, уни бағримга босдим.
Аввал бегонасираб қараб турди, кейин бақириб йиғлаб юборди. Типирчилаб қўлимдан чиқиб, аясига осилди. Қўли билан мени кўрсатиб:
Хуллас, берилган совғалар, ўйинчоқлар, ширинликлар билан ҳам дада дея тан олинмадим. Кўзи менга тушса тамом, йиғлайди, кет дейди. Опалари ва акаси дам-бадам мени қучиб, “Ўзимнинг дадам”, дея эркаланса, “бу бегона одамга бунча осилишмаса”, дегандай уларга ҳайрон-ҳайрон қарайди.
Орадан уч-тўрт кун ўтди. Ҳали-ҳамон менинг дада эканимни тан олмади, менинг шу ҳовлида юришимга ўрганмади. Нуқул менга бегонасираб қарайди. Дада деб тассаввур қилиб юрган одами бу сочларига оқ тушган кап-катта одам бўлиб чиқишига кўна олмаяпти. Эркалай, ўйнатай дейман, яхши гапираман, аммо ёнига яқин борсам, дод солиб, кет деб йиғлайди.
Бир ҳафта ўтгач, қизим энди-энди, аста-секин менинг ҳеч қаерга кетмаслигимга, мен шу уйнинг эгаси, уларнинг дадаси эканимга кўника бошлади, аммо ҳали ҳам мени дада демас, бирор нима сўрамоқчи бўлса, эй, дерди. Мени сенлаб гапирарди.
Ҳовлимиздаги бодом соясида ўтирибмиз. Акаси ва опаси ёнимда. Акаси ерга тушган бодом доначаларидан олиб, бир қўлига яширади. Кейин менга қўлларини тутиб:
– Дада, топинг-чи, қайси қўлимда? – дейди.
Билсам-да, атай топа олмайман.
– Топа олмадингиз, бу қўлимда эди, – дея хурсанд бўлиб сакрайди ўғлим.
Кейин опаси шундай қилади. Унинг ҳам яширганини тополмайман. У ҳам шодон қийқиради. Акаси ва опасининг бу завқланишларини кичик қизим сал нарида ҳавас билан кузатиб турибди, аммо яқин келмайди. Ҳурпайиб тураверади. Ўйин роса қизиганини кўриб, секин-аста бизларга яқин келди.
Ўғлим яна қўлига бодом яшириб:
– Дада-дада, энди топинг-чи, қайси қўлимда? – деди.
Ниҳоят, кичкина қизим ҳам битта бодом доначасини қўлига олди. Ҳар бир ҳаракатини кўзимнинг ости билан кузатиб турибман. Бодомни қўлига яширди-да, секин менга яқинлашди. Атайлаб бошқа тарафга қараб турдим.
– Эй, эй, қайси қўлимда, топ-чи?
Бирам тили ширин, эркалаб бағримга босгим келаяпти-ю, аммо эшитмаган киши бўлиб, тескари қараб туравердим.
– Эй, қайси қўлимда деяпман сенга, – дея жажжи қўлчаларини юзимга яқин олиб келди.
Яна қарамайман. Саккиз ёшли опаси қўлини тутиб:
– Дада-дада, қайси қўлимда, топинг-чи? – дейди.
– Мана бу қўлингда, – дея унга дарров жавоб бераман ва сочини силаб, пешонасидан ўпиб, уни эркалайман: – Асал қизим, ўзимнинг қизим.
Ўғлимни ҳам эркалайман, “ўзимнинг ўғлим”, деб мақтайман. Кичкина қизимга атай қарамайман. Қани, нима қиларкан?......
Давоми 18:15 да