💥УМРНИНГ УЧ ФАСЛИ. (Қисса) 3-қисм
Гр:🔥Ҳикоя ва қиссалар 🔥
Хотинининг сўнгги гаплари Турсунбойни ғазаблантириб юборди.
– Ўчир овозингни, ҳозир бола-моланг билан тоғангникига обориб ташлайман!
– Тоғам қамчисидан қон томадиган одам, тоғамга рўпара бўлишга сизда юрак борми?
Турсунбой югуриб келиб Райҳонбибининг юзига тарсаки солди.
– Мана сенга юрак! Мана сенга тоғангнинг қамчиси!
Муродилла қўрққанидан чинқириб йиғлаб юборди. Райҳонбиби ўғлини бағрига босганча келинлик уйига кириб кетди. Энди болани бешикка боғлаб, кўкрак тутган ҳам эдики, орқасидан эри кириб келиб бешикни даст кўтариб чиқиб кетди. Гўдак яна чирқираб йиғлади. Аёл эрининг орқасидан ҳовли этагидаги қайнонасининг ҳужрасига югурди. Эри дўқ этиб қўйган бешикка энгашиб, болага яна кўкрак тутди. Райҳонбиби шу куни туз тотмади. Шу куни Муродилланинг ҳам йиғлоқилиги тутди. Чирқираб йиғлайверган бола ярим кечага бориб овунди. Райҳонбибининг кўзи бешикка бош қўйиб ўтирганча илинди. Тушида қандайдир дарахтзор оралаб қочиб боряпти. Ортидан итлар галаси югуради. Баъзилари етиб келиб ташланишади. Олишув тенгсиз бўлишига қарамасдан ҳайвонларга зарб қайтаради, бирининг оғзини йиртади, бошқасини бўғиб ташлайди. У ҳимояланган сайин итлар баттар ташланишади. Устига устак қандайдир қора қушлар чағиллаб бошида гир-гир айланади. У қўлларини силкитиб, кимларнидир ёрдамга чақиради. Узоқроқда энаси турибди, бироқ негадир яқин келмайди... “Эна, энажон” – у уйқусираб қичқириб юборди. Уйғониб кетиб, кундузги воқеалар эсига тушди. Инграниб, ўксиб-ўксиб йиғлади...
Райҳонбиби бир неча кун ичида озиб-тўзиб кетди. Томоғидан овқат ўтмас, боласини эмизиш учунгина ўзини мажбур қилиб таом татир, баъзан шуни ҳам қайд қилиб ташларди. Эрта тонгда боласининг ҳўл бўлган иштончасини алмаштираётиб, кўзи деразадан ташқарига тушди. Янги келин Турсунбойнинг қўлига офтобадан сув қуяр, эр эса пишқириб, шопириб ювинарди. Шу пайт пахса девор ортидан энди анча бўйи чўзилиб қолган хабарчи бола кўринди.
– Турсунбой ака, ҳов Турсунбой ака!
Турсунбойнинг қарашида олдинги хавотирлар йўқ, хотиржам, виқор билан жавоб берди.
– Ҳа, нима дейсан?!
– Раис чақиряпти.
– “Пешиндан кейин келаркан”, де!
Бола пахса девордан бир сакраб яқин келиб, сирли овозда деди:
– Йўқ, “ҳозир келсин”, деяпти. Жуда зарил гап эмиш.
– Ҳа, бўпти, боравер. Ҳозир бораман.
Турсунбой формасини кийиб чиқиб кетди. Зўрға энгашиб ҳовлининг у ёқ-бу ёғига супурги уриб юрган янги келинни шу тобда дард тутиб қолди.
– Вой, вой, анна, вой... вой!
Унинг овозини эшитган Жумагул хола югуриб келди. Қўлтиғидан олиб суяб, ўша Райҳонбибининг кўзи ёриган хонага олиб кирди. Кӯрпача тўшаб ётқизгач, шошилиб исириқ тутатди. Келин яна додлади.
– Бақирма-е, қасамхўр, кучинг овозингга ўтиб кетади!
Янги келин бир пас жим бўлди.
– Кучан, кучан, нафас ол, кучан!
– А-а-а-а!
Аёлнинг қичқириғи баробаринда чақалоқнинг ингалагани эшитилди.
Турсунбой раиснинг кабинетига салом бериб кирган бўлса-да, берухсат келиб ўтирди. Унинг қиёфасида “энди мен милиция ходимиман, мениям қўлимда ҳукмфармолик бор”, деганга ўхшаш ифода зоҳир эди. Раис Турсунбойнинг саломига алик олмади.
– Ҳа, Турсунбой, катта одам бўлиб кетибсанми, ўзим чақиртирмасам мундай бир хабар олай, ҳам демайсан.
Турсунбой бир қадар беписандлик билан оёғини оёғига чалиштириб бемалол ўтиргач, “ҳа, энди районга қатнаб юрибман, ишни бошлашим учун буйруқ чиқсин, кейин ўтарман деб юрувдим”, деди. Раис масхараомуз илжайди.
– Буйруқ чиқмайди. Сенга иш ҳам йўқ. Икки хотинли бой сифатида масаланг партия мажлисида кўрилади. Мажлисдан сўнг хўжалигингни комиссия текширади. Мол-мулкинг кўпайиб кетган бўлса, мусодара қилинади, ӯзинг қамалиб кетишинг ҳам мумкин.
Турсунбойнинг рангги оқариб, қўрқувдан дудуқланиб қолди.
– Мен, мен иккита хотинли эмасман. Хотиним битта. Олдингисини қўйганман, – деди шошилиб.
– Қўйган бўлсанг, сеникида нима қилиб юрибди? Отасининг уйига кетмайдими?
– Отаси йўқ. Тоғаси бор.
– Ўша тоғасиникига обориб қўй.
– Мен қўйганимни ҳали тоғаси билмайди. У одамниям феъли ёмон деб эшитаман. Ҳали бошқа хотин олганимни эшитса, жанжал чиқариши ҳам мумкин.
– Ҳа, ўзинг биласан, мен огоҳлантириб қўйдим.
Раис йигитнинг саросим