ангнинг роса хуноби чиқ-япти. «Ярамас болани ни
ма қилсам қиламан, юртга қадам босмайдиган қилмасам, Камол отимни бошқа қўяман», деяпти. «Қизингдан сўра-чи, ораларидан нима гап ўтди экан?» деяпти аданг…
Садаф бирпас карахт бўлиб ўтирди-да:
— Билмайман, ҳеч нарсани билмайман, — дея бошини чангаллади.
Ростдан ҳам, Садаф бирор нарсани англаб, тўғри таҳлил қилиб, тўғри хулоса чиқарадиган ҳолда эмасди.
Кейинги кунларда Садафга берилаётган саволлар тобора аччиқ ва аламли эди. Кўзидан ёши тинмаётган онанинг ёнига холалар, аммалар қўшилган эди.
— «Билмайман»дан нарига ўтмаяптими, қизинг бир балони билади. Қистовга ол уни!
— Четда юриб, тўғри йўлдан озган боладир, балки. Эҳтимол, бирор касаллик юқтиргандир… Бир гулдай қизнинг умрига завол бўлмай дегандир, виждони уйғонгандир…
— Ундай бўлса, фалокатимиз арибди…
— Балки, бой-бадавлат, ялло қилиб яшаш имкониятига эга одамнинг қизига уйлангандир. Қайтмоқчи эмасдир… Бедорликлар, ҳориб-толишлар эвазига ўқиш жонига теккандир?
— Онаси ўғлининг бу қилмишини қандай изоҳлаяпти ахир? Бир нарса дегандир фотиҳани қайтарганида?
— Нимаям дерди? Шумшайиб келиб, шумшайиб кетди. «Бахтиёрнинг ўзи айтгани учун бошлаган эдик бу ишни, энди яна унинг хоҳиши билан тўхтатяпмиз», деб турибди.
— Бир балоси бор…
Садафнинг тоқати тоқ бўлди. Сабри косасидан тошди.
* * *
«Бахтиёр ака… Бу исм менга қадрдон бўлиб қолган эди. Гўё туғилганимдан буён шу исмнинг товушлари орқали нафас олаётгандек эдим. Энди бу изҳори дил нечун? Мен қарор қабул қилиб бўлдим, орқага қайтмайман, деяпсизми? Балки, қилган ишингизга изоҳ ҳам бергингиз келмаётгандир? «Мен сенга уйланганим йўқ-ку. Боз устига, ҳеч қачон ҳеч нарса деб ваъда ҳам бермадим, сенинг олдингда мутлақо мажбуриятим йўқ», демоқчидирсиз? Эҳтимол, «Сен қанақа ақли ноқис қизсан-ки, кўрмай, билмай, бир марта гаплашмай, фақат четда ўқиётганимга ишониб, мен билан тақдирингни боғлашга рози бўлдинг? Айб ўзингда. Мен бунақа калтафаҳм қизга турмуш ўртоқ бўлишни истамайман», деган баҳонангиз бордир. Нима бўлсаям қилган ишингизни изоҳланг! Менинг буни талаб қилишга ҳақим бор…»
Садаф компьютернинг олдида ўтириб, ўзини анчадан бери қийнаб келаётган саволларга жавоб топиш учун юқоридаги гапларни минг азоб билан ёздию, Бахтиёрга жўнатиб юборди.
* * *
«Салом, Садаф. Мен сизга бежиз совчи юбормаганимни бошидаёқ билгансиз, — Садаф йигитдан келган мактубни ўқий бошлар экан, вужудига титроқ кирди. — Сиз менинг таклифимни қабул қилганингизни», «танийман» деган гапимни муҳаббат ўрнида қабул қилганингизни эшитиб, «Бу қизнинг бемаъни кибри синибди, уйлансам, уйланавераман», деб ўйладим. Аммо кейин аёл бўлсангиз ҳам биринчи бўлиб ярим қадам ташламаганингизни ҳис этиб, «Фотиҳа қиляпсанми, энди уйланасан-да», деган писандангизни сезиб, фикримдан қайтдим. Сиз ўша мени «Чолиқуши» ресторанида ёмонотлиқ қилган Садафсиз, ўзгармабсиз…»
Бирдан Садафнинг кўз олди қоронғулашди. Ҳарфлар остин-устун бўлиб кетди. «Чолиқуши» ресторани. Нега шу пайтгача Садаф бу воқеани умуман эсламади? Бахтиёрни осмондан тушган шаҳзода деб хаёл қилди?
Лекин ўшанда — лицейнинг охирги босқичида ўқиётганида ўйловсизлиги рост эди. Аммо «Чолиқуши» ресторанига овқатлангани ё кўнгил ёзгани учун эмас, гуруҳдош дугонасининг тўйига борганди. Уларнинг столига хизмат қилаётган официант йигитча қадди-қомати келишган, жиддий, сиполиги билан бошқа ҳамкасбларидан ажралиб турарди. Табиийки, ўн еттидан ўн саккизга қараб кетаётган қизларнинг бир кўзи йигитларда бўлади.
— Садаф, ўзимизнинг чиройли эканимизни биларканмиз-а?
— Бе, ким бўлибмиз? Битта югурдакмиз-да бор-йўғи. Ҳозир манави идишдаги ичимлигимни тўкиб, ўрнига бошқа ичимлик қўй, десам, икки букилиб қуяди.
Садаф ёнидаги ўртоғи Гулранг билан муҳаббат фаслига мос ёшларига хос кибр билан киноя тўнини бир-бирига отишар, уларга қиё ҳам боқмаётган йигитчанинг эътиборини ўзларига тортмоқчи бўлишарди.
— Ичимлик қўйинг…
— Негадир бу ичимликни ичгим келмай қолди, яхшиси, бошқасини қуйинг…
— Йўқ, бошқасини хоҳлаётган эканман.
Официант йигитча бир-икки бор қизларнинг истагини бажо келтирди-ю, сўнг гапларини умуман эшитмаганга олди.
— Жа, ўзимизни оларканмиз-да…
— Ҳозир хўжайинига айтсак, думини лики