чининг қишлоғида ўғри кўпайибди, фалончининг хотинини фалончи бадном қилибди”, деган гап чиқса, сизнинг обрўйингизга путур етади. Ундан кўра шу бечораларга бир иш беринг. Бажариб, нонли-ошли бўлсин.
– Бахай, муаллим. Фақат билагида кучи бори далага ишга чиқади. Ўзидан қолгани шолча тўқисин, кигиз боссин. Нўрма белгилаймиз. Топширган маҳсулотига қараб дон-дун берамиз.
– Бўлади, Бобоқулбой...
– Яхши, жун, ип етказдириб бераман. Бошида ярим қоп шоли бераман.
– Инсоф қилинг, Бобоқулбой, ёнига макка, шолғом-полғом ҳам, бўлса лавлаги ҳам қўшинг. Кучи етмаса, иш қиладими одам?
– Сиз муаллим, жуда ҳаддингиздан ошманг. Эл еганини ейди-да!
Аёллар иш ва емиш билан таъминлангач, бу хонадонга етим бўлиб қолган ўғил болалар бош уриб кела бошлашди. Аёллар бўлмасига ёнбош қилиб яна бир бошпана тушди. Муаллимнинг завжаси Саидабону қиз-жувонларнинг тақирлов, шолча тўқиш ва кигиз босиш ишларига бош-қош бўла бошлади.
– Отаси, – деди Саидабону бир куни, – ётоқдаги аёлларга бит тушяпти, нима қиламиз? Ишқилиб касалчилик кўпаймаса яхши эди.
– Менга қара Саида, кимга бит тушса, сувга керосин қўшиб, бош ювдир. Кўпайиб, тарқалиб кетмасин. То уруш тугаб, ҳаммаси уйли-жойли бўлиб кетмагунча, бу уйдан касал ҳам, тобут ҳам чиқмасин! Мен ҳовли этагига ҳаммом қурдираман...
Нурмурод муаллим ўзининг қўрғонига биров тажовуз қилишга ботина олмаслигини билса ҳам, эҳтиёт чораларини кўриб, ёши каттароқ ўғил болаларга ҳовлига кеча-ю, кундуз қўриқчилик қилишни топширди. Шунга ҳам қарамасдан ўзи кечалари ўрнидан туриб, қаттиқ-қаттиқ йўталганча, ҳовли айланадиган бўлди.
Аёллар ётоғига Райҳонбиби ҳам жойлашди.
Ниҳоят, қишлоқнинг ярим оч, ярим яланғоч аҳли урушнинг сўнггига етди. Бироқ уруш тугаганига қарамай, қишлоқда оғир меҳнат давом этар, нон ҳамон танқис эди. Колхоз фақат далага чиқиб ишлаётганларга умумий қозонда атала ёки гўжа пиширарди. Овқат ейиш умидида ёш болалар ҳам далага ишга чиқардилар.
Аҳён-аҳёнда “фалончи урушдан қайтибди”, деган гап тарқалар, яқинлари ҳали урушдан қайтмаганлар бирор егуликни тугунча қилиб, ўша хонадонга қадам қўярди:.
“Қайтиб келганингни эшитиб, кўргани келдим”….
Аслида ўзиникини сўрайди.
“ Сендан сал олдинроқ кетувди...”
“... Бирга кетувдинглар”...
“....Сал кейинроқ кетувди... Кўрмадингми”, – дейди.
Қайтиб келган одам ҳам албатта кўрган бўлади.
“Мен кўрганимда соғ-саломат эди, келиб қолар, кутинглар”.
Райҳонбиби ҳам гоҳ тоғасидан рухсат сўраб, гоҳ яширин укаларини етаклаб боради. Бироқ ҳеч ким “Содиқни кўрдим”, демади. “Эсизгина, акам келишига яқин қолганда на энам бор, на отам... Акамга нима дейман?”, деган ўй қизни кечалари ухлатмасди. Акам келса “акажон, халқ жуда қийналди, қишлоқда очарчилик бўлди. Энам ҳам, отам ҳам бу оғир кунларни кўтаролмади”, дейман. Акам “Райҳонжон йиғлама, юринглар уйимизга кетамиз”, дейди. Акам Бердимуродни кўтариб олади, мен Турдимуродни қўлидан ушлаб, уйимизга қайтамиз. Фақат, тезроқ кела қолсайди ўша кун, эй Худойим, ишқилиб акам эсон-омон қайтиб келсин...
Райҳонбиби эрта тонгда туриб Фотима келин билан биргаликда нонушта қилинадиган жойни ҳозирлай бошлади.
– Райҳонжон қизим тезроқ бўлинглар, дастурхонни ёзақолинглар.
– Хўп, тоғажон, ҳозир!
Муаллимнинг ўз аҳли оиласи, аёллар ётоғидагилар ва ўғил болалар жами ўттизга яқин жамоа дастурхон атрофида жам бўлдилар. Ёш қиз-жувонлар сопол косаларда гўжа келтириб бўлишгач, ўзлари ҳам жойларига ўтирдилар. Фақат ҳар куни ҳаммага бир бурдадан тегадиган зоғора нон келтирилмади.
– Саида нонни ҳам келтириб, кейин ўтирсанглар бўлмайдими? – танбеҳ берди муаллим хотинига.
– Нонни кимдир ўғирлаб кетибди, – деди Саидабону ерга қараб.
– Ким ўғирлайди? Кўзларинг қаёқда эди? Бу уйга бегона журъат қилиб киролмайди, нонни ким олади? – деди азбаройи жаҳли чиқиб кетган муаллим.
– Ким ўғирлаганини билмаймиз. Шу уйдаги болалар олгандир. Шу пайтгача ҳеч ким тегмас эди, биз ҳам сезмай қолибмиз тоға, – деди қизлардан бири.
Муаллим дарғазаб бўлиб кетди.
– Мени ҳалоллик, покликдан, иймон-эътиқоддан берган насиҳатларим бир пул экан-да?! Мен ҳали уйимдан ўғрига бошпана бериб, едириб-кийдириб юрган эканман-да?! Қани, ким нонни ўғирлади? Ким шунча оч етимнинг ризқига