Рўзанинг фазилати
Талҳа ибн Убайдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «(Бани Узра қабиласининг) Балий уруғидан икки киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келишди. Ҳар иккиси бир вақтда Исломни қабул қилишди. Улардан бири (тоат-ибодатда) шеригига нисбатан тиришқоқроқ эди. У ғазотда қатнашиб шаҳид бўлди. Шериги эса ундан кейин яна бир йил умр кўриб, сўнг вафот этди. Талҳа айтади: «Туш кўрдим. Тушимда жаннат эшигининг олдида эканман. Қарасам ҳалиги икки киши ҳам турибди. Шу он жаннатдан бир фаришта чиқиб, улардан охирги вафот этганига жаннатга кириш учун изн берди. Сўнг фаришта яна чиқиб келиб, шаҳид бўлганига изн берди. Сўнг менинг олдимга келиб: «Сен қайт, ҳали сенга вақт бор», деди». Тонг отгач, Талҳа тушини одамларга айтиб берди ва улар бундан ажабландилар. Бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам етиб борди, одамлар у зотга Талҳанинг тушини айтиб бердилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бунинг нимасидан ажабланмоқдасизлар?!» Одамлар айтишди: «Ё Расулуллоҳ, улардан бири шеригига нисбатан (тоат-ибодатда) тиришқоқроқ эди, сўнг шаҳид ҳам бўлган эди. Шунга қарамай, кейин вафот этган шериги ундан олдин жаннатга кирибди?!» Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ахир у шеригидан кейин бир йил яшамадими?!» «Ҳа, шундай», дейишди одамлар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Рамазонга етиб, рўза тутмаганмиди, бир йилда бунча-бунча намоз ўқимаганмиди?!» «Ҳа», дейишди улар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Демак, улар иккисининг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор» (Аҳмад, 2/370; Ибн Можа, 3185. Албоний саҳиҳ деган).
Ушбу ҳадисдан хулоса қилиш мумкинки, тоат-ибодатда муваффақ бўлганларга умрнинг узоқ қилиниши ҳам неъмат экан. Аллоҳ таоло умрларимизга барака берсин! Шунингдек, умр неъматидаги энг улуғ тоат-ибодат намоз ва рўза экан. Инсон бир йилда 6000 ракаат фарз намоз, яна қанчадан-қанча нафл намоз ўқиши, рамазонга етиб, рўза тутиши мумкин. Демак, рамазон неъмат, унга етиш яна бир неъмат экан. Бир банда рамазонга етгани, бу ойда рўза тутиши сабабли ажр-савобда шаҳиддан ўзиб кетиши мумкин экан. Бироқ Аллоҳнинг неъматларини ҳамма ҳам ҳис қилавермайди. Бу неъматларнинг чинакам қадрига етган бандагина уни ҳис қилиши мумкин. Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиш Аллоҳни яхши таниган, неъматларининг қадрига етганларгагина насиб этади. Эътибор қаратишимиз лозим бўлган нуқта – Рамазон ойида фақат елкамиздаги мажбуриятни соқит қилиш, фарзни адо этиш эмас, балки асосийси бу ойда Аллоҳнинг неъматини ҳис қилиш, У зотнинг биз бандаларига инъом этган буюк фазл-марҳаматини мушоҳада этиш, бу ойга бизларни етказишининг ўзи бир неъмат эканини, унда бизларни турли солиҳ амалларга йўллаб қўйганининг ўзи неъмат эканини кўра билишдир. Ана ўшанда қалбларимиз ушбу буюк неъматлар соҳиби бўлмиш Аллоҳга боғланади, Унга дуо-илтижо қилишга ружу қўяди, Унинг эшиги олдида туриб олиб ялиниб-ёлворади, Аллоҳдан солиҳ амалларни Ўзи буюргандек, севгандек бажаришга муваффақ қилишини сўрайди, бутун диққат-эътиборини амалнинг қабул бўлишига қаратади. Ана ўшанда инсоннинг эътибори ва ҳиммати фақат солиҳ амалларни кўпайтиришгагина чекланиб қолмайди, қалби фақат амалнинг ўзини кўрмайди, балки амал тақдим қилинажак Зотни кўриб туради. Ана ўшанда банда қилган барча амаллари Аллоҳнинг фазл-марҳамати, инъоми ёнида арзимас эканини ҳис қилади. Аллоҳ барчамизга Рамазон неъматидан чинакам фойланиб қолишни насиб этсин.
Саидаҳмад Нуриддин
http://t.me/burhaan_uz