Najmiddin Turon
Відкрити в Telegram
Dilda darding bo‘lmasa, Dardisarimni kovlama. Mashrab
Показати більше4 692
Підписники
-524 години
-267 днів
-7730 день
Архів дописів
4 692
Қайсидир "эксперт" (балки кимнингдир буюртмаси билан бўлса керак) Жавлон Жовлиевнинг "Қўрқма" романидаги айрим гапларга эътироз билдирибди. Тўғриси, улар куракда турадиган эътирозлар эмас, лекин бунақа асоссиз иддаолар ёш ёзувчини руҳан синдириши мумкинлигини ҳисобга олиб, мен ҳам бир-икки оғиз мулоҳазаларимни билдиришни лозим топдим.
Мен ҳозир ўша романни ўқияпман. Келтирилган мисолларнинг ҳаммаси назаримдан ўтди. Бу ерда ҳеч қандай қуюшқондан чиқиш йўқ. Адабиёт шуниси билан жозибали, шуниси билан эътиборли, унинг тили ширалилиги, бадиийлиги шунда.
Онаси ўлиб қолган ва қорни очган ёш болани тинчлантириш учун бувиси, бошқа қариндошлари нималар қилмайди? Эмчак ҳам тутади, қуйруқ ҳам сўрдиради, резинка сўрғич ҳам тутади. Қайси биримиз буни кўрмаганмиз? Бола чирқиллиб турган жойда одамзод нималар қилмайди? Ҳалиям муаллиф ота билан она ерга қўйилгандан кейин бурнига тупроқ иси тегиб, тинчланди, деб тасвирлабди.
Менимча, бу ерда кимдир ёзувчидан ёки ноширдан ўч олишга ҳаракат қилаётганга ўхшайди.
Нима учун ўша "экспертлар" фолклорга ёки жаҳон адабиётининг дурдоналари таржималарига осилмайди? Ўша "авлиёлар", ҳеч бўлмаса, Огаҳийнинг Низомийдан қилган таржималарини ўқиб кўрсин.
У ерда ўша "экспертлар" тили билан айтганда, эротика ҳам тиқилиб ётибди, лекин у кимнингдир шаҳватини қўзғашга эмас, бадиий ифодага хизмат қилади.
Албатта, менинг ҳам романда ёш ёзувчининг ифода усулидан кўнглим тўлмаган, "мана бу ерни бошқача ёзса бўлар эди" деган истиҳолали ўринлар бор, лекин бу дегани "эксперт"нинг аянчли ва кулгили хулосасига таяниб, романни инкор қилиш керак, дегани эмас.
Янги Ўзбекистон - Учинчи ренессанс деяпсизларми, бу ёғига ҳам чиданглар. Адабиёт экспериментларсиз, ҳеч кимникига ўхшамаган ифода усулларисиз янгиланмайди.
У фақат хушомаддан иборат эмас.
Жуда бўлмаса, мактаб дарслигига киритмасдан, ҳозирги қонунлар талаб қилаётганидай, 16+ ёки 18+ деб белги қўйинглар - олам гулистон. Ёзувчи, мактаб дарсликларига киритинглар китобимни, деб қисталаган қилмаётгандир.
Фаxриддин Низомов
4 692
Адабиётнинг ўз қоидалари бор. Ҳақиқий адибнинг ўз услуби бўлиши шарт. Услубдан аввал ўз Сўзи бўлиши лозим.
Жавлон Жовлиев адабиётга ўзининг "Қўрқма" деган жарангдор Сўз билан кириб келди. Чунки адабиётга кириш осон эмас, унинг атрофида умрбод тентираб юрган ҳолда унинг ички ҳудудидига, сирли маҳрамиятига ошно бўлмай ўтиб кетадиганлар бисёр. Асл қиймат ҳам шу.
Жавлоннинг бадиий услубини алоҳида таҳлил қилиш керак. Адабиётшунослик навқирон ёзувчининг "Қўрқма" романини муносиб танқиддан ўтказиши лозим. Асарнинг композицияси, концепти, адабий услуби, ғоявий фабуласи, образлар хилма-хиллиги, янги характерлар мавжудлигини текшириш керак. Омманинг олқишлари асарнинг айни пайтда мақбул бўлганига далолат қилади, мустақбалдаги ҳолатини эса йиллар ўтиб кўриш мумкин. Лекин бу адабий ҳодисани адабиётшунослик қонуниятлари билан ўрганиш мажбуриятини кўтармайди. Бир ёки икки бетлик ҳаяжонли таассуротлар адабиётшунослик жиҳатидан қиймат касб этмайди.
Бугун ижтимоий тармоқда Жавлоннинг "Қўрқма" романидаги "бепарда" жумлаларни териб чиқиб, уни ўқувчи онгига салбий таъсир этиши ҳақидаги "таҳлил"ни ўқидим. Бошқаларни билмадим, лекин бу қандайдир ҳасаднинг ҳосиласи бўлиб туюлди. Бу "таҳлил" соҳиби ўз иши билан ёзувчининг мақомини кўтариб, асарни яхшигина "реклама" қилиб беришидан ғофил қолибди. Агар ушбу "метод" билан ёндашсак, адабиётдаги кўплаб асарлардан воз кечишга тўғри келади. Ёзувчи ўз ғоясини, концептини, ижтимоий дардни, универсал қамровдаги муаммоларни ёритиш, бу билан жамиятни ижобий маънода "туртиб", огоҳлантириш учун ўзи истаган услубни ихтиёр қилишга ҳақли. Совет менталитети билан ёзилган бу таҳлилдан Абдулла Қодирий ҳазратларига қилинган туҳматнинг бадбўйи келиб турибди.
Адабий дид субектив ҳодиса. Асар кимгадир ёқиши, ёқмаслиги мумкин. Лекин асар ёқмаса, адибни салкам жиноятчига чиқариш фикр ва сўз, ижод ва адабиёт эркига бўлган душманлик, холос.
Содда қилиб айтганда, Жавлон Жовлиевнинг Республикамиз бўйлаб учрашувларда юриши, унинг асари қучоқ очиб кутиб олингани, мукофотларга лойиқ кўрилгани мазкур таҳлилнинг концептуал асоси, фундаментал мезони бўлиб кўринмоқда.
Бир ёш фарқ билан Жавлон мен билан тенгдош ёзувчидир. Унинг муваффақиятларидан қувонаман. Жавлон каби бошқа дўстларнинг мана шундай юксак марраларга чиқиб, халқнинг севимли фарзандига айланишини истайман. Чунки халқимиз Жавлон каби адибларга муҳтож, ёшлар эса бу бўшлиқни тўлдириш учун ғайрат билан ҳаракат қилишлари керак.
Жавлон, янги романни бошладингизми? Тўхтаманг! Маркес ҳар йили роман ёзганми? Ёзувчилик ҳам машқ билан пишиб боради, кўп ёзиш маҳоратни чархлайди, ёзавериш керак, муносибларини халққа тақдим этасиз, халқ ҳур адабиётга муҳтож.
Акром МАЛИК
4 692
Тил бу танглайингдан чиққан ортиғинг,
Тумшуғинг тилингни тийиш-чун бешак.
Юрагинг қўрқувни ҳис этмоқ учун,
Қанотинг шунчаки ҳуснингга безак.
Сайрамоқ? Нима у? Телбалар йўли,
Англамоқ - аҳлоққа тескари ғоят.
Осмон бу қонунга зид бўлган маскан,
Учишга уриниш оғир жиноят.
Тухумдан чиққандан шундай дедилар:
Қафасдан ташқари - жиноят буткул.
Фақат ичкарини ҳақ йўл деб билди,
Eнди ҳеч жиноят қилмайди булбул.
Нажмиддин Эрматов
ноябрь, 2019
4 692
qarsak bu-
olqish emasdir balki
balki u isyondir yetgancha majol
minbardan uchgan so‘zlarni
qo‘ymasdan qo‘nishiga
hurkitishga urunishdir ehtimol
N. E.
4 692
Уфққа қараб қушлар учди,
Ўнги келмай тушлар учди,
Тўкилганим увол дея
Парланиб-о, ёшлар учди.
Бир мен қолдим учолмаган.
Висол мендан кечиб кетди,
Хулё сари кўчиб кетди,
Кўзларима тиккан ўша
Чимилдиғин ечиб кетди,.
Бир мен қолдим кечолмаган.
Ғусса келди қўлида тўр,
Кишан, тушов - яроғи мўл,
Чирқиллади oлашақшақ,
Қочиб кетди ҳаттоки йўл.
Бир мен қолдим қочолмаган.
На илдиз бор, ва на қанот,
Фақат дард бор йўқдир сабот,
Аҳволима бўзлаб, бўзлаб,
Менда яшаб ўтди ҳаёт.
Бир мен қолдим яшолмаган.
Бир мен қолдим яшолмаган...
©Нажмиддин Эрматов
2019, феврал
4 692
***
Тилкалаб, тилкалаб тонглар дон сочди,
Пешонангга қўнди қисмат қушлари.
Яна бегонадай томоша қилдинг,
Ёстиғингга оққан шаффоф тушларни.
Эшилиб, эшилиб ингранди арқон,
Дордаги ёстиғинг оқ нурлар қучди.
Яна бегонадай томоша қилдинг,
Парланиб, парланиб тушларинг учди.
Қоралаб, қоралаб чўкди-я оқшом,
Бошинг-а яна шу болишга етди.
Суйилиб, суйилиб оққан тушлардан,
Ёстиқдаги гуллар очилиб кетди.
Куйиниб, куйиниб яна кўз очдинг,
Ёстиқда гул унган, уза олмайсан.
Туш ўша, гул ўша - танийсан менман,
Менга бегонадай термилолмайсан.
©Нажмиддин Эрматов
ноябрь, 2018
4 692
***
Бармоқлар қаламни қучар қалтираб,
Кўнгил туға бошлар, йиғлайди туйғу.
Ақлим фарёд қилар: “Тўхта, эй телба,
Сенинг хатларингни ўқимайди у”.
Хонага нур кирар ойнадан синиб:
“Ақлингга қулоқ тут, айтгани ростку.
Ўқиган бўлса гар жавоб ёзарди,
Сенинг хатларингни ўқимаган у”.
Ойнага урилар оқшом шамоли,
Билган сирларини оламга сочиб:
“мен аниқ биламан, тўхта, эй кўнгил,
У сенинг хатларинг кўрмайди очиб”.
Дилга ғашлик чўкар, заминга оқшом,
Кеча сўзлай бошлар дилга отиб ўқ:
“Хатларинг ўқимоқ у ёқда турсин,
Ҳаттоки, у сени ўйлагани йўқ”.
Оппоқ қоғозларнинг бағри доғ яна,
Оппоқ қоғозларда фарёдлар лим-лим.
Энг сўнгги умидим тўкилмай туриб.
“Уларнинг сўзлари ёлғон”, де, гулим.
Кўнгил бу кечада ўзидан кечар,
Бу сўнги хотима, бўлмас бошқа пайт.
Мен сенга севишим айтаман энди,
Сен мeнга хатингиз ўқийман деб айт.
©Нажмиддин Эрматов
4 692
Bu g‘arib dahrda uchrashsak yana,
Yo‘llaring oxiri chopsa ko‘zima,
Ashklaring nahridan kechib o‘tmasam,
O‘ksima.
Darz ketgan kosada may ichib tursam,
Sanasang, qovurg‘am biri bo‘lsa kam.
Qarasang, jismimda kam bo‘lsam men ham,
Ichikma.
Ko‘zlarim kadardan kiyinsa kafan,
Puflasang, qaqnuslar chiqmasa kuldan,
Kuyug‘ ko‘kayima kuldon qidirib,
Kuyunma.
Qushlarsiz uyaday ezg‘inlik hokim
umrima sochsa gar umidlar hokin,
Qayta butlamoqqa haddimiz sig‘mas,
Yig‘inma.
Ikkimiz bir dunda ikki yon ketsak,
Qismat kishanida gar tanho ketsak,
Joning omon bo‘lsin, faqat bu jonga
Ko‘nikma.
Joning omon bo‘lgur, mensiz bu jonga,
Ko‘nikma...
©Najmiddin Ermatov
iyun, 2019
4 692
* * *
Tortishish kuchini yengdim, Nuriro‘y,
Havoga ko‘chyapman ''OH''ga osilib.
Bus-butun dil edim,
butunlik malol,
Havoga evrildim, ketdim sochilib.
Endi men yo‘qdirman, meni o‘ylama,
Endi men har joyda - dilginang sezsa.
Intiqman, yig‘ib ol meni, sevgilim,
Yoki haydab yubor qo‘lingdan kelsa.
©Нажмиддин Эрматов
2018 yil, oktabr
4 692
Бийлар ғолиб, ҳар доимгидай,
Халқ сукутга, сукут халққа мос.
Мутелиги агар кам бўлса,
Тилигача кишанингни ос.
Мана бўйним,
сиртмоғингни сол,
Косам тўлиб бўлди сабрга.
Сўнгги ўтинч — фотиҳа ўқий,
Сўз эркининг қабри қаерда?!..
Тириклигин кўрмадик биз-ку,
Авлодлар ҳам сўрайди бир пайт.
Ўшанда: ’'Биз ўлдирдик’’, — дема,
’’Ўзи қариб ўлгандир’’, — деб айт...
Нажмиддин Эрматов
ноябрь, 2019
4 692
Чопиб кетди тоғларга томон,
Ҳар тукида вахший бир чирой.
Чўққиларнинг шамолгайида,
Увиллашга гувоҳ бўлди ой.
Итларнинг бўғзига тиқилди ҳадик,
Чўпон олгунича ковушин кийиб,
Учта бия қулунларини
Ололмади хавфдан айириб.
Сўнгра чопди дашт узра озод,
Қонга ботиб лунжлари, тиши.
Тонг отарда қайтди ортига
Қафасдаги бўрининг туши.
©Нажмиддин Эрматов
4 692
Ertak aytmang bolalarga, siz,
Shoirlardan uzoqroq oling.
-mana bu yoʻl, deng:
mana bu qorin,
shu gʻam deya tolsin oyogʻing.
Ertak aytmang bolalarga, oh,
Kimligini bilib qolmasmi:
Farogʻiydek yigʻlabon, e voh,
Gulxaniydek kulib qolmasmi?..
Ertak aytmang, kitobni yoping,
Boqmasin dil tilkalariga.
Axir u bolaku, Vatanning gʻami,
Ogʻirlik qiladi yelkalariga.
Hali bir kun oʻzni taniydi,
Vatanni taniydi, taniydi alar.
U kun bizga la'nat aytadi,
Ertak tinglab oʻsgan bolalar.
2018
N. E.
4 692
Ярим тунда
яримланяпман
юлдуз санаётган кўлнинг ёнида.
Кел, Нурим-ей,
руҳима синггин.
Кўлдан чиқиб
бақалар аста
кўзларима сакрай бошлайди.
Кел, Нурим-ей,
руҳима синггин.
Муқовадек
очиб сочимни
пешонамни ўқийди шамол.
Кел, Нурим-ей,
руҳима синггин.
Тошлар отиб
бу кўлга кимдир
чалғитмасдан юлдуз санашдан,
қолмасимдан яримлаб буткул,
кўзларима тўлмасдан бақа,
тугатмасдан ўқишни шамол,
кел, Нурим-ей,
руҳима синггин.
©Нажмиддин Эрматов
ноябрь, 2018
4 692
4 692
Сўров
Ҳайронман, ким кимга отаяпти ўқ,
На ўқни тўхтатдим, на бўлдим қалқон.
Кеча oкопидан чиқмаган аскар,
Бугун тирикман деб бўлса қаҳрамон...
Ҳайронман, не учун Ҳақ демас тилим,
Ёки ўчирдимми дилдаги чўғни?
Нега кўнаяпман ҳақсизликка жим,
Менга бир қаранглар, ўлганим йўқми?
© Нажмиддин Эрматов
4 692
Тил бу танглайингдан чиққан ортиғинг,
Тумшуғинг тилингни тийиш-чун бешак.
Юрагинг қўрқувни ҳис этмоқ учун,
Қанотинг шунчаки ҳуснингга безак.
Сайрамоқ? Нима у? Телбалар йўли,
Англамоқ - аҳлоққа тескари ғоят.
Осмон бу қонунга зид бўлган маскан,
Учишга уриниш оғир жиноят.
Тухумдан чиққандан шундай дедилар:
Қафасдан ташқари - жиноят буткул.
Фақат ичкарини ҳақ йўл деб билди,
Eнди ҳеч жиноят қилмайди булбул.
Нажмиддин Эрматов
ноябрь, 2019
4 692
Ислом Қўчқoровга
Бизга берилган замон,
Сузмакка саёз келди.
Эрк деб уруғ қададик,
Тинмасдан аёз келди.
Тил қантариқ келди ва
Тори узук соз келди.
Умримиз шундай ўтса,
Яшаш бекордир, жўра.
Шоир йиғлаб шеър айтса,
Кулиб бораётирмиз.
Бирор мард наъра тортса,
Қувиб солаётирмиз.
Не зотлар ўтди тур деб,
Тизза букиб ётирмиз.
Бундай қавм қулликка,
Мудом дучордир, жўра.
Босолмасдан ўмганин,
Кўкка чиқди ҳар султон.
Пастга тушгин де унга,
Кетса кетсин битта жон.
Машраб осилган дорнинг,
Оғочи бутун ҳамон.
Эгилмаган ҳар бошга,
Дорлар хумордир, жўра.
Бир ватан кўрдим бунда,
Кўзи тўла жиққа ёш.
Бир туйғу туйдим унда,
Йўқлигимни қилди фош.
Илдизи узук келса,
Дорга ҳам арзимас бош.
Бугунимиз ёр эмас,
Қурган ағёрдир, жўра.
Бўзтўрғай бўзлаб учган,
Даштимда дайдиб келдим,
Этак силтаб кетгандим,
Элни деб қайтиб келдим,
Куюк келди кўкайим,
Кўзёшдай қалқиб келдим.
Шоир бўлсанг қисматинг,
Наҳот равондир, жўра.
Чилвир чўлнинг йўлида,
Ғиротдан из қолгандир,
Бахши ўшал йўл томон,
Кўзин тикиб толгандир.
Ё пирим, дегин, қўзғал,
Кураш бизга қолгандир...
Ё эл учун алп туққан,
Фақат мозорми, жўра.
феврал, 2021
Н.Э.
4 692
Кўзларим кўл бўлди , жоним,
сочинг ёзиб, бошингни
мажнунтол қилмайсанми?
Қирғоғида қамишлар
чайқалади зорланиб,
рухсоринг илмайсанми?
Ё чўпон, ё шабада
ул қамишдан най қилса,
афсона тинглайсанми?
’’...бу кўл кўздир, соҳиби
кўзига чўккан’’, деса
соғиниб йиғлайсанми?
кўзим кўлдир, умид ўлди-
чўкишдан қўрқиб ёки
ҳеч қачон келмайсанми?
кўзларим кўл бўлди, жоним...
©Нажмиддин Эрматов
2019, феврал
Вже доступно! Дослідження Telegram за 2025 — головні інсайти року 
