АЁЛЛАРГА ҚАНЧА ПУЛ КЕРАК ..
«УЧ ОПАМНИ ЭЛ ҚАТОРИ УЗАТИШИМИЗ УЧУН…»
— Эсимни таниганимда бери дадам ёзни уйда ўтказганини билмайман, — дейди Фурқат исмли йигит. — Ҳар йили баҳорда кетиб, кеч кузда келарди. Баъзида гилос пишдими, ўрик пишдими, деб сўраб қўярди. Беш-олти йилдан бери ўзим ҳам ҳали Қозоғистон, ҳали Россияга бориб, қурилишларда ишлаб келаман. Дадамни энди тушуняпман. Коллежни тугатмасимдан онам уч опамни «эл қатори узатишимиз учун» дадамнинг ёнига бориб ишлашим кераклигини тушунтирди. Институтга кириб ўқиш ниятимни бир чеккага суриб, ишлагани кетдим. Мусофирчиликда қанчалик қийинчилик билан пул топишимиз бир ўзимизгаю, бир Худога аён. Ота-бола ишлаб, учта опамни узатдик. Уй-жойларимизни яхшиладик. Очиғи, совуқ ҳавода қурилишларда ишлашдан безиб кетганман. Лекин онам: «Бўлди, энди камроқ пул топсанглар ҳам шу ерда, ёнимизда бўлинглар», демаяпти. Баъзида ўйлаб қоламан, қоп-қоп пул топсаму олиб келиб, уйни пулга тўлдириб ташласам, онам шунда ҳам қўлларини чўзиб, яна «пул, пул» деяверармикинлар, а?..
Бу йигитнинг дардини уқяпсизми, азизлар? Онасининг, опа-сингилларининг орзу-ҳаваси учун пул топиш йўлида ўзидан, ўз орзуларидан ҳам воз кечиб, меҳнат қилаётган бундай йигитларимиз кам дейсизми орамизда? Биз оналар, опа-сингиллар уларнинг қадрига етяпмизми?
«СИЗЛАРГА ЯНА ҚАНЧА ПУЛ КЕРАК?»
— Россияда қурилиш майдонида ошпазлик қиламан, — дейди яна бир суҳбатдошим Малика (исмлар ўзгартирилган) исмли жувон. — Икки юз нафардан ортиқ ўзбекистонлик йигит ишлайди у ерда. Тўғри, маоши ёмон эмас. Аммо уларнинг ётар-турарига ҳавас қилмайсиз. Битта катта хонада 40-50 киши ухлайди. Кимдир ювиниб, чайиниб ётади. Кимдир чарчаганидан овқатланади-ю, ухлаб қолади. Бир ҳафта, ўн кунлаб соқолини олишга вақт ажратолмайдиганлари бор. Тасаввур қилинг, куни билан ишлаб чарчаганидан кейин кир ювиб юриш одамга, айниқса, эркакларга қанчалик малол келади? Баъзилари хотинлари билан телефонда гаплашгач, «Сизларга яна қанча пул керак?» дея бақириб-чақириб, асабийлашади, бир-икки кун ўзига келолмайди. Бундай пайтда аламини ичкиликдан оладиганлари, бегона аёллар билан кўнгилхушликка бериладиганлари ҳам бор. Ўша йигитлар шундай ишлаб, шундай яшаяпти. Умр эса ўтяпти…
Уйга қайтганимда ўша йигитларнинг аёлларини кўрдим. Тилла тақинчоқлар тақиб, қиммат кўйлакларда «гап»ларда, зиёфатларда ҳеч кимга гап бермай юришибди. Шу аёллар телефонда эри билан гаплашганда «Ишланг, кўпроқ пул топинг», дейишади нуқул. Тўғри, пул топиш, рўзғорни таъминлаш эркакларнинг зиммасидаги иш, аммо улар ҳам одам, гоҳида дам олгиси, оиласи, болалари ёнида бўлгиси келади. Аёлларимиз шуни унутмаслиги керак.
«УЙИМДА ФАҚАТ
«ПУЛ ЖЎНАТАДИГАН
ОДАМ»МАН!»
Яна бир йигитни биламан, учта укаси бор. Ишлаб, пул топиб, уйига юбориб, ҳаммасини уйли-жойли қилди. Иморатларини кўрсангиз, ҳавасингиз келади. Ўзи ҳар йили бир ойгагина уйига бориб келади. Учта ўғли бор. Бир сафар уйидан қайтгач, жуда хомуш ўтирганини кўрдим. Кўзи тўла ёш. Кап-катта эркак ўз-ўзидан бундай ҳолга тушмайди. Айтишича, 3 ёшли ўғилчаси уни танимаганмиш, укасини эса «дада» деб чақираётган экан. «Уйимда фақат «пул жўнатадиган одам»га айланиб қолганга ўхшайман», дейди мунғайиб. Ахир бу эркак учун, ота учун аламли эмасми?
«МЕН БИР ТИЙИНЛИК ФОЙДАСИ ЙЎҚ, КАСАЛ ЭРНИ БОҚМАЙМАН!»
— Танглайи пул-пул деб кўтарилган хотинлар кўп, — дейди Марғуба исмли аёл. — Қишда акам буйрагидан операция бўлди. Касалхонадан чиқиб, онамникига келди ва «Уч-тўрт кун шу ерда бўламан», деди. Кейин билсам, уйига келиб энди чўзилган экан, хотини «Нима, бу аҳволда ишлай олмайсизми, ҳали қанча ташвишларимиз бор эди», деб жанжал бошлабди. «Барака топгур, бир-икки ҳафтада яхши бўлиб кетаман», деса, «Мен бир тийинлик фойдаси йўқ, касал эрни боқмайман!» деб бақирармиш. Акам зарда қилиб чиқиб кетибди. Унинг ўзи, аслида, қўли гул пайвандчи. Унча-мунча одамдан кўп пул топади. Шу пайтгача ҳам топганини хотинига олиб келиб берган. Қизларини узатишди. Уй-жойлари ҳавас қилгудек. Аммо хотини сира пулга тўймайди. Акам онамнинг уйида икки ҳафта ётди. Хотини бир марта кўргани келмади. Тузалиб ишга чиқиб кетганди, «Даданг топган пулини онасига беравермай уйга келсин», деб чақирт