– Бону, уйқунгиз келмаяптими, – деди меҳрибонлик билан.
– Бегим, Оллоҳдан тилаб-тилаб олган Ҳотамбегимиздан ажралиб қолганимизга ҳам уч йил бўляпти. Аммо қайтиб бўйимда бўлмади.
– Бону, ярамга туз сепманг, қизларни узатсак, куёвлар ҳам ўз ўғлимиздек бўлиб кетар.
Ширинбону тўшакнинг четига келиб ўтирди.
– Бўлмайди, бегим, бўлмайди. Куёв – ёв деб қўйибди эскилар. Ўзимизнинг ўғилларимиз бўлиши керак.
Эр ётган жойидан туриб ўтирди, хотинининг елкасидан қучоқлаб, овутишга ҳаракат қилди.
– Худо берса бўлиб ҳам қолар, Бону.
– Беради. Битта эмас, бешта ўғил беради. Фақат сиз яна уйланасиз.
– Бону, ўйлаб гапиряпсизми? Партия ва ҳукуматимиз бунга йўл қўймайди. Икки хотинли бой деб хонавайрон қилади. Ишдан бўшатади, партиядан ўчиради, қулоқ қилади.
– У гаплар эски замонда қолиб кетди бегим. Ҳозир бой-камбағал қолмади. Қулоқлар сургун қилинди. Сиз давлатнинг ишида ишлайсиз, саводи бор, керакли одамсиз. Сизга тегишга ҳеч ким журъат қила олмайди. Менга ўғил фарзанд керак. Токи қандайдир оёқяланг чўривачча эмас, ундан каттароғи ҳам на мени, на қизларимни камситмасин!
– Ўйламай гапиряпсиз, Бону, эшикдан бир ёш аёл кириб-чиқиб юрса, хонангиз бошқа бўлса, алалоқибат рўзғоримиз бузилиб ўртамизга совуқчилик тушиши мумкин.
– Ҳа, рашк қилиб, қийналасиз демоқчимисиз? Сиз менинг рашк қилганимни кўрганмисиз?
– Сиз оқила аёлсиз-да, Бону, кўрсатмайсиз. Аммо, дилингиздан кечган нарсаларни мен барибир сезмай қолмайман.
– Бегим, мен уч-тўртта хотин-халажнинг ичида анави оқсоч хотинга ўзим туғмасам, кундош туғиб беради, мен ҳали ўғил ўстираман деб лафз қилдим. Энди уйланмасангиз бўлмайди.
– Э, Бону, келинг ухлайлик, мен эрта туриб ишга кетишим керак....
💥УМРНИНГ УЧ ФАСЛИ. (Қисса) 3-қисм. - 902765859318
Нурмурод муаллимнинг дарвозаси олдига эшак арава келиб тўхтади. Аравадан уч нуроний киши тушиб дарвозага яқинлашдилар. Муаллим келганларни ҳовуз бўйидаги сўри томон бошлади. Меҳмонларнинг ёши улуғроғи илмли одамлардан экан, муаллим кўнгил очиб суҳбатлашди. Меҳмон Навоий, Бобур ғазалларидан ўқиди. Суҳбат бугунги кун адабиёти, мактабларда ўқитилаётган дарсликлар хусусида борди.
– Ҳозир, – деди меҳмон, – улуғ ватан уруши ҳақида асарлар ёзилмоқда. Менимча, ёзувчилар фронт ортидаги халқ ҳаётини ҳам қаламга оладиган пайт келди.
– Тӯғри айтасиз, – суҳбатни давом эттирди муаллим.
– Айниқса, қирқ учинчи йилни. Душман Москва остонасигача келди. Фронтга деб бечора халқдан дон-дун, мева-чева, ҳатто туршак ва олмақоқигача тортиб олишди. Қўй-қўзининг-ку, қораси кўринмай кетди, шундай ҳовлига бостириб кириб, дод-войингга қарамай судраб чиқиб кетишарди. Халқ айниқса очликдан ўша йили қирилди. Кўпчилик ўт-ўлан еб, ё дамлаб, ё ичкетмадан ўлиб кетди.
Муаллим хаёлан ўша оғир йилларга қайтиб очликдан дунёдан ўтган яқинларини эсладими, ҳартугул сукутга чўмди. Жимликни меҳмонлардан бири бузди.
– Ҳа, оғир йиллар эди. Тӯсатдан кириб келиб ҳаммаёқни титиб ташлашарди. Аёллар-ку, дод-вой солиб бирор нималарни олиб қолишарди. Эркаги бор хонадонни талаш осон эди.
“Ҳозир фронтга жўнатаман”, дейилса бас, эркаклар индамай қолар, бор будини кўтариб кетишса ҳам “ғинг”, дейишмасди. Бир куни тоғамнинг уйини шундай талашди. Ҳеч нарса қолмагач, биттаси халтачада турган тузни ҳам кўтариб олибди. “Шунга ҳам зормисан?” дебди янгам. “Барибир овқат пиширмайсизлар-ку, энди туз сизларга керак эмас”, дермиш ифлос. Кейин ўша куни бизникига ҳам киришди. Энам чунонам уввос солди-ки, ҳалигилар жуда тешиб-кавлаб ўтирмасдан тезроқ кетишди. Тоғам билан омоч ҳайдардим. Бола эдим, неча марталаб ухлаб қолиб, ҳўкизнинг устидан йиқилиб тушганларим эсимда. Шу воқеадан бирор ҳафта ўтгач, тоғам далага чиқмади. Тоғам ухлаб қолган бўлса керак, деб уйига бордим. Борсам, остонада қўлини пешонасига тираб ўтирибди. “Тоға ишга бормайсизми, юринг, бормасак уполнамочи иккаламизни ҳам қамчилайди”, дедим. Тоғам бошини кўтариб менга қаради. Кўзлари бўм-бўш. Кейин уй ичига ишора қилди. “Булар ҳаммаси ўляпти. Иш-пишингга бормайман. Буларни кўмганимдан кейин ўзим ўламан. Мениям кўмадиган топилар-да”, -деди. Уйга кириб қарасам, ҳаммаси – янгам, учта боласи очликдан сулайиб, қатор ётибди.