и, – ўйлади у. – Билагузук баҳона уйини бир кўздан кечириб қўйсам яхши бўларди. Шпана болалар билан бирор кун ов қилиб қолармиз. Уникидан чиқаману сўнг қиморхонага боравераман”.
Худди шу режа уни йўлга бошлади.
Ғани тағин битта сигарет чеккач, шалвираб қолган ўриндиқни аянчли ғижирлатган кўйи машинадан тушди.
* * *
Латиф кеч қолганига ишонмагандай ҳануз маълумотлар хонаси туйнугига тирғалиб турарди.
– Нега қоққан қозиқдай туриб қолдингиз? – деди хизматчи аёл, қош-қовоғини уйиб, – поезд энди фақат индин бўлади.
Латиф ўйчан бош чайқади.
– Негадир кўнглим ғаш. Ярим йўлдан ортга қайтиб кетиш ёқмаяпти.
Аёл билинар-билинмас жилмайди. Сўнг ёнидаги термосдан бир пиёла чой қуйиб узатди.
– Аламдан кўнглингиз ғаш тортяпти. Аччиқ чойдан ичсангиз, аччиқ аламни босади.
– Раҳмат, – деди Латиф, шоша-пиша пиёлани қўлига оларкан.
Туйқус меҳрибончилик қилгани учунми, шу тобда аёл унинг кўзига ғоят гўзал кўриниб кетди. Чойдан босиб-босиб ҳўпларкан, жувонга тикилиб-тикилиб қаради.
– Намунча бақрайиб қолдингиз, – деди хизматчи аёл ўнғайсизланиб.
– Жуда гўзал экансиз, – беихтиёр оғзидан чиқиб кетди йигитнинг, – тўғриси, шунинг учун ёнингиздан кетолмай қолдим.
– Илтифотингиз учун раҳмат, энди туёқни шиқиллатиб қолинг.
Латиф бўш пиёлани қайтара туриб, тавозеъ билан илжайди.
– Чин кўнгилдан айтдим, ишонинг. Лекин жуда жиддий, сержаҳл экансиз.
– Эркаклар суюқ бўлгандан кейин, илож қанча. Жиддий, серзарда бўламиз-да.
Аёл минг бир қош-қовоқ уйса-да, лекин анча мулойимлашганини йигит пайқади.
– Менинг исмим Латиф, – деди у ҳануз илжайган кўйи, – биламан, барибир сиз исмингизни айтмайсиз.
– Розия, – деб қўйди жувон ҳеч кутилмаганда, сўнг бир оздан сўнг қўшиб қўйди, – сазангиз ўлмасин деб айтдим.
– Ҳамма гапларим чин юракдан, Розияхон, ишонинг. Узр, анча бошингизни қотириб қўйдим.
Латиф тавозеъ билан туйнукдан узоқлаша бошлади. Розия уни зимдан кузатиб турарди. Сўнг қаршисидаги кўзгучага ўзини солиб аввал илжайди, сўнг йиғлаб юборгудек тарзда маъюс тортиб қолди.
* * *
Шаҳарнинг кунчиқар томонида ястаниб ётган маҳаллани Кўкгумбаз деб аташади. Йўл бўйида, қари чинор панасида кўримсизгина чойхона бор. Лекин бу чойхонада бирор кимса мириқиб тановул қилганини, оёқ узатиб ҳордиқ чиқарганини эслаёлмайди. Кеч кириши билан чойхона атрофи кимсасиз бўлиб қолади. Лекин ичкари ҳужраларида ҳаёт қайнайди. Чойхона қиморхонага айланади.
Мана ҳозир ҳам қиморхона ширакайф кулгулардан аҳён-аҳён ларзага келиб турибди. Ҳужра ичи ёруғ. Тамаки тутуни тумандай қоплаб олган. Ўйин қизғин бораётган хонтахта тўрида серсавлат, мўйловдор кимса ёнбошлаб олган. Бу – Абрай лочин. Қартани худди орқасидан кўриб тургандай тусмоллаб, устомонлик билан ўйнагани учун уни дўстлари лочин деб аташади.
Эшик қия очилиб икки давонгирдай йигит – Наби ва Рустам ичкарига сирғалиб кирди. Улар Абрай лочиннинг ишонган одамлари. “Ош ейилса, ўртада сарсон илик” деб бемалол шулар ҳақида айтиш мумкин. Ўйин билан андармон қиморбозлар йигитларга деярли эътибор беришмади. Рустам ҳужра чеккаси бўйлаб тиззасида юрган кўйи Абрай лочинга яқинлашиб, унинг қулоғига шивирлади.
– Ғани билан қўнғироқлашдик. Молни икки соат ичида етказади.
– Яхши, – деб қўйди Абрай лочин, қўлидаги қарталардан кўз узмай, – ишларинг билан шуғулланаверинглар. Анови сибирлик меҳмонларни тузук ерга жойлаштирдиларингми?
– Хотиржам бўлинг, хўжайин. Гап фақат молда қолди. Молни бир амаллаб қўлларига тутқазсак бўлди.
Абрай лочин негадир гумонсирагандай Рустам ва Набига бир-бир кўз ташлаб чиқди.
– Ғани ҳозир қаерда экан?
– Билмадик, – деб чайналди Рустам, – уйида, шекилли.
Йўқ, Рустам адашди. Айни пайтда Ғани Амираникида, тузалган дастурхон ёнида мамнун ўтирарди. Енг – ёқасиз кўйлак кийган, юз-кўзлари ноз-ишвага лиммо-лим уй соҳибаси унга парвона.
– Ғани ака, – деди Амира ўн йиллик қадрдондай калтабақай эркакнинг елкасига қўл қўйиб, – жуда тортинчоқ экансиз. Костюмингизни ечи-иб, бемалол ўтирсангиз-чи…
Аёл қўярда-қўймай устма-уст узатган икки қадаҳ коньякдан сўнг анча бўшашиб қолган Ғани, унинг хоҳишига бўйсунди. Костюмини ечиб стул суянчиғига ташлади.
Айни чоғда эркакни Амиранинг гўзаллигидан кўра, хонадо