Бенедикт Андерсоннинг машҳур “Тасаввурда шаклланган жамиятлар” (Imagined Communities) номли илмий асарини ўқиб чиқдим. Ушбу асарни сиёсатшунослик, халқаро муносабатлар, журналистика, тарих соҳасига қизиққанлар учун албатта ўқиб чиқишларини тавсия қиламан. Ушбу илмий асарнинг асосий қуйидаги жиҳатлари эътиборга сазовор:
1. Жамият (давлатчилик) шаклланиши объектив факторларга (масалан, этник мансублик, тил) асосланмайди. Жамият (давлатчилик) бу – маданий феномен бўлиб, у ижтимоий конструктлардан ташкил топган; жамият шаклланиши бу сиёсий динамик ҳодиса сифатида гавдаланади (nation is an imagined political community);
2. Жамият тасаввурда шаклланадиган ҳодиса ҳисобланади ва бунинг асосий сабабларидан бири – бу унда яшайдиган инсонларнинг кўпчилиги бир-бирларини ҳеч қачон учратмаган ва улар бир-бирларини яқиндан билмасликларига қарамасдан, уларнинг онгида маълум бир жамиятга тегишлилик (миллийлик) ҳисси (a sense of belonging) яшайди; ушбу ҳис сиёсий нуқтаи назардан шакллантирилади; тил ёки этник мансублик автоматик равишда жамиятнинг жамоалигини, бирдамлигини таъминламайди;
3. Жамиятни тасаввурда шаклланишида қуйидаги жараёнлар муҳим ҳисобланади:
(3.1.) “хотирлаш”, яъни ҳар бир жамиятда хотирлаш субъектлари бўлиб (масалан, номаълум жангчи ҳайкали), улар жамоалик ҳиссини шакллантиришда асосий ўрин тутади;
(3.2.) “вақт” тушунчасининг модерн ва постмодерн замонда ўзгариши. Агар ўрта асрларда “вақт” тушунчаси инсонларга боғлиқ бўлмаган ҳодиса сифатида кўрилган бўлса, модерн ва постмодерн даврига келиб инсонлар “вақт”ни бошқариб, ўзлари унга мазмун кирита оладиган субъект сифатида кўра бошлайдилар; инсонлар ўз тақдирларини ўзлари белгилай оладилар, деган фалсафий тушунча марказга чиқади (тарихдаги революциялар бунга мисол бўла олади);
(3.3.) 18-асрда босма матбуотни ривожланиши (print capitalism). Оммага етиб борадиган газеталарда “вақт” белгиланиши ва инсонлар айнан шу вақтда (санада) бошқа юртдошлари (ҳатто улар бир-бирларини учратмасалар ҳам) қандай воқеаларда иштирок этишлари ҳақидаги маълумотни мутолаа қилишлари, ушбу жамиятдаги одамларнинг бир-бири билан боғлиқлик ҳиссини шакллантиради. Ушбу (бир-бирини мазмун жиҳатдан тўлдирувчи, масалан, бир кишининг далада буғдой ўриши ва бошқасини эса новвойхонада нон ёпиши) воқеалар ўз навбатида ўтмишни, бугунни ва эртани бир-бири билан мазмунли боғлаб, календарь “вақт” тушунчаси инсонларнинг кундалик хатти-ҳаракатлари билан боғлиқлигини кўрсатади ва шу асосида ушбу жамиятдаги одамларнинг жамоалик (ўша жамиятга тегишлилик) ҳиссини ривожлантиради;
(3.4.) 17-18 асрлардан бошлаб Европада ушбу босма матбуот лотин тилида эмас, балки у ёки бу жамиятнинг миллий тилида ишлаб чиқарила бошлаганлиги “тасаввурда шаклланган жамиятлар” феноменига хисса қўшган.