Бу йил олий таълим муассасаларида талабаларга онлайн таълим берилиши режалаштириляпти. Талабалар контракт нархларини арзонлаштиришни сўрамоқда. Бунга улар ҳақлими? Ҳақли бўлганда қандоқ. Сабабларини тушунтираман. Биринчидан, аксар ОТМларда таълим сифати нархига тушмайди. Буни дарс ўтадиган кадрлар, дарсликлар ва бошқаларда кўриш мумкин. Бу ҳудди сникерс нархига ўзимизда чиқадиган печак қандни сотиб олишдек гап. Бу билан печак қанд ёмон демоқчимасман. Носталгия, тўйларда тугунга қўшиб берилган вақтида, кулча нон билан яхши кетади ва бошқалар. Яхши кўрамиз. Лекин нарх масаласида инсоф биланда буёғи.
Иккинчидан, пандемия сабаб энг кўп зарарни солиқ тўловчи - халқ кўрди деб ҳисоблайман. Ўтган 5 ой давомида чўнтаклар деярли даромад кўрмади. Фақатгина харажат қилинди. Ўз-ўзидан бу тўловларга таъсир қилиши аниқ. Шу билан бирга, онлайн таълим бўлгани боис ОТМлар анча харажатларни тежайди. Бюрократия ва бошқалардан яхшигина тийилади. ОТМлар кераксиз ишчи ўрни – штатлар, ортиқча харажатлардан воз кечиши учун ҳам қулай имкон. Аммо талабанинг елкасига юк эвазига уларни сақлаб қолиш бозор иқтисодиёти талабларига ҳам тушмайди. Ўз ўрнида талабада онлайн таълим олиш учун ноутбук сотиб ол, интернет тушир, трафик ва бошқа харажатлар бошланади. Нархлардан эса ўзингиз хабардорсиз. Нархларни туширишга шу ва шу каби бир нечта факторлар бор. Бизда қуриб кетгур "part time job" деган нарсалар дейрли йўқ. Хуллас сабаб кўп. Постимда батафсил тўхталиб ўтирмадим.
Яна давлат ўтган вақт давомида кераксиз ва мақсадсиз лойиҳаларга банк тизими орқали миллиардлаб (агар триллион бўлмаса) суммаларни сарфлади. Ҳозир гапирсам, сен нега товуқларни гапиряпсан деб, менинг бошларимни оғритишлари мумкин. Хуллас тушундингиз. Айни вақтда эски ва тешиги кўп кемани ямаш билан бандмиз. Параллел тарзда янгисини қуришни бошлаш керак. Неомарксистлар билан ислоҳот қилиш қийинлигини тушунайлик. Бизга тоза қон либераллар керак. Бунинг учун таълимга, сифатига эътибор ҳар қачонгидан долзарб бўлиши шарт. Уларга жуда кам фоизли кредитлар (фақатгина банк маржаси ва бошқаларни ҳисобга олган ҳолда) ажратишни бошлаш керак (талабага ҳам, ОТМга ҳам (бюджет ажратган суммадан ташқари)). Шу орқали ҳам уларга анча ёрдам бериш мумкин. Бугунини эмас эртасини ўйлаган давлат шу гапларнинг мукаммал режалари билан банд бўлади.
“Беҳуда сарфларга кетадиган харажатларни илмга сарфламоқ керакдир. Илм бизнинг омилимиз, идеалимиз, муродимиз, тилагимиз ва муддаомиздир. Ҳозир барча кучни илм олишга қаратмасак, забун бўлурмиз”. Бундан 107 йил олдин жадидчи Беҳбудий “Ойина” журналида айтган гапларни яна бир марта эслатгим келди. Талабаларни ўйлайлик, таълимни юксалтирайлик. Бироқ уларнинг пулига юксалтиришни ўйлаш ожизлик ёки аҳмоқлик бўлади, фикримча.
Каналга уланинг:👇👇👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEhoco-Mv-zGiqnTUA