Энергетика вазири Алишер Султонов янги
интервьюсида ташқи қарз масаласида Американи мисол келтирибди, “Американинг триллионлаб доллар ташқи қарзи бор, биласми шуни?”, деб. Дарҳақиқат, Американинг триллионлаб доллар ташқи қарзи бор, ҳатто одам афсус билан ўйланиб қолади — Американи чин кўнгилдан ёмон кўрадиганлар уни балки айнан мана шу катта ташқи қарзлари учун ёқтирмас, чунки Ўзбекистонга ўхшаган учинчи (ёки тўртинчи?) дунё мамлакатларининг ўтирган ўрнини 5—10 йиллаб совутмайдиган вазирчалари “Американинг триллионлаб доллар ташқи қарзи бор” деб, камбағал бир мамлакатни охири қашшоқ статусига туширади.
“Американинг триллионлаб доллар қарзи бор” деган гап оғзининг бир чеккасидан чиқиб кетаверади, гўё биз ҳам шунга интилишимиз керакдек. Хўп, акаси, ташқи қарз бўйича яхши айтдингиз, энди, айтинг-чи, қарз-ҳаволага қуриладиган ҳалиги зорманда АЭСингиз қанчага тушади, деб сўрасанг, ҳатто тахминий рақамни айтишга ҳам қўрқади. “11 миллиард деб эшитувдим, Путинни помошниги Тошкентга келганида сизнинг ўрнингизга
айтиб кетувди”, деб ўзинг аниқлаштирсанг, “ҳали ҳисоблаш керак, балки бундан кўп, балки кам бўлар”, дейди. “Американинг триллионлаб доллар қарзи бор” деганингдаги каби шартта айтсанг-чи, “ҳурматли совуқда қалтираб ўтирган аксарият ўзбекистонликлар, сизлар 2030 йилдан бошлаб дальше совуқда ўтирасизлар, лекин мен бошлиқ шу бир-икки йилда Россиядан олинадиган 20 миллиард долларча қарзни ҳам тўлайсизлар, бу ҳатто ташқи қарз ҳам эмас, баттар бўлинглар”, деб.
Амалдорларимиз у ёки бу ҳолатда Американи мисол келтиришдан олдин, аввало, “бу йилги ноябрдагидек ҳолат
аввал бўлмагани учун” масъулиятни тил учида эмас, ростмана зиммага олишни, без бўлиб “биз лавозимга тайинланган биринчи кунданоқ истеъфога тайёр бўлиб ишлаймиз”
демасдан, “ўзбекистонликлар, мени кечиринглар, қиш кутилмаганда келиб қолганига, сизлар совуқда қолиб кетганларингга, роддомлар
совуқ тунда чироқсиз, пневмонияга чалинган одамлар кислородсиз қолиб кетаётганига, кўп қаватли уйларда одамлар совуқда нима қиларини билмай, уч боласи билан бирга
ис газидан заҳарланиб ўлиб кетаётганига мен ҳам айбдорман”, дейишни (ҳеч бўлмаса, дейишни – кейин истеъфо беришни ҳам ўрганишар) сал ўрганиш керак. Америка триллионлаб ташқи қарзи борлиги учун эмас, балки ҳокимият халқ олдида ҳисобдорлигини унутмагани, амалдор ўзини осмондан инъом этилган валинеъмат эмас, балки солиқ тўловчи, сайловчи, халқ томонидан шу халқ хизматини қилишга ёлланган оддий ишчи эканини ҳис қилгани учун Америкага айланган.
Темирйўл компанияси аэропорт қураётган (булар қурган сув омборни эсласанг, эҳ), прокурори том ва ертўлаларнинг қишга тайёргарлигини (коррупцияга қарши қанчалик “сермаҳсул” курашаётган бўлса, шунчалик “самарали”) текшираётган ва ҳоказо шунга ўхшаш мантиқсизликлар кунда-шунда бўлиб турган вақтда ўзбек амалдори ташқи қарз масаласида Американи мисол қилиб келтириши мутлақо бўлмағур иш.
Ўзимизга ўхшаган Замбияни мисол келтир, марҳамат, айт: “Қарз олиш керак, лекин Замбиянинг аҳволига тушгучалик эмас; Америкадек триллионлаб доллар қарз олиш учун бизда на сиёсий, на иқтисодий шароит бор”, деб.
Американинг ҳам триллионлаб доллар қарзи бормиш. Ҳэ ўргилдим кўрсатган кароматингдан!