Райҳонбиби кўзларидан дув-дув ёш оқиб, “берган тузингизга рози бўлинг, тоғажон”, деди.
– Мингдан минг розиман, қизим, борган жойингда тош бўл, ўзингдан кўпайиб, ували-жували бўл, қизим, – деди Нурмурод муаллим.
Тоға сўнгги бор Ширинбонуга мурожаат қилди.
– Кӯнглингизни кенг тутасиз-а, янгабону?
– Хотиржам бўлинг муаллим оға, мен мард одамнинг фарзандиман, сўзимда тураман, – деди-да мурсагининг ич чўнтагидан бир жуфт ойбалдоқ чиқариб, Райҳонбибининг қулоғига ўз қўллари билан тақди. Сўнг Нурмурод муаллимга юзланиб:
– Бу-ку, бир тақинчоқ, жиянингиз сўраса шундай қўлимни осмонга узатаман-да, ойни олиб бераман, – деди.
– Илоҳо, кам бўлманг, янгабону, сизга ишондим, – деди Нурмурод муаллим.
Бу хонадонда йиғилган узоқ-яқин қариндошлар ва тўрт қизалоқ тўй карвонини қий-чув билан шодумон кутиб олишди:
– Бизга опача келди! Бизга укача келди!
Тун.
Ширинбону боғда телбавор кезинар экан, нигоҳи дамба-дам келин-куёв хонасининг деразаси томон интиларди. У гоҳ у дарахтга суянар, гоҳ бу дарахтга пешонасини босарди…
Райҳонбиби тонг саҳарда туриб ташқарига чиқди. Юз-қўлини ювгач, қўлига супурги олиб, энди ерга икки-уч урган ҳам эди, Ширинбону хонасининг деразаси очилиб, ўзи кўринди.
– Муҳаррам, Мастура! Қаёқдасизлар?
Хизматчи аёллар дарвозахона олдидаги чоққина хонадан югуриб чиқишди. Ширинбону уйқусираб турган бу икки хизматчи аёлга қараб қичқирди:
– Ўликдай қотиб ётавермасдан эртароқ турмайсизларми? Ол бибингнинг қўлидан супургини!
Аёллардан бири Райҳонбиби томон шошилди.
– Қўяверинг эди, опа, қилиб юрган юмушим, супур-сидир оғир иш эмас-ку, – деди Райҳонбиби хижолат бўлиб.
– Йўқ, сиз ҳам бегойимсиз энди. Ичкарига кириб дам олинг!
Кичик хотин ноилож ётоқ томон йўл олди. Ширинбону эса деразани ёпиб, кўзгу олдига келди. Ўзининг ғира-шира аксига боқди. Ўтирди, турди. Ўринга чўзилди, яна турди. Парданинг қия бўлиб турган еридан яна келин-куёвнинг деразасига қараб турди-да, лабларини тишлаганча овозсиз йиғлади.
Бироздан сўнг Фармонбек ўрнидан туриб ташқарига чиқди.
– Бибижон, илиқ сув тайёрлаб қўйдим, тоғамнинг қўлларига ўзингиз қуйиб турасизми, – деди эшикдан мўралаб хизматчи аёл.
Тиззаларини қучоқлаб ўринда ўтирган кичик хотин бу юмуш ўзига юклатилган вазифа эканлигини англаб, ташқарига йўл олди.
Нонуштадан сўнг қизлар мактабга жўнашди. Район марказида ишлайдиган Фармонбекни уч-тўртта раҳбарга ажратилган “виллис” русумли машина ишга кетди.
Райҳонбиби ётоққа қайтиб кириб нима қилишини билмай бироз ўтирди, сўнг қизларнинг адабиёт дарсликларидан бирини олиб ўқишга тутинди.
Ўз хонасидан чиқиб келган Ширинбону ошхона хизматчиси Муҳаррамга қараб:
– Сен бугун хамир қор. Нон ёпасан, – деди.
– Хўп бўлади, бибижон.
Кўп ўтмай ёпилган ноннинг хушбўй ҳиди таралди. Бироқ нонлар Ширинбонунинг кўнглига ўтиришмади шекилли, у хизматчи аёлга танбеҳ берди:
– Менга қара Муҳаррам, бу биринчиси эмас. Яна бир марта нонларни ё куйдириб, ё гуллатиб қўйсанг, амакингникига жўнатиб юбораман. Юрасан ўша ёқда, тезак териб, таппи ясаб, тушундингми?
– Хўп, бибижон, тушундим, энди бохабар бўламан.
– Ҳа, кўзингга қараб иш қил!
Муҳаррам унинг эшитмаслигига ишончи комил бўлгач, ёнига келган Мастурага қараб секингина деди:
– Кундошни олиб келган ўзи, энди аламини бизлардан оляпти.
– Ҳа, бибим олдин бунақа эмас эдилар.
Деразага яқин ўтирган Райҳонбиби бу сўзларни эшитди. Унинг кўз ўнгидан қайнонаси билан турган пайтлардаги манзара ўтди…
... Ўша куни Муродилланинг иссиғи кўтарилиб, кечаси билан инжиқланди. Райҳонбиби туни билан кўз юммади. Тонгга яқин сочиқни намлаб боланинг пешонасига босиб ўтирган эди, эри хонасидан чиқиб юз-қўлларини ювди-да, янги хотинини ташқарига чақирди. У ҳам қорнини дўппайтириб чиқиб келди. Турсунбой унга анорларни сайлаб-сайлаб узиб берди, сўнг иккаласи қушларга ўхшаб, тумшуқ ўпишиш қилиб, яна хоналарига кириб кетишди. Бу хотира Райҳонбибининг юрагини худди ўша пайтдагидай зириллатди. У куни билан икки хизматчи аёлнинг суҳбати таъсири остида кўнгли аллатовур бўлиб ўтирди.