✍ Аёлнинг хатоси кечирилмайди.
- Қиз туғмай ўлай ман, қариганимда шу иснод ҳам бормиди бошимда?..- Сожида хола рўмолининг учи билан кўз ёшларини артиб, ердан бош кўтармай гапирарди.
— Эҳ, билмасам, қуда, келиндан шуни кутмагандик биз ҳам... Учта боласи бор-а?! Наҳотки уч боланг ҳам кўз олдингга келмади, дейман ўтирган жойларим билан куйиб кулми кўкка совурилиб. Яна бир оғиз кечирим ҳам сўрамайди. Одамни ақлдан адаштирмасин экан-да...- Қудасининг гаплари шундоқ ҳам эзилаётган юрагига ханжардек ботиб, Сожида хола иззилаб йиғлаб юборди:
— Акалари ўлдирамиз, бизга бундай сингилнинг кераги йўқ, дейишяпти. Ўша гаплар чиққанидан кейин, дадасининг қон босимлари кўтарилиб, бир томонлари ишламай қолганидан хабарингиз бор. Нима қилай, қонимизда бундайлар йўқ эди-ку. Қайси гуноҳларим учун бу кунларга қолдим-а...- Қуда бўлмиш қудағай хотиннинг зориллашидан ўксиниб кетди. “Она бояқишда нима айб? Қайси она фарзандидан нотинч бўлишни, боласининг оиласи бузилиб сарсон бўлишини истайди? Ҳеч бири. Ёшларда тавфиқ бўлмаса, катталарда нима айб...” Кўнглидан шу гаплар кечиб, Сожида холага хайрихоҳ тикилди:
- Қуда, улар ажрашишмайди. Ҳозир бу шармандаликни ўзаро икки хонадон биламиз. Ёпиғлиқ қозонни ёпиқлигича қолдириш ҳам ўзимизнинг қўлда. Мен бу ерда фақат невараларимнинг тақдирини ўйлаяпман...
Қудасини кузатиб қайтгач ҳам Сожида холанинг кўз ёшлари тинмади. Идишга қайнатиб совутилган сув олиб, эрининг дориларини чириш учун ичкарига кириб кетди.
- ... Ажрашаман, дада. Қандай қилиб менга хиёнат қилган хотин билан яшайман? Ҳаёт одамга бир марта берилади...- Шуҳрат алам билан қўлларини мушт тугди.
- Сени яхши тушуниб турибман, ўғлим, лекин бир эмас, учта боланг бор, ахир. Эркак кишининг ғурури – фарзандлари. Эрта бир кун фарзандларинг ўксиниб юрганини кўрсанг, пушаймон қилмайсанми? Агар ажрашмасанг, бу сирни ҳеч ким билмайди. Ажрашадиган бўлсанг, сиринг очилиб, шаънинг топталади ўғлим...- Шодиёр ака ўзини ўртаётган оғриқли ўйини ўғлига тушунтирганича, минг бир азобни бошдан кечирди. Шуҳрат “ялт” этиб дадасига қаради:
- Дадажон, ахир...- У калласига келган гапни айтмоққа оғиз жуфтлади-ю, негадир ўзини тўхтатди.- Кўнгилни қандай алдайман, дадажон... Хиёнаткор хотин билан бир том остида яшаш, бир уйга кириб-чиқишнинг ўзи бўладими...- Шуҳрат кейинги гапларини паст, изтиробли товушда айтди. Шавкат ака ўғлининг ҳам ажрашгиси йўқлигини пайқаб, бироз таскин топгандай бўлди. Аммо келиничи, келини ҳам хатосини англаб, узр сўраб келармикан? Хотин дегани ҳам янглиш қалтис қадам босиб, ҳам яна қайсарлик қилиб туриб олса... Эҳ, одамларга нима бўлган ўзи...
*
Шуҳрат Лайлони талабаликнинг биринчи кунларидаёқ ёқтириб қолганди. Гапирганда киши кўзига тик қарамайдиган, бирор гап сўрасангиз узун, оппоқ бармоқларини ўйнаб, ёноқларига қизиллик югуриб, ийманибгина сўзлайдиган қизни кузатиб юриб, иккинчи курсни битирар арафада унга кўнглини очди. Қизнинг ҳам йигитга мойиллиги бор эканми, Шуҳратнинг изҳорларини жилмайиб қўйиш билан қабул қилган бўлди. Севги тўла кунлар, аҳду паймон, соғинч, рашк ва муҳаббат ришталари кундан кунга бир биридан куч олиб, таҳсилдан кейин муносабатларни никоҳ билан мустаҳкамладилар.
Тўйдан кейин Шуҳрат иш тақозоси билан тез-тез хизмат сафарларига бориб турар, Лайло келинлик, рафиқалик хизматидан ошиниб эгаллаган касби бўйича ишлаёлмади ҳам. Шуҳрат баъзида ўсмоқчилаб, рафиқасидан ишламаётгани учун ўксинмаётганини сўраса, Лайло жилмайиб:
-Олдин рафиқалик бурчимни, кеилнлик вазифамни, оналик касбимни қойиллатиб бажаришни ўрганай, ана ундан кейин ўқиган соҳам бўйича ишларман,- деганди. Шу-шу бирин кетин туғилган болалар, уй-рўзғор ишларига кўмилиб қолиб, иши ҳам, дипломи ҳам эсидан чиқиб кетди. Ҳаммаси бир текисда, ажойиб кечаётганди. Нимадир бўлиб бахтли оиланинг мусаффо осмонига қора булут кўланка солди. Қора булутки хонадон шаънига бир умрга соя соладиган, исноди бошни эгиб, юзни қора қиладиган...
— Ойижон, ҳеч бўлмаса сиз менга ишонинг! Мен хиёнаткор эмасман! Виждоним тоза менинг!- Лайло зўр бериб онасига гап уқтиришга уринарди. Сожида хола ҳўнграганча йиғлаб юборди:
Виждонинг тоза бўлса, поклигингни исботлагин-да, уйингга бориб ўтир. Бо