чиндан севиб қолган эдими, унинг хоҳиши амалга ошишига қаршилик қилмади.
.....Аммо Саиданинг уйдагилари унинг бу ишини умуман маъқуллашмади. Катта акаси ҳатто бир шапалок туширди ҳам. Қиз бўлса севган йигити билан гапни бир ёққа қўйиб, бошқа вилоятдаги қариндошининг уйига бирга қочиб кетди. Фарҳоднинг хотини Мубина уларнинг бу қилмишини худога солиб, ўғилчаларини олди-да,юртига жўнади. У аслида тожикистонлик бўлиб,ришталар узилмаслиги учун аммасига келин бўлган эди.
.....Кейин Фарҳоднинг ҳовлисида ўттиз-қирқ кишига дастурхон ёзиб,тўй қилган бўлишди.Қайнонаси катта тўй қилишга рўйхушлик бермади.Рашки кучли бўлган эри тўйдан кейин Саидани севимли соҳасида ишлашига рухсат бермади. Бу хонадонда янги келинни ҳеч ким ёқтирмас,Фарҳоднинг онаси “укамнинг қизини бахтсиз қилдинг”, ―деб унга кўз очирмасди. Саида қайнонасининг таҳқирлари-ю, қайнсингил, қайнукаларининг кесатиқларига зўрға бардош берар, яқиндагина туғилган ўғилчаси Анвар билан овунарди. Уйдагилари бошида тегирмон тоши айлантиришса ҳам Саида чидашга мажбур, чунки ота-онаси номусга чидолмай, уни “оқ” қилишган, қудалар ўртасида умуман борди-келди йўқ эди.
Охири алоҳида уй қилиб, кўчиб чиқишди.Бу уйда Саидага ёқмайдиган бир нарса бор эди.Фарҳоднинг ўғилчалари қўшни республикада яшашса-да,эри уларни тез-тез кўришга борар, улар ҳам келиб туришарди. Эри уларга қимматбаҳо кийим-бош,ўйинчоклар олиб берар, бу эса Саиданинг жуда асабига тегарди.
Бир куни Фарҳод уйда йўқ пайтида Мубинанинг укаси келиб, жиянларини қолдириб кетди.Бири саккиз, иккинчиси олти ёшда бўлган болаларни қайтиб келмаслиги учун минг йўлни ўйлаган Саида охири уларни пичоқ олиб қўрқитди. “Агар яна келсанглар,мана шу пичоқ билан қулоқларингни кесиб ташлайман”,―деди у Фарруҳ билан Фирдавсга. Қўрқувдан дир-дир қалтираган болачалар зўрға қочиб қолишди. Шу-шу қайтиб келишмади ҳам.Саида бўлса эрига ўғилчаларининг келиб-кетганини айтиб ҳам ўтирмади.
Шу воқеадан бир ҳафта ўтар-ўтмас,Фарҳод кутилмаган автоҳалокат туфайли дунёдан ўтди.Қайнонаси ўғлининг жанозаси куни Саидани юмма талади. “Сен шумқадам аввал ўғлимнинг оиласини,кейин эса бошини единг”, ―деди у.Бу фожеа ота-онасининг юрагини эритиб,улар Саидани кечириб, борди-келди қиладиган бўлишди.Кексайиб анчагина кучдан колган отаси, акалари унинг рўзғорига қарашиб туришар,онаси-ку ёлғиз қизининг ёнидан кетмай қолган эди.
Худди шу кунларда унинг ҳаётида иккинчи ачинарли воқеа юз берди.Кутилмаганда севимли эрини йўқотиш, унинг асабларига кучли таъсир қилиб, бирданига Саиданинг оёқлари ишламай қолди.Анча йиллик даволанишлар,яқинларининг кўмаги билан бироз ўзига келди-ю, аммо касаллиги туфайли ҳеч ерда ишлолмай,ногиронлик нафақасига чиқди.
Бу орада Фарруҳ ва Фирдавс анчагина улғайиб қолишган,Фарҳоднинг яқинлари улардан ўз ёрдамларини аямай,ота юртларига қайтишлари учун қўлларидан келган ҳамма ишни килишганини Саида орқаворотдан эшитиб юрарди. Чунки Мубина ҳам турмушга чиқиб,яна бошқа фарзандлар кўрган,ўгай оталари йигитчаларни сиғдирмаган эди.
Саиданинг ўғли Анвар бўлса онасини роса куйдирди. У бебош,тарбиясиз бўлиб улғайди.Ўз дарди ўзига етарли бўлган Саида унга яхши тарбия беролмаганиданмикан, ёки кўпинча назоратсиз қолиб кетгани йигитчага салбий таъсир кўрсатганиданми, у жиззакироқ,жанжалкаш бўлиб ўсди.Бу орада бир йилнинг ичида Саиданинг ота-онаси ўтиб кетишди. Анвар бу орада бир жўраси билан кўчада жанжаллашиб,унга енгил тан жароҳати етказди. Натижада ахлоқ тузатиш колониясига ҳам тушиб чиқди.
“Эй худойим,ўзинг инсоф бергин ёлғизимга.” Саида опа бу гапни беихтиёр овоз чиқариб айтиб юборди-ю,хотиралар бағридан яна бугунига қайтди. Сокин ҳаракатлар билан қозонга шўрва солиштирди-да,у йга қараб йўналаркан, ўзини қандайдир беҳол ҳис қилди..Худди шу пайт дарвоза тарақлаб очилиб, ҳовлига Анвар кириб келди.Унинг кайфияти яхшилиги юз-кўзидан билиниб турарди.
―Ойижон,биласизми мен кимни учратдим бугун…―тўлиб-тошиб гап бошлади Анвар.Акаларимни кўрдим. Улар менга иш таклиф қилишди,коғоз қути ишлаб чиқарадиган янги корхона очишибди.
―Ие, сен уларни эслайсанми? ―сўради Саида опа, ҳайрон қолиб.
―Нега эсламас эканман акаларим-ку, улар ахир.