Сизни ҳам севарлар
#Каримберди_Тўрамурод
Адабиёт дарсида ўқитувчи эркин мавзуда иншо ёзишни буюрди. Матлуба муҳаббат мавзусида иншо ёзишга аҳд қилди.
“...Балки муҳаббат деганлари шудир, бўлмаса нега юрагим титрайди...”, деб ёзди иншосининг бир неча жойида.
– Матлюб, қара, қарагин, – дугонасини туртиб, қулоғига шивирлади Гули. – Сожи сатанг Бахтиёрга хат узатяпти!
– Менга нима узатса? – Сожида томонга қарамай шивирлади Матлуба. – Сенга нима? Иншонгни ёз!
Гулининг қулоғига дугонасининг танбеҳлари кирмади. Дам ўтмай, яна Матлубанинг биқинига туртди.
– Матлюб, Бахтиёр олди. Сатангнинг хатини олди.
– Қўясанми йўқми?! – асабий шивирлади Матлуба.
Ўқитувчига эшитилди чоғи, булар томонга кела бошлади. Матлубанинг ёнгинасида тўхтади.
– Тинчликми? Нима бўлди? Ёки дугонанг халақит беряптими, Матлуба? Гулини орқа партага ўтқазайми? – сўради Гулсара опа.
– Керак эмас, – хижолат бўлди Матлуба. – Ўтираверсин!
Ўқитувчи Матлубанинг ёзганларига разм солди.
– Яхши бошлабсан. Шоирона ёзибсан:
“...Балки муҳаббат деганлари шудир, ...”
Гулсара опа Гулининг ҳам ёзганига қаради-ю, унга танбеҳ берди:
– И-е, Гули қиз, сизга нима бўлди, “Менинг орзуим” деб сарлавҳани қўйибсиз, тамом. Ёки орзуингиз йўқми?
– Бо-ор, – каловланди Гули.
– Бор бўлса ёз, ҳадеб дугонангнинг қулоғига шивирламай!
Гули қип-қизариб кетди.
2.
Танаффусда Матлубасиз бир қадам ҳам босмайдиган Гули бир ўзи бориб, чинор остидаги ўриндиққа ўтириб, аразини намойиш қилди. Матлуба келиб, унинг ёнига ўтирган эди, нарироққа сурилиб, “ёмон аразлаганини” билдирди.
– Бас қил! – деди Матлуба. – Барибир аразлашни эплай олмайсан. Туриб кетсам, орқамдан ўзинг бориб, “яраш-яраш қилайлик”, деб безор қиласан.
– Бормайман, – тўнғиллади Гули.
– Сожида хатига жавоб олдими йўқми, шуни сўрамоқчи эдим, гапирмасанг гапирма, – деб туриб кетишга чоғланди Матлуба.
Шу ерда Гули чидай олмади, шарақлаб кулиб юборди.
– “Хатингни Шуҳратга ёз”, деб ўқимасданоқ Сожидага қаратиб отиб юборибди. Абдураҳмон айтди, – деди кула-кула.
Матлубанинг елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Бирдан дугонаси билан ғийбатлашгиси келиб қолди. Гулини юришга ундаб, мактаб боғи адоғидаги гулзорга етаклади.
Бу ер икки дугонанинг хос ери. Улар ўзларига ёқмаган дарсларнинг ўқитувчиларига тинчгина уруш эълон қилишади. Танаффусда шу ерга келиб атиргуллар орасига ўтириб олишади. Қирқ беш дақиқа беш дақиқадай ўтади-кетади.
Айниқса, математика деса, Матлубанинг нафаси қайтадиган бўлган. Ўқитувчи ҳам ўчакишгандай ҳар дарс журнални столга тап этказиб ташлайди-ю, “Матлуба борми? Ҳа, баракалла, доскага чиқ”, дейди. “Мен бўлмасам, шу муаллим дарс ўтолмайди-ёв”, дейди Матлуба синфдошларига.
Ҳозирги дарс ҳам математика эди.
– Шуҳрат билан куйдим-пишдимини Бахтиёр ҳам билар эканми? – сўради Матлуба доимги жойларига жойлашиб олганлариданоқ.
– Э, ўғил болалар бизлардай эмас, Матлюб, – деди Гули. – Улар дарров бир-бирларига айтадилар сирларини. Пахтадаги гапларни болалар ҳаммаси бир-бирига етказишган. Бахтиёр ҳам эшитган-да.
Пахта ҳашарига боришганида Сожидалар турган уйга кечаси Шуҳрат келган, иккаласи бемаҳалда гаплашиб турган, уй бекаси шу кечасиёқ “Менинг қизларимнинг ҳам тарбиясини бузасан”, деб Сожидани қувиб солган эди.
– Тавба, нега шунақа-я? – сўради Матлуба. – Ўғил болаларга Сожиданинг нимаси ёқаркан-а? Аллақачон Раҳмат, Меҳриддин, Шуҳрат, ...
– Энди эса нишонда Бахтиёр, – деди Гули айёрона кўз қисиб.
– Қўйсанг-чи? – деди хомуш бўлиб Матлуба.
– Ҳа, ёқмадими? – деди Гули. – Мени сезмайди, дема. Ҳаммасини сезиб юрибман. Бахтиёрни ундан қизғанаяпсан-а?
– Ҳе, ўл сен, шпион! – ёлғондакам таҳдид қилди унга Матлуба. – Ким айтди сенга? Менга нима? Менга деса ҳамма ўғил болалар билан севишиб чиқсин.
– Ҳаммаси билан севишса майли-ю, Бахтиёр билан севишмасин, де, – қиқирлади Гули.
Матлуба унинг биқинидан яхшилаб чимчилаб олди.
– Ўчир овозингни, ... мен, ... менга, ... мен уни ... яхши кўрмайман.
– “Мен-мен”лаб қолдингми? Тилинг тутилиб қоляптими? “Балки муҳаббат деганлари шудир?”
– Ҳозир туриб кетаман! – деди Матлуба.
– Қўй, бормай тур шу синфга, Сожида яна бир-икки хатини жўнатишг