қотди.
– Саида, кел ўтир.
– Майлингиз...
– Райҳонбибидан хабар борми?
– Ҳозирча биров келиб, бирор нарса дегани йўқ.
– Ҳа, – деди Нурмурод муаллим ва жимиб қолди.
Саидабону эрининг равишига қараб жим ўтирди.
– Узатиб юборганимизга ҳам икки йил бӯлиб қолди, бир хабар олайлик, – деди ниҳоят эр.
Агар кундоши ул-бул деб сиқувга олаётган бўлса, жигаримнинг қизи, азоб емасин, бағримга қайтариб оламан.
– Йўғ-э, янга едириб-кийдириб, дўхтир-у, табиб қилиб даволатиб юрибди.
– Барибир, бир хабар олайлик...
Эртаси куни муаллим колхоз идорасидан қӯнғироқ қилиб, Фармонбекка меҳмонга боришаётганини маълум қилди. Нурмурод муаллим хотини билан кириб келганида, дастурхон ноз-у неъматларга тўла, уй эгаси ва икки аёли ҳам ҳозир эди.
Суҳбат ер-сув, ҳукумат қарорлари хусусида борар, аммо меҳмонлар ҳам, мезбонлар ҳам нимадир айтилмаётганини сезиб турар эдилар.
Ахийри Нурмурод муаллим Ширинбонуга қараб деди:
– Янгабону, қизимизга рухсат берсангизлар, уйга олиб кетай, бир-икки ой меҳмон бўлсин. Сўнг бориб олиб келарсизлар.
Ширинбонунинг ранги ўзгарди.
– Муаллим оға, чиққан қиз чиғириқдан ташқари, ўз уйи, ўз жойи бор одам сизникида бир-икки ой нима қилади?! Иккаламиз от-аравага чиқиб, ойдай бўлиб бориб, икки кун меҳмон бўлайлик, уч кун меҳмон бўлайлик, кейин яна ойдай бўлиб қайтиб келаверамиз.
– Энди, янгабону сиз тузган режалар бўлмай турганига биз ҳам бироз ўйланиб қолдик.
– Ўйланманг, бир марта берган Худо яна беради! Бешта беради, тилайверсанг, ўнта ҳам беради!
– Дўхтирларга, табибларга кўрсатиб юрганингиздан хабаримиз бор...
– Дўхтир ёрдам бермаса, табиб ёрдам бермаса, қўлидан келмагандир. Энди ўзим даволайман. Ниятим холис, тепамда Худо бор!
Жим ўтирган Райҳонбибидан ҳам садо чиқди.
– Тоға, Худо яна фарзанд берса берар, бермаса, шу опамнинг қизлари менинг ҳам болаларим, қайтиб бормайман.
Фотиҳа ўқилгач, меҳмонлар ӯринларидан қӯзғолдилар.
Ширинбону табиб-у, азайимхонлардан ҳам умидини узиб, бир неча кун дилгир бўлиб юрди. Аммо у осонликча қўлини қўлтиғига урадиганлардан эмасди, ниҳоят бир қарорга келди.
Эрта тонгда Ширинбону хонасининг деразаси шарақлаб очилди.
– Муҳаррам қаердасан?!
Бекасидан ҳам эртароқ турган хизматчи аёл бир зумда етиб келди.
– Лаббай бибижон.
– Хамир қор! Нон ёпасан!
– Ҳали кеча ёпилган нонларнинг ярмидан кўпи турибди, бибижон.
– Гап қайтарма, айтганимни қил!
Муҳаррам ёпилган нонларни йиғиб олгач, Ширинбону хизматчи йигитни чақирди.
– Норбўта, тандир ичидаги чўғни сидириб, чиқариб ол!
Йигит тандир ичини чўғлардан тозалади.
– Энди қизларни бозор айлантир. Ширинликлар, хўрозқанд олиб бер. Кечга томон қайтасизлар.
Ширинбону чўнтагидан пул чиқариб йигитга узатди. Хизматчи йигит кетгач, тандир ичига бир-икки ғўла ташлади-да, сўрида ўйчан ўтирган кундошига юзланди.
– Райҳонбиби, бери келинг. Мана бу чопонни кийиб, тандир ичига тушинг. Анави ғўлалар устида ўтиринг, оёғингизни пастга қўйманг, куяди.
У кундошига тандир ичига тушишида кўмаклашиб юборди-да, бошидаги рўмолини олиб Райҳонбибининг устига ёпгач, хизматчи аёлга қаради:
– Муҳаррам, пайдар-пай новвот чой тайёрлаб турасан.
Райҳонбиби ўт-оташ тандир ичида чўққайиб ўтирганча, тўхтовсиз кундоши узатган ширин чойларни ичар, бошидан қуйилаётган тер, кўзларини ачиштириб иягидан бўйнига оқарди. У шу тариқа қанча ўтирди, билмади. Аммо бутун бадани чўғдек қизиб, кўйлак- лозимлари тердан жиққа ҳўл бўлиб кетди. Яна бир пиёла қайноқ чойни ютоқиб ичар экан, “опа, чиқақолай” деди.
– Чиқинг, айланай, чиқинг.
Ширинбону кундошини тандир ичидан чиқариб олди-да, тезда бошига яна бир чойшаб ёпиб, хонаси томон етаклади. Ўрнига ётқизиб, устига қалин кўрпа ташлагач, асал аралаштирилган бир коса қайноқ сут ичирди. Энди Муҳаррам кун ора нон ёпар, кичик хотин яна тандир ичига тушар, ҳар гал кундоши тепасида туриб новвот чой ичириб турарди. Шунингдек, ошхона хизматчиси катта бибининг топшириғи билан ҳар куни кичик биби учун шифобахш ўсимликлар қўшилган сергўшт таомларни алоҳида тайёрлаб, хонасига киргизиб турди...
...Нонушта тайёрлаб бўлган хизматчи аёллар ҳар иккала бекани дастурхонга чорладилар.
Ҳеч нарса егиси келмай ўтирган Райҳонбиби дастурхондаги шўр помидорга қўл узатди. Ўз хаёллари билан б