Бу учрашувни Ултонбой неча йил кутганди, ундаги ҳар сўз, ҳар ҳолатни ипга маржон тизгандай тизиб, тизавериб, режалаб, тунларни тонгларга улади. Аммо... Ҳаммаси кутилмаган жойда, бир зумда содир бўлди. Ултон шу дамгача ҳам ёлғиз эди, аммо хаёлида бир кун келиб, уни тушуниб, суянч бўладиган ўғли, умиди бор эди. Энди ҳеч нарсаси қолмади.
Ҳа, ундан ҳам ўтган. Шу пайтгача ўғлини бирон марта бўлсин изламади. “Онаси қўймайди”, деган важ ўринсиз эканини гўдак ҳам билади. Учрашгиси, бағрига босгиси келарди. Фақат шунча йил давомида харажатларидан беш-олти сўм ажратиб, ўғлининг йўлини тўсиб, “Ҳой бола, мен сенинг отангман, нима бўлган бўлса, бўлди, энди мени меҳрингдан бенасиб қилма. Ма, ишлатарсан” деб, қўлига беришга ҳафсала қилмади. Аслида, ўғлига айтмоқчи, тушунтирмоқчи бўлганларини ўзи ҳам яхши тушунмасди. Билгани, унинг момоси билан Нодиранинг момоси опа-сингил бўлишган, Нодиранинг момоси тўй кечаси севган йигити билан қочиб кетган.
— Мен ҳеч нарсани билмайман, келинни топиб келасан, элни тўйга айтиб қўйганман, — туриб олган куёвнинг отаси.
Шу ерда қариндошлардан бири манзират қилган:
— Ундай бўлса... Келиннинг опаси бор.
Ҳамма олдин бир-бирига, сўнг қудаларнинг оғзига қараган.
— Йўқ, бўлмайди, — рад қилган қизнинг отаси.
— Нега?
— Айби бор... Сағал букрироқ, — тушунтирган ота ҳамон бошини ердан кўтармай.
— Э-э! Букрироқ эмиш, қора қозонини қайнатиб, эшигини очиб ўтирса бўлди-да. Фалончининг келини куёвни ташлаб қочиб кетибди, дегандан кўра яхши-ку. Тўйни келинсиз нима деймиз, худойи деймизми? А, Абдумўминбой?
Абдумўминбой — куёвнинг отаси, ҳеч нарса демаган. Унинг ўрнига ҳам ҳалиги киши буйруқ берган:
— Бўлди, қизни тайёрланглар!
— Йўқ, ундай қилманглар, илтимос, — ялинишга тушган ота, — катта қизим жуда қисинчоқ, кўнгли ярим. Тенг-тўшидан кам бўлиб, шунча қийналгани етар, ортиқча хўрликни кўтара олмайди. Абдумўминбой, хўп денг, қилган харажатларингизни секин-аста узаман.
Абдумўминбой қудасининг юзига бир зум тикилиб туриб, миясига келган ёвуз бир ўй қарорини қатъийлаштирган.
— Йўқ, шу қизингни берасан, букри жойини ўзимиз тўғрилаб оламиз!
Букрини гўр тўғрилармиш, деганлари рост бўлса керак, шўрлик келиннинг кирмагани бир гўр бўлди. У еган тепкиларни эгри заранг таёқ еса, алифдек бўлар эди. Бир умр ўлимини кутиб яшади, тезроқ ўлса-ю, уни шу азобларга гирифтор қилиб, ўзи ҳам кун кўрмай, биринчи фарзандини туғаётиб ўлиб кетган синглисининг ёқасидан тутса! “Ўзинг ўлиб кетар экансан, мени ўтга ташлаб нима қилардинг?”, деса.
Тўйдан олдин бир кун синглиси гап топиб келди:
— Чучук, у дунёда опа-сингиллар юз кўришмас экан.
— Нега?
— Сабаби, бу дунёда эр талашиб, юз кўрмас бўлган опа-сингиллар кўп экан. У дунёда бир-биримизнинг юзимизни кўролмас эканмиз, бу дунёда бир-биримизнинг қадримизга етиб юрайлик.
Шундай деган одам опасини ёнаётган ўтга ташлаб кетди. Бундай қилгандан кўра эрини тортиб олгани яхши эмасмиди?
Ундан бир ўғил қолди. Ота қизининг қилиғидан қанча орланган бўлса ҳам, қизи ўтиб кетгач, куёвини кечирди. Тўй-маъракаларида неварасини айтувсиз қолдирмади.
Нодира ана шу невара ўғилнинг қизи. Чучук момо невара қизини узатаётганда, Нодира бобосиникига меҳмонга келган эди. Уни ҳам тўйга олиб боришди. Тўйга келган қизлар ичида ҳам хушрўй, ҳам бегона бўлгани учун дарров кўзга ташланди.
— Бу қиз ким, — деб сўровчилар кўп бўлди.
Ҳатто Чучук момонинг чоли ҳам қизиқди. Ким эканлигини билгач, қозоннинг бошида ўтирган кенжа неварасини олиб келиб, қизни кўрсатди:
— Сен шу қизга уйланасан.
Дунёбехабар қиз дугоналарининг даврасида нималарнидир завқ билан сўзлаб турарди. Унга қараб йигитнинг кўзлари ёниб кетди:
— Бўпти, бобо!
— Фақат бир кечага! — кўзлари пирпираб кетган неварасининг елкасига қўлини қўйди. — Менинг орим учун шу ишни қилишинг керак. Кейин олдингисидан ўн бора катта тўй қилиб, бундан ҳам гўзал, бундан ҳам ёш қиз олиб бераман. Машина сеники, мол-ҳолимни сенга қолдираман.