#REMINDER
وَٱعۡتَصِمُوا۟ بِحَبۡلِ ٱللَّهِ جَمِیعࣰا وَلَا تَفَرَّقُوا۟ وَٱذۡكُرُوا۟ نِعۡمَتَ ٱللَّهِ عَلَیۡكُمۡ إِذۡ كُنتُمۡ أَعۡدَاۤءࣰ فَأَلَّفَ بَیۡنَ قُلُوبِكُمۡ فَأَصۡبَحۡتُم بِنِعۡمَتِهِۦۤ إِخۡوَ نࣰا 3:103
«Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз».
Тафриқага бўлиниб кетманг. У ёки бу гуруҳ аъзоси бўлиб, ўзингизни унга нисбат бериб, бошқасини ўзингизга душман кўриб олманг.
Гуруҳлар, каналлар, жамоалар бўйоғи остида бирлашманг. Аллоҳни бўйоғи остида бирлашинг!
Унутманг, сиз энг аввало мусулмонсиз. Трейдерлик вақтинча, нари борса, қариб – миянгиз суюлгунича трейд қиласиз ва аслида бу – ризқнинг сабабларидан бир сабабни тутиш, холос.
صِبۡغَةَ ٱللَّهِ وَمَنۡ أَحۡسَنُ مِنَ ٱللَّهِ صِبۡغَةࣰ وَنَحۡنُ لَهُۥ عَـٰبِدُونَ 2:138
«Аллоҳнинг бўёғини (лозим тутинг). Аллоҳнинг бўёғидан чиройлироқ бўёқ бергувчи ким бор?! Ва биз Унга ибодат қилувчилармиз».
Эй гуруҳ/канал эгаси! Буни очишдан мақсад нима эди? Билганларингизни бўлишиб, атрофга манфаат улашишми? Ёки кимнидир муҳокама қилиш билан трейдерларни вақтини ўғирлашми, кимгадир жавоб қайтариш билан гуруҳ ичида ғийбатга майдон ҳозирлашми? Мақсадингизни аниқ қилиб олинг ва ундан чалғиманг.
Сизга отилган тошларни ўзингиз териб олмагунингизча, у сизга тегишли эмас, вақтни ўзи кўрсатиб қўяди асл ҳақиқатни, сиз эса йўлингиздан чалғиманг!
Эй гуруҳ аъзоси! Мақсадингиз гуруҳда кимдирларни ғийбат қилиш, тортишиш ва ўртада фужр тарқатишмиди? Ёки ўзингизни трейдер сифатида ўстириш ва бу касбни пухта эгаллашмиди? Мақсадингизни аниқлаб олинг.
Агар икки жамоа бир-бири билан тортишаётганини кўрсангиз, ўртани ислоҳ қилишга киришинг. Агар ислоҳ қўлингиздан келмаса, комментлар ёки репостлардан ўзингизни тийинг, оловга ёғ сепувчилардан бўлманг, ўртада бирини иккинчисига юз кўрмас бўлишида олқишлаб турувчи бўлманг.
Шундоқ ҳам қалблар жипс эмас, аксари тарқоқ миллат бўлиб қолдик, бир мақсад устида бирлаша олмаймиз ва бир-биримизни кўра олмаймиз, чидай олмаймиз. Бу соҳа ҳам энди бизда бўлинишликка хизмат қилмасин.
Бу дуони кўп айтиб юринг:
«Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмагин, эй Роббимиз, албатта, сен шафқатли ва меҳрибонсан» 59:10.
Бу ўзимга ва барча мусулмон биродаримга умумий эслатмадир. Бу ердан ҳеч кимга киноя, теккизиш ва пичинг изламанг!
Атрофда бўлаётган ҳодисалардан ибрат олиб, кўзни очайлик ва булар синов эканлигини унутмайлик.
───── ◉ ─────
@reminderstrade