Malohat Anvar
رفتن به کانال در Telegram
Ассалому алайкум ва рохматуллох! Ушбу каналда ўзимнинг шахсий фикрларимдан ташқари бошқаларнинг ўзимга ёққан ибратли ҳикоя ва мақолаларини ҳам улашиб боришни ният қилдим. Аллоҳ манфаатли қилсин.
نمایش بیشتر959
مشترکین
اطلاعاتی وجود ندارد24 ساعت
-77 روز
-2730 روز
آرشیو پست ها
Кечаги чодирлар ичида ёнаркан қимирлаётганини кўрганимиз йигит... Исми Шаъбон - луғавий маъноси “фироқ”, “айрилиқ”, “унутилмоқ” бўлган ойнинг номидан олинган экан…
Аммо бу ҳофизул Қуръон бўлган йигит - Шаъбон бу дунёдан айрилган бўлсада, яқинлари унинг фироқидан ўртансаларда, у асло унутилмаяжак! Қиёматга қадар унга ва унинг кабиларга қилинган зулм золимларнинг ва уларнинг зулмига сассиз қараб турганларнинг номаи аъмолига ёзилаяжак!
Аллоҳ унга ва у каби олов ичра шаҳид кетганларга оловни худди Иброҳим алайҳиссаломга қилгани каби совуқ ва омонлик қилиб қўйган бўлсин!
Золимлар ўзларининг зиддига гувоҳларни кўпайтириб, Дўзаҳ оловини қозонмоқдалар…
Аммо уларнинг зулмига томошабин бўлиб турган миллиардлаб мусулмонлар нима қозонмоқдамиз?! Аллоҳнинг раҳми келсин бизларга…
Уларнинг айби нима эди?…
Бир лаҳза шу йигитнинг ўрнига ўзингизни, фарзандингизни қўйиб кўринг…
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъуун!
Бугун тунда сионист ҳарбий учоқлари чодирлардан паноҳ топган инсонларни бомбалади.
Ғаззолик журналист: “Кўз ўнгимизда тирик инсонлар ёнмоқда! Қўлимиздан бир иш келмаяпти, оловни сўндириш, одамларни қутқаришдан ожиз қоляпмиз…” дея қон йиғлаб ҳайқирмоқда…
Ваҳшийлик борган сари авж олмоқда…
Худди Қуръонда қиссаси келган Асҳабул Уҳдуд ( Чоҳ эгалари) воқеасини такрорланаётганга ўхшайди…
Аллоҳим! Золимларга Ўзинг кифоя қил!
😓😢
Бир ўқувчим ушбу видеони юбориб, “Шу гаплар ростми?” деб сўради.
Афсуски ҳа…
Туркия нафақат иқтисодий томондан катта инқирозни бошидан кечиряпти, балки катта маънавий инқирозга ҳам юз тутган.
Ватани учун жонини берадиган, иймонли авлод кексайиб, вафот этиб камайиб боряпти, ўрнига ҳеч қандай қадриятларни тан олмайдиган, ғарбнинг усталик билан қўйган тузоқларига тушиб улгурган заиф бир авлод етишиб келяпти.
Бугунги кунда ҳар бир давлат олдида ҳам ақлан, ҳам жисмонан соғлом авлод етиштириш муаммоси кўндаланг бўлган.
Профессор Ахмет Алчиннинг куюниб айтган гапларидан айримлари:
- Туркияда жинсиятсиз жамият учун аллақачон яшил чироқ ёқилган.
- 400. 000 нафар уғил бола, жинсини ўзгартириб қиз бўлиш учун давлат касалхоналарида навбатда турибди.
- 2700 қиз бола эса жинсини ўзгартириб уғил бола бўлиш учун навбат кутяпти. Булар 12-19ёш оралиғидаги болалар, ёшлардир.
- Энг ачинарлиси, бу операцияларнинг маблағларини давлат суғуртаси тўламоқда.
- 400.000 сони яқинда 500.000, 600.000 булади,
сабаби "БИЗ ЖИММИЗ"
Фаластинлик ўртоғим юборган расмдаги рақамларни кўриб юрагим зирқираб кетди.
“Бир йил аввал бошланган “Ақсо тўфони”дан кейин бир йил ичида, “исроил” Ғаззода 3,654 та қирғинни амалга оширди.
Шаҳидлар сони - 41 800 га етди.
Шулардан 16927 таси болалар,
11487 таси аёллар.
Йўқолганлар сони - 10000
Жароҳатланганлар сони - 97166
Ҳибсга олинганлар - 5000
Бошқа ерга кўчирилган аҳоли - 2 миллион
Вайрон қилинган манзиллар сони - 230000 та
Вайрон қилинган масжидлар сони - 9б2 та”
Агар қирғин давом этаверса, бу рақамлар сони ортаверади.
Аллоҳ тезроқ нусрат берсин!
МУҲИМИ, ОДАМ БЎЛСИН!
Бир йил аввал Истанбулга келганларида кўришолмаган мана шу опам билан кеча кўришдик алҳамдулиллаҳ.
Аввал ўқувчим бўлиб, кейинроқ инглиз тили устозимга айланган бу опамиз билан виртуал кўришиб, бирга дарслар қилиб юриб у кишининг самимий инсон эканларини билардим ва қандайдир руҳий яқинлик ҳис қилардим.
Аммо жонли кўришган бари-бир бошқача эканини, инсоннинг аурасини, ундан таралаётган ижобий энергетикани фақат юзма-юз кўришганда ҳис қилиш мумкинлигини билдим.
Ёшларига нисбатан анча ёш кўринадиган, юзлари, қош-кўзлари пардозсиз, аммо табиий чиройли, гап-сўзлари, ҳатти-ҳаракатларида ҳам табиатан назокат уфуриб турган бу инсонни ўзим учун яна қайта кашф қилдим ва янада яхши кўриб қолдим.
Ижтимоий ҳолатлари айрим тўрт танга топиб кибр отига минган инсонлардан анча юқори бўлсада жудаям камтар эканлар.
Уйим уларга, улар турган жой бизга узоқ бўлгани сабаб иккимизга ҳам яқинроқ бўлган ўрта масофда жойлашган бир ерда кўришдик.
Мен ўғлим билан боргандим, у бизни ҳоли қолдириб атрофни айланишга кетди. Опамни 13 ёшли ўғиллари ҳам нарироққа бориб ўтирди. Икковимиз, худди минг йиллик қадрдонлардек суҳбатлашдик. Опам оилалари фотоларини кўрсатиб ўғил-қизларини таништирдилар. Ўзлари бир дона қиз бўлган эканлар, “катта оилага тушсам, болаларим кўп бўлса” деб орзу қилган эканлар, ниятларига етибдилар. Ҳозир 3 ўғил бир қизлари бор экан. Ҳаммалари ўқимишли, зиёли, бир-бирини яхши кўриб, ҳурмат қилиб, эъзозлаши шундоқ кўриниб турган гўзал оила экан, ҳавасим келди.
Аммо туришларидан икки ўғилни уйлаган, неваралари бор аёлга ўхшамайдилар.
Сал туриб опамни турмуш ўртоқлари келдилар. “Ўғлиз келсалар бу киши кўришиб-танишиб олсалар бўларкан” дегандилар ўғлимни телефон қилиб чақирдим. Икки томон эркаклари кўришиб танишгунча мен ҳам опам билан яна бироз суҳбатлашиб олдим.
Кейин улар “яна кўришиш насиб қилсин, Тошкентга борсангизлар албатта меҳмонимиз бўласизлар” деб, биз ҳам “Иншааллоҳ борамиз, сизларни ҳам Қўқонга таклиф қиламиз, тўй қилсак ҳам келасизлар. Кейинги сафар Истанбулга келсангизлар келинимнинг қўлидан чой ичиш насиб қилсин” дея хайрлашдик.
Ўғлим ҳам уйга қайтаётганимизда , “хўжайинлари ҳам самимий, муоамалали инсон эканлар, роса ёш кўринарканлар” деган гапидан кейин, “Агар оилада меҳр-муҳаббат яшаса, демак у оиладаги эр-хотин қаримай, ўзидан ҳаммага ижобий энергия таратиб юрарканда…
Қанчалар бой бўлсада аммо ўзи суймаган одам билан яшаб юрган одамларнинг юзи доим тундлиги оилавий бахтнинг йўқлигидан бўлса керакда.
Сенга ҳам ичида доимий меҳр-муҳаббат яшайдиган оила қуриш насиб қилсин …”
дедим.
Бир кун олдинги нохуш учрашувдан вайрон бўлган қалбим, бу учрашувдан кейин тикланиб обод бўлди гўё.
Бугунги тезкор, ҳамманинг иши ўзидан зарур бўлган, одамлар моддий нарсага тўйган, маънавий дастакка, дилдан суҳбатга эҳтиёжи ортган замонда инсонлар орасидан дили дилингга, тили тилингга мос самимий суҳбатдош ҳам бир неъмат.
Бундай инсонлар билан учрашув ва суҳбат - энг қиммат психолог ҳузуридаги муолажадан кўра яхшироқ натижа беради.
Шу икки кун ичида аввалдан қилган бир қарорим янада қатъийлашди:
Энди одамларга ўзлари менга қандай бўлишса шундай ёндошаман! Кибр қилганга кибр қиламан, тавозеъ кўрсатганга тавозеълик бўламан! Ҳурмат қилганни ҳурматини жойига қўяман, ерга урмоқчи бўлганга эшикни кўрсатиб қўяман.
Қанча умрим қолди билмайман. Қолган озгина умримни ўзи жоҳил аммо ўзини ҳаммадан зўр деб биладиган Фирьавн қалбли, кибрли кимсаларнинг сохта, тил учида ёки менсимаган муомаласини кўтаришга, қош-қовоғига қарашга, илм аҳлини кўрганда нафратдан бужмайиб кетадиган башарасига тоқат қилиб яшашга сарфлаш ниятим йўқ.
Умримнинг давомини фақат илмли, зиёли, хуш чеҳра, кулар юзли, ширинсухан, оддий, камтар, беғубор инсонлар билан кечиришни истайман. У инсонлар менга ким бўлиши муҳиммас! Муҳими одам бўлсин!
#шунчаки.
Кеча, эрталабда дарсим бор эди, пешиндан кейин яхши ният билан, ажр умидида бир жойга бордим.
Етиб боргунимча асрга яқинлашиб қолганди.
Аммо у ерда бироз тургач, борганимдан минг пушаймон едим..қалбимга қаттиқ оғриқ берган ҳолатлар бўлди…
Нима бўлгани муҳиммас…
Билмадим, менинг холис ниятимни қарши томон бошқача тушундими, ишқилиб ўзимни жуда ноқулай ҳис қилдим.
Шомга яқин қолганда у ердан айрилдим. Шитоб масжид томон борарканман, ич-ичимдан кучли йиғи келиб, ўз-ўзидан кўзимда ёш қуйилиб келаверди.
Узоқ дуо қилдим. “Аллоҳим, қалбимга озор берадиган ҳолатларга бошқа туширма, бандаларинг озорласа ҳам Ўзинг азиз қил” дея йиғлайвериб пишиб кетдим.
Аввалдан кўнглим нозик эди, янада ҳассослашиб кетибди шекилли.
Ёки охирги пайтларда атрофимда фақат аҳли илмлар ва тарбияли, юзи очиқ, кўнгли юмшоқ инсонлар бўлгани учунми, энди сал норози қараш, қўполлик, жеркиш эшитиш, менсимаган оҳанг ҳам юрагимга санчиладиган бўлиб қолибди…
Масжидга кириб, шомни ўқиб бўлдим ҳамки кўз ёшим тинмасди. Йиғлайвериб пишиб кетдим…
Кейин, масжид таҳоратхонасига кириб юзимни муздек сувга ювиб, ўзимга келиб йўлга чиқдим.
Автобусга чиқдим, жуда тиқилинч эди. Ёнимдаги аёл кўзларим қизарганини кўриб, “сиқилма, ҳаммаси яхши бўлади” дегандек имо қилди.
Йўл ярмида бир киши тушиш учун ўрнидан турди. “Барибир анави ёнидаги киши ўтиради” деб турсам, ҳалиги киши негадир мени ўриндиққа ўтиришимга ишора қилди.
Ўтирганимдан кейин ёнимда ўтирган аёл телефонидан қўлдаги нуқталарни босиб масаж қилиш ҳақидаги видеони кўрсатиб тушунтира кетди.
Бироз гаплашиб, ҳалиги аёл билан танишиб қолдик.
“Қаердансан?” деб сўради, “Ўзбекистондан” десам, “Ооо у ер жуда чиройли, интернетдан кўрганман, боргим келади. Олимлар, авлиёлар юрти. Асли мани ота-боболарим ҳам Бухоро томондан келиб қолишган. Сен нима иш қиласан? Ўзбеклар кўпи ишлагани келишади” деди.
“Мен ишлагани келмаганман, фақат ўқийман” деб қаерда ўқишимни айтдим.
“Башакшеҳирда яшаб бу ерда шунақа ўқишлар борлигини билмаган эканман. Сен араб тилини, Қуръон ўқишни биласанми? Машааллоҳ. Сен ҳўжалик(устозлик) ҳам қиласанми?” дея сўрай кетди.
У ҳам қайсидир университетда ишларкан.
Битта маҳаллада яшарканмиз, то унинг бекати келгунча суҳбатлашиб келдик.
Телефонимни сўради, мен ҳам уникини.
Менинг рақамимни ўз телефонига “Melahat hoca, Özbek” деб ёзиб қўйди. Унинг исми Неслихан экан.
“Сенга телефон қиламан, диний ўқиш ҳақида ва Ўзбекистонга бориш ҳақида сўраш учун” деди.
Шу аёл билан суҳбат, сал олдинги нохушликни унуттирди.
“Одамнинг тафтини одам олади” дегани тўғри.
Баъзан дилим вайрон бўлиб турганда, Аллоҳ менга, умуман танимаган одамларим орқали тасалли беришини кўп сезганман.
Яна, жоҳилларнинг ёнида ўзимни кераксиздек, ҳеч кимдек ҳис қилсам, илмнинг қадрига етадиган одамлар ўзимни муҳим бир шахсдек ҳис қилдиришади.
Кечаги аёлнинг ўз-ўзидан суҳбатга киришиши тасодиф эмасди. Бунда ҳам Аллоҳнинг бир ҳикмати бор деб ўйладим. Чунки одатда, турклар танимаган одами билан бирданига дилдан суҳбат қилиб кетишмайди. Айниқса автобусда. Ўзим ҳам танимаган одамим билан очилиб гаплашадиган инсон эмасман.
Демак кеча унинг ҳам бир ҳамсуҳбатга эҳтиёжи бўлган, менинг ҳам. Шунинг учун Аллоҳ иккимизни айни ўша соатда битта автобусда учраштирган.
Бугун кечаги воқеаларни тафаккур қилиб, “Амаллар ниятга боғлиқ. Мен яхши ниятим учун босган қадамимга ажр олдим иншааллоҳ. Ҳатто дилим вайрон бўлиб, кўзда ёш билан қайтганим ҳам гуноҳларимга каффорот бўлгандир балки деб ўйладим.
Ҳар бир Аллоҳнинг берган кунида савоб ёки гуноҳ топиш мумкин. Қай бирини танлаш банданинг ихтиёрида.
Мен савобни танладим. Дилимни оғритганларга телефон қилиб ёки ёзиб хуморимдан чиқмоқчи бўлдим. Аммо Аллоҳ учун буни қилмадим. Агар буни қилсам уларнинг даражасига тушган бўламан Ундан кўра уларни дуо қиламан.
Аллоҳ инсоф берсин, хатоларини тушуниб уялиб қолсинлар. Агар узр сўрасалар узрларини қабул қила оладиган ҳиммат берсин менга.
Ҳаммамиз бир кун ўтиб кетамиз. Ортимиздан қолдирадиганимиз ҳам, ўзимиз билан охиратга олиб борадиганимиз ҳам - яхшилик бўлиши не бахт!
Яхшиликнинг энг осони ва арзони - яхши сўз.
Яхши сўзга бахил - энг ёмон бахилдир!
#такрор
Бизнинг юртда 1-октябр Устозлар куни деб советлар даврида белгиланганича қолиб кетган.
Бошқа юртларда Устозлар куни бошқа кунларда.
Исломда эса устозларни йилда бир эмас, ҳар доим эҳтиром қилишга буюрилган. Зеро, беш вақт намозимизда барча устозларимизни дуо қиламиз.
Шахсийимга келган табриклардан бугун қандай кунлиги эсимга тушди.
Тўғрисини айтсам, ўзимни диний устозлик мақомига лойиқ билмайман, чунки менинг наздимда бу жуда юксак мақом, ҳақиқий олимларгина ҳақли у мақомга деб ўйлайман.
Лекин “сенга бир ҳарф ўргатган ҳам устоз ҳисобланади” деган нақлга кўра, ҳар қандай соҳада билим берганларга “устоз” деб мурожаат қилиш урфда бор. Шу сабабли, билганларини баҳоли қудрат ўргатиб юрадиган биз каби оддий илми толиблар ҳам устоз деб қараладиган бўлдик.
Ўзи, бу дунёда ўрганиладиган ҳар бир нарсанинг ўз илми бор. Инсон бирор илмни ўрганишда устозга эҳтиёжи бор. Устоз ҳам билганларини ўргатиш учун шогирдга эҳтиёжи бор.
Ҳатто дунёвий касб-ҳунар ўрганишда ҳам уста-шогирд анънаси бўлган доим.
Ҳаётимиз бўйича, бизда ҳосил бўладиган ҳар қандай билим, тажриба, малака замирида кўплаб устозларнинг меҳнати ётади. Инсоннинг илк устозлари - ота ва онасидир!
Илк ҳаёт сабоғи оиладан бошланади. Ота-она фарзандига бера оладиган энг яхши нарса бу - одобдир!
Инсоннинг ҳаёти давомида ўрганадиган барча илмлари ана шу одоб устига бино қилинади.
Яхши устозлар эса худди моҳир заргарга ўхшайди. Лекин ҳар қандай моҳир заргар ҳам оддий тошдан бриллиант чиқара олмайди.
Шогирд “асл олмос” бўлсагина, устозлар уни “чархлаб қирраларини чиқариб”, бриллиантга айлантира олишлари мумкин.
Ва яна бир нарса, асл бриллиант шогирдларгина устозларининг меҳнатини қадрлайди ва улар берган илмни зое қилмайди, тинмай ўз устида изланиб ривожланади ва барча ютуқларига устозлари сабаб деб уларни эҳтиром қилади.
Сохта тошга ўхшаган шогирдлар эса, устоз танлаб, ўз ношудлигини ҳаспўшлаш учун, “фалон устознинг услуби ёқмади, ўқигим келмади, фалон устознинг менга дарс беришга илми етмади” деган баҳона билан у шохдан бу шохга қўниб, олган озгина илмини ҳам зое қилиб, аммо ўзини аллома санаб юраверади. Ўзининг илми чала, лекин кўринганга устозлик қилгиси келаверади.
Афсуски бугунги замонда ана шундай чаласавод, лекин ўзига олимликни нисбат берувчи, тинмай пиар қилувчи, иззатталаб ва кибрли, шогирдларидан моддий ва маънавий эътибор тамаъ қиладиган “устозлар” ҳам кўпайиб кетди. Натижада, ўзини реклама қилишни билмайдиган, қанча илм ўрганса ҳам оз санаб, ўзини камтар тутадиган асл илм эгалари бир четда қолиб кетмоқда…
Яна, ухровий илмлар устозларидан кўра, дунёвий ишларни, пул топишни ўргатадиган устозларнинг ҳурмати анча баландлаб кетибди…Одамларга, охиратга қолган насия эмас, бу дунёдаги нақд фойда муҳимроқ бўлиб қолибди…
Аслида ҳақиқий илмга эга асл устозларга ортиқча эътибор муҳим ҳам эмас. Уларни ҳар байрамда тақдирлаб, табриклаб, совға-саломга кўмиб юбормасалар ҳам индамай илмни бериб юраверадилар, ҳеч кимдан ҳеч нарса тамаъ қилмайдилар.
Чунки улар ажрни фақат Аллоҳдан умид қиладилар.
Аммо адолат юзасидан айтилса, аслида барча ҳурмат ва эьтиборга охират илмларини ўргатувчи устозлар лойиқдирлар! Чунки улар охиратингиз меъморидирлар!
Уларни чиндан эҳтиром қилишни истасангиз - берган илмларини зое қилманг! Илмга фидо бўлинг! Дуоларингизда унутманг!
Яна, “устоз шогирдни эмас, шогирд устозни танлайди” деган мақол бор. Ҳақиқатдан ҳам, илм ўрганиш ва дарс бериш жараёнида, устозлар шогирд қидириб юрмайди, балки илми толиб ўзига устоз қидириб топади. Шогирд устозни яхши кўриб қабул қилолсагина ундан олган илмни ҳам қабул қила олади. Агар қайсидир устоз ҳузурида илм олиш жараёнида, у киши сизга нисбатан зулм ва ноҳақлик қилмаётган, шахсий ривожингиз учун билимини аямаётган бўлсада, аммо сизда илм ривожланмаётган бўлса, унда муаммо ўзингизда: шахсий қарашларингиз ва қадриятларингизда, руҳий ҳолатингизда…Демак қаердадир хато кетгансиз: ниятда, ихлосда, ёндошувда ва ҳоказо…
Аллоҳ барчамизга дунё ва охиратимиз учун манфаатли илм берсин!
Асл устозлардан ва ҳақиқий шогирдлардан Аллоҳ рози бўлсин!
Малоҳат Анвар.
Японияда Ўқитувчилар куни йўқ.
"Бир куни япониялик ҳамкасбим, муаллим Ямамотaдан сўрадим:
- Японияда ўқитувчилар куни қачон нишонланади, уни қай тарзда нишонлайсизлар?
Ямамота саволимдан ажабланиб шундай жавоб берди:
- Бизда умуман ўқитувчилар куни йўқ.
Унинг жавобини эшитиб, унга ишониш-ишонмасликни билмай қолдим. Миямга бир фикр келди: "Иқтисодиёт, фан ва техника ривожланган мамлакат нега ўқитувчига, унинг меҳнатига бу қадар ҳурматсизлик билан муносабатда экан-а?"… бироқ..
*
Ишдан кейин Ямамота мени меҳмондорчиликка уйга таклиф қилди. У мактабдан узоқда яшаганлиги сабабли биз метрода кетдик. Кечки "тиғиз вақт" бўлгани учун, метро поездлари одамларга тўла эди. Тиқилинчдан бироз сиқилганча, тутқичдан маҳкам ушлаб турдим. Тўсатдан ёнимда ўтирган отахон менга жой берди. Қари инсоннинг бу қадар ҳурмати муносабатини тушуна олмай мен унинг таклифини қабул қила олмас эдим, лекин у ниятида қатъий тургани учун мен ўтиришга мажбур бўлган эдим. Метродан чиққандан сўнг мен Ямамотадан оқсоқолнинг ушбу ҳатти-ҳаракатини тушунтириб беришини сўрадим. Ямамота табассум қилди ва менинг муаллимлик кўкрак нишонимга ишора қилиб, шундай деди:
- Бу қария сизнинг муаллимлик нишонингизни кўрди ва мақомингизга ҳурмат белгиси сифатида ўз ўрнини сизга бўшатди.
Муаллим Ямамотанинг хонадонига илк бор ташриф буюрётганим сабабли қуруқ қўл билан бориш бироз ноқулай эди ва мен бирор совға сотиб олишга қарор қилдим. Мен Ямамотага ушбу қароримни баён қилганимда, у мени қўллаб-қувватлаб, олдинда ўқитувчилар учун дўкон борлигини, у ерда мен арзон нархларда маҳсулот сотиб олишим мумкинлигини айтди. Мен яна ҳиссиётларимни яшира олмай:
- Имтиёзлар фақат ўқитувчиларга бериладими? - деб сўрадим.
Ямамота менинг сўзларимни тасдиқлаб, шундай деди:
- Японияда ўқитувчи - энг ҳурматли касб, энг ҳурматли инсон. Япониялик тадбиркорлар дўконларига ўқитувчилар кирса жуда хурсанд бўлишади ва буни ўзлари учун катта шараф деб билишади.
*
Японияда бўлган вақтларимда, мен бир неча бор японларнинг ўқитувчиларга қай даражада ҳурмат кўрсатишларига гувоҳ бўлдим. Метрода улар учун алоҳида жойлар мавжуд, улар учун алоҳида дўконлар очилган, ўқитувчилар ҳар қандай транспорт турига чипта олиш учун навбатда туришмайди. Ҳаётининг ҳар бир куни байрамдек бўлганидан кейин, нега энди япон ўқитувчиларига алоҳида байрам керак?
Ушбу воқеани сўзлар эканман, мен бутун қалбим билан бизнинг жамиятимиз ҳам устозларга юксак даражада муносабатда ва ўқитувчилар ҳам бундай юқори мартабага муносиб бўладиган даражага эришишини истар эдим..."
Ушбу хабарни барча ҳамкасбларингизга юборинг.
Ҳар биримизнинг кўкрагимизда ифтихор туйғуси уриб турсин!
(Интернетдан олинди)
(Давоми, боши юқорида👆)
Ёмон кўздан, иймон сустлигидан, илмсиз қолишидан, беҳуда ишлардан, шайтон тузоқларидан, балою офатлардан, бедаво дарддан, хиёнатдан, мол-дунё фитнасидан, хор қилувчи фақирликдан, қалби қаттиқликдан ва ҳоказо ёмонликлардан Ўзи асрасин.
Менинг ҳаётимда ҳозир ундан бошқа яқинроқ ва азизроқ кимсам йўқ. Унинг ҳам ҳаётида ҳозирча мендан бошқа яқин ва азиз кишиси йўқ.
Иккимизни бир-биримиз учун асра Аллоҳим!
Ҳаётимда ҳеч кимни ва ҳеч нарсани йўқотишдан қўрқмай қўйганман.
Фақат, шу биттагина қолган боламни йўқотишдан қўрқаман.
Аллоҳим, уни мендан олдин ҳузурингга олма!
Орқамда қолсин…
УНИ ЙЎҚОТИШДАН ҚЎРҚАМАН…
Кечаси билан ёмғир ёғиб чиқди. Чақмоқ чақиб, гумбурлаб, гоҳ шарриллаб қуйиб, гоҳ шивалаб.
Ўғлим ҳамкасблари сафарга кетишгани учун ишхонасида ўзи қолган, “Иш жуда кўпайиб, бир ўзим улгурмай қолдим, ишхонада қоляпман, эрталаб бораман” деганди.
Кечаси уйқум қочиб кетди. Деразани очиб, ёмғирли муздек ҳаводан бироз баҳраманд бўлиб, томчилар садоси остида намозларимни ўқигач, узоқ ўтириб ҳаммани, асосан ўғлимни дуо қилдим.
“Боламнинг умри узоқ, иймони саломат, ризқи улуғ, тану-жони соғ бўлсин, Аллоҳдан қўрқадиган, бандадан уяладиган, умматга, жамиятга фойдали инсон бўлсин, ўзига ўхшаган қалби салим, ҳулқи ҳалим, юраги тоза, фаросатли солиҳа жуфт насиб қилсин, севимли ёр бўлсин. Ўзидан кўпайиб, соғлом ва солиҳ фарзандларга яхши ота бўлиб, кўзларимни қувнатиб офиятда яшасин…Вафотимга қадар унинг оиласи ҳақиқий исломий оила бўлганини, ўзи, аёли, фарзандлари барчалари илмда, Қуръон ҳофизлари бўлганини, орқамдан дуои фотиҳа қилиб қоладиган солиҳ зурриётлар борлигини кўриб кўнглим ҳотиржам тарк этай бу дунёни…”
Бомдодгача уйқу келмади. Бомдодни ўқигач, бироздан кейин уйқу элта бошлади.
2-3 соат ухлагач, бирдан юрагим ҳапқириб уйғониб кетдим.
Ҳаёлимга дарров ўғлим келди.
Телефон қилсам, овози бироз ҳавотир аралаш, худди ниманидир яшираётгандек туюлди.
“Эрталаб келаман дегандинг, тинчликми?” десам, “Озгина иш чиқиб қолди..” деди.
Кўнглим тўлмай сўрайверганимдан кейин ростини айтди. “Машинани уриб олдим, ёмғирдан кейин йўллар силлиқ бўлиб қолибди, сирпаниб кетиб тўсиққа бориб урилдим, сиқилманг деб айтмаётгандим….” дейиши билан адо бўлдимда.
“Ҳавотир олманг, ўзимга ҳеч нарса қилгани йўқ. Дарров полис ва абмуланс келди, ҳаммаси жойида она…” дегандан кейин баттар юрагим безовта бўлиб, “видеозвонок қил, ростан ҳаммаси жойидами?” дедим шошиб.
Видеоқўнғироқда ўғлим ўзини тетик ва қувноқ кўрсатгани билан, кўзларидан роса чарчагани ва стресс олгани билиниб турарди…”Ҳамма жойингни кўрсат, ҳеч нарса қилмадими ростан?” дегандим, “зашитний подушка очилганда чиққан иссиқдан билагим бироз куйди холос…” деди.
Шунда шайтон тилимга: “кечаси қилган дуоларим тескари ижобат бўлдими? Дуоси ижобат бўлмайдиган одамман шекилли. Ахир “боламнинг тану жони соғ бўлсин” деб дуо қилгандимку?” деган гапни айттирди.
Ўғлим, “Ая, шайтонни васвасасига учманг, қадарга иймон келтирганмизку, демак қадаримда шу бугун шу иш бўлиши боракан.
Балки сизи дуоизи ижобати билан омон қолиб ҳозир гаплашиб тургандирман” дейиши билан ўзимга келиб истиғфор айтишни бошладим.
“Машинани кўрсатчи, қай даражада урилди эканки, зашитний подушка очилиб, қўлинг куяр даражага борибди” дедим.
Машинанинг олди қисми пачоқланганини кўриб, “Алҳамдулиллаҳ, молга зарар етса ҳам жонига зарар етмабди…Бу ҳолатдан қаттиқроқ мажақланганда, болам омон қолмаслиги ҳам мумкин эдику…” дея, уни йўқотиб қўйишим мумкинлиги ҳақидаги ўйнинг ўзидан ғалати бўлиб кетдим ва сал олдинги гапларимга тавба қилдим.
“Ая, ҳозир машинани эвакуаторга ортиб устага олиб кетяпман, бўшасам бораман уйга” дегач кўнглим тинчиди.
2 соатлардан кейин келди, “такси қараб турибди, аэропортга кетяпман, бир акамизи кутиб олишга ваъда бергандим…Уларни борадиган манзилларига жойлаб, кейин ижарага машина гаплашиб бериб, кейин ишга ўтиб кетаман…Ҳавотирланманг, яхшиман” деган гапларни тез-тез айтганча хонасига кириб кетди.
Билаги салгина эмас, яхшигина куйибди. Аптекада мазь олиб суртиб олибди…”Боғлаб қўяй, инфекция тушмасин” десам, “йўқ, шу мазни қўйиб юрсам очиқ ҳолида тез битаркан” деганча шошиб чиқиб кетди…
Эҳ ўғлима, ўзи нима аҳволдаю, ваъдага вафо қилишни ўйлайди.
Мен эса, бўлиб ўткан ишни тафаккур қилиб, қайта-қайта Роббимга шукрлар айтиб ўтирибман.Ўзи паноҳида асрагани шуда, бундан баттар бўлиши ҳам мумкин эдику!
Ўғлимнинг ҳар қандай ҳолатда ўзини босиб олиб, ҳис-туйғуга берилмай, бошига бирор иш тушса қадардан деб билиб, паника қилмай вазиятдан чиқишга ҳаракат қилишига тан бераман ҳар доим. Ҳақиқий эркакча тутум шу бўлса керак.
Уни менга берган Роббимга ҳамдлар айтаман.
(Давоми пастда👇)
Асмаий айтади:
"Халил ибн Аҳмаднинг олдига борган эдим. Бир кичкина бўйрада ўтирган экан. Менга ҳам "ўтир" дегандек ишора қилди.
- Сизни сиқиб қўймасмикинман, - дедим.
- Қўйсанг-чи, бир-бирини ёмон кўрадиган икки одамга бутун дунё ҳам торлик қилади. Бир-бирини яхши кўрадиганларга эса бир қарич ер ҳам кенглик қилаверади".
"Замон сендан нимани тортиб олса, олаверсин, фақат муҳаббатни тортиб олишига йўл қўя кўрма!"
Муқим Маҳмуд таржимаси
Repost from Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali
#нимадир.
Шундай одамлардан эҳтиёт бўлинг:
•Заҳарга қўнган пашшадек одамлардан. Яъни аввал сиз билан кейин душманингиз билан яқин бўладиган одамлардан.
Уларнинг дастмояси сизнинг сирингиздир. Сирингизни сотиб яна ёнингизга қайтишади.
Хожаи Азизоннинг сўзларини ёдда тутинг: "қалбингиз огоҳлантиради. Агар қалбингиз огоҳлантирган, яқинлашмасликни уқтирган инсон билан яқин экансиз, бошингизга келадиган кунларга лойиқ одамсиз!"
•Хато қилишингизни пойлаб юрган одамлардан эҳтиёт бўлинг. Улардан ҳеч қачон яхши дўст чиқмайди. Чунки бу инсонлар қалби билан сизга тескари одамлардир. Кўрса фақат иллатингизни кўради ва унга бу иллат билан юзингизга уриш қулайроқ!
•Оғзингиздан сир оладиган, гап оладиган дўстлардан эҳтиёт бўлинг. Юқорида ёздим: сир уларнинг дастмоясидир. Уни қаерда пуллашни билади. Бу инсонлар ҳеч қачон сизга эл бўлмайди!
•Ва охиргиси бир гапи иккинчи гапига тўғри келмайдиган одамлардан эҳтиёт бўлинг. Улар сизга аввал "дам ол, ҳордиқ чиқар!" деб маслаҳат беришади. Кейин эса дангаса эканлигингизни, ишга бўйнингиз ёл бермаётганини юзингизга солишади. Ўзинг шунақа дединг-ку, деёлмайсиз. Икки сўзлиларнинг ҳаммаси шайтонга улфат одамлардир.
Шайтон ҳам гуноҳга рағбат уйғотади. Қиёматда эса "мен сенга қил, деганмидим?" деб юзини чирт ўгиради.
Кимлар билан яқинлигингизни яна бир бор ҳомчўт қилинг.
Яхшиликлар тилайман.
©️Азизахон Исмоилова
@Ummuzaynabummuijodi
Kapalı çarşı ни айланган куним, “ҳеч нарса олмаганим бу бозорда бугунги куним зое бўлдида” дея,
тезроқ чиқиб кетиш пайида юрганимда намоз вақти кирди.
Бир ҳижобли аёлдан бу ерга энг яқин масжид қайси томонда эканини сўрадим. У кўрсатган йўналиш бўйича бориб шундоқ бозордан чиқишим билан , бозорнинг биқинида мана шу қадимий масжидни кўриб қандайдир севиниб кетдим.
Дунё “аҳлати” тўпланган бозорда сиқилган юрагим масжидга киришим билан ёришиб, чарчаган жасадим тетиклашиб кетгандек бўлди.
Намоздан фориғ бўлгач ҳам дарҳол чиқиб кетмай бироз ўтирдим.
Бу, 269 йил аввал қуриб битказилган эски масжид бошқа қадимий масжидлардан кичикроқ бўлса ҳам, ўзига хос салобати ва сакинати бор экан.
Масжид ичида ўтирарканман, “2,5 аср аввал ҳам одамлар кириб намоз ўқиганда шу ерда…
У пайтдаги одамлар қанақа бўлган экан -а? Аниқ, ҳозиргилардан кўра диндори кўп бўлган бўлса керак…
Бозорга келган тужжорлару харидорлар, дунё савдоси билан овора пайтларида азон садоларини эшитиши билан ҳамма нарсани дўконларида шундоқ ташлаб намозга - охират савдосига шошилишган бўлса керак…
Қайси тижоратлари - дунё ёки охират учун тижоратнинг қай биридан кўпроқ фойда олганларини Қиёмат Кунида кўриш учун икки ярим асрдан бери қабрларда кутиб етишибди ҳозир…
Ҳамма нарсани ташлаб кетишди…
Бозор ҳам, масжид ҳам ҳалигача турибди…
Агар ҳали Қиёмат бўлмаса, вайрон қилувчи уруш ёки табиий офатлар бўлмаса, бу масжид яна 2,5 аср туриши мумкин…
Ўшанда биз ҳам тупроқ остида бўламиз…” деган гаплар ҳаёлимдан ўтиб, дунёнинг нақадар бевафо, ўткинчи бир матоҳ эканини яна бир бор ҳис қилдим…
Дунё бир бозор бўлса, ҳар ким ундан ўзига керакли нарсани қидиради. Ёқтирган нарсасини бор пулини(ҳиммат ва ғайратини) сарфлаб сотиб олади, ёқтирмаса ёки пули(ҳиммати) етмаса нари кетади.
Кимдир катта ғанимат билан, кимдир қуруқ қўл билан чиқади ундан.
Кимдир дунёда қоладиган нарсалар, кимдир охиратга фойда берадиган амаллар ортидан қувар экан, худди бозорнинг чиқиш эшиги бўлгани каби дунёдан чиқиш эшиги - ўлимга ҳам етиб қолади.
Эшик(ўлим) ортида уни нима кутяпти ҳеч ким билмайди!
Аммо билиши керак бўлган нарса шуки - инсон ҳар қанча тиришиб мол-давлат тўпламасин, бу дунёдаги сўнгги манзилга кафанликдан бошқа ҳеч нарса олиб кетолмайди!
Инсоннинг ҳаёти - дунёга келиб бозорга боришу, кафанлик олиб мозорга боришдан иборатдек гўё.
Битта кафан учун ҳаддан ортиқ тўлов беришга арзимайди бу дунё…
Ҳаттоки, кафанлик учун ишлатиладиган оқ сурп энг арзон мато…
Солиҳ амалимиз бўлмаса, энг қиммат бренд кафанга ўралиб кузатилсак ҳам охиратда зарра фойдаси йўқ!…
Дунёда яшаб, охират учун хайрли амаллар қилиб, Аллоҳнинг розилигини топиб олмасликдан ортиқ бахтсизлик бўлмаса керак.
Аллоҳ бизга раҳм айлаб, умримиз ва хотимамизни гўзал қилмаса, ҳеч биримиз нажот тополмаймиз.
Мана бу пашша кўринишидаги тўғноғичга қараб, “Тавба, буни ким олиб кўксига тақаркин?” деб энсам қотди.
Буни ясаган заргар, “Дунёнинг пашшанинг қанотичалик қадри йўқ”лигини тескарисини исботламоқчи бўлганми билмадим…
Масалан, капалак, ниначи, асалари, хонқизи каби ҳашоротлар шаклида қилинган тақинчоқлар унчалик кўзга ботмайди…
Аммо пашша…😏
Ҳамманинг диди ҳар ҳил, кимгадир пашша ҳам ёқса керакда…
