Ўзбекистон олимлари форумидаги баҳсларда бир масала кўтарилди. Минтақани қандай аташ масаласи.
Ўрта Осиё,
Марказий Осиё демай,
Турон ёки
Туркистон номини ишлатиш таклиф қилинди. Кўпчиликка Турон деган ном маъқул келди. Одатда бу борада битта аргумент ишлатилади — Туркистон десак, фақат
туркий халқлар назарда тутилиб,
тожиклар четда қолиб кетади, Турон десак, ҳамма киради.
Мен бундай қарашга қаршилигимни доим айтиб келаман. Турон деган ном турк ва
форсни бирлаштиради деган қараш ҳукм суришига қарамай, ҳаётда мен тескарисига гувоҳ бўлганман. Гап шундаки, Турон деган ном
эроний фольклорга бориб тақалади. Энг қадимда,
Авеста замонларида турлар деб
орийларнинг афсонавий душманлари номланган.
Сосонийлар даврида форсларнинг асосий душмани турклар бўлиб қолгани учун уларни туронликлар билан қиёслаш бошланган. Бу анъана Сосонийлар даври манбаларидан классик форс адабиётига ўтган. Ундан илҳомланган туркларнинг ўзи ҳам шу анъанани қабул қилган ва Турон номини ишлата бошлаган.
Бугунги кунда
тожик зиёлилари орасида икки хил қараш бор: бир қисми туронликларни турклар деб тан олади, лекин уларга муносабати салбий. Улар минтақа Турон деб аталганидан хурсанд бўлмайди. Яна бир қисми эса туронликлар аслида қадимги кўчманчи эронийлар деган фикрда. Улар Турон номини турклар билан боғламайди.
Шу боис Турон деган ном минтақани бирлаштиради деган қарашга ишонмайман.
Яна бир нарсани унутмаслик керак. Турон деган ном VI асрдан бошлаб турклар билан ассоциация қилина бошланган, минтақада кенг тарқалиши эса XI асрдан кейинги
мусулмон турк сулолалари даври билан боғлиқ.
PS: Баҳсларда эътибор берсам, ўзбек тарихчилари орасида ҳали ҳам
совет давридан қолган эски анъанавий қараш ҳукмрон: улар Авеста замонида
Эрон деб минтақанинг жанубидаги ўтроқ эронийлар, Турон деб минтақа шимолидаги кўчманчи
сак ва
массагетлар номланган деб ҳисоблашар экан. Аммо Авестани яхшилаб ўқиб чиққан одам минтақа шимоли Турон деб аталмаганини, умуман Авеста даврида ҳамма орийлар/эронийлар ҳали кўчманчи бўлганини, ўтроқ-кўчманчи бўлиниши йўқлигини пайқайди. Бундай қараш қандай қилиб фанга кириб қолган ва нега ҳалигача ҳукмрон, тушунмайман.
© Eldar Asanov
Telegram |
Instagram |
Facebook