ДАХШАТ (ҳаётий хикоя)
Мақсуднинг Томскка келганига тўрт ой бўлган бўлса ҳам тайинли бир ишнинг бошини тутолмади. Дастлаб у қурилиш бригадасида уч ой ишлади, аммо иш ҳақини ололмай меҳнатига куйиб қолаверди. У билан бирга ишлаган йигитларнинг айримлари бошқа шаҳарларга, айримлари эса бир амаллаб уйларига кетиш учун поездга билет олишди. Бу ёғи ёз ҳам охирламоқда. Мақсуд эса кетолмади, кетолмасди ҳам. Чунки у ёқда у тайёр ишини ташлаб келган, мактабда ишлашни истамаганди. Энди қайси юз билан қишлоққа кириб боради, ҳамкасбларининг кўзига кўча-кўйда қандай қарайди. Ахир, Россияга борсам, бир-икки йилда машинали бўлиб келаман деб катта гапириб қўйган жойлари бор-да. Ҳали машина олиш тугул, мундоқ бир тузукроқ пул жўната олгани йўғ-у, икки қўлини бурнига тиқиб кириб борадими уйига. Шериклари тирқираб кетишиб бир ўзи қолгач, нима қилиб бўлса ҳам бирорта иш топиш учун бормаган жойи, учрамаган қурилиш ташкилоти қолмади. Тўғри, иш кўп, аммо Мақсуд ишга киролмайди, сабаби шуки, у на бирор яшашк жойида рўйхатдан ўтган, на ишга кириш учун рухсатномаси бор. Аввалги иш жойида уларни ишлатган киши, ҳатто уларнинг паспортларини ҳам вақтинча яшаш учун рўйхатдан ўтказмаган, ишлашга рухсатнома олиб бермаган эди. Мана энди Мақсуд кўчада қолди. Яшаб турган квартирасидан ҳам хўжайин бир- икки куннинг ичида чиқиб кетишини талаб қилиб қўймаяпти. Узоғи билан уч кун ичида у ўзига бошпана топиши керак.
У сигарета олиш учун универмагга кирди. Сотувчига пулини тўлаб чиқаётган пайтда универмагга йигирма беш ёшлардаги йигит кириб келаётганини кўрди. Унинг ўзбеклигини билиб Мақсуд иккиланиб тўхтади. Бир кўнгли шу йигитдан бирор ёрдам сўрасаммикин деса, бир кўнгли буни рад этарди.
Ниҳоят, ўйлана-ўйлана шу йигитдан ёрдам сўрашга қарор қилди. Ҳар қалай ўзбек-ку, қўлидан келса ёрдам берар.
- Ассалому алайкум, ака, ўзбекмисиз?- йигитнинг гапидан Мақ-суднинг кўнгли тоғдай бўлди.
- Ваалайкум ассалом, ўзбекман, ука, ўзбекман.
Иккови бир зумда апоқ-чапоқ бўлиб кетишди. Йигит харид қи-либ бўлгунча Мақсуд у билан гаплашиб, унинг Фарғонадан эканлигини, исми Комилжон, шу ерда икки йилдан буён паррандачилик фабрикада ишлаётганини билиб олди. Очиқкўнгилгина бу йигит Мақсуднинг кўнглига нимагадир тез ўтиришди. Иккови суҳбатлашиб магазиндан чиқишар экан, Мақсуд Комилжонга бошидан ўтганларини қисқа қилиб айтиб берди.
- Энди уйга кетишга ор қиламан, ука, қанийди, бирор иш топилса-ю, сал ўзимни ўнглаб, пул-мул жўнатиб, иннайкейин борсам уйга.
- Битта жой бор-у, сизга тўғри келармикин, — пича ўйланиб туриб деди Комилжон, — тўғриси, ўзим бориб кўрмаганман у жойнинг қанақалигини, аммо икки-учтаси у ерга боришди-ю, тез орада жуфтакни ростлашди. Шунинг учун сизга айтмай тургандим.
- Қанақа жой бўлса ҳам бўлаверади. Ҳақини берадими, ишқилиб?
- Ҳақини вақтида тўлайди, ойига ўн беш минг рубль беради. Ўзи бизнинг хўжайинни дала ҳовлиси, аммо ҳозир айтганимдай, у ердаги шарт-шароитни билмайман, кўзим билан кўрмаганман. Анчадан буён хўжайин одам топиб бер дейди-ю, ўзим кўрмаган жойнинг кафиллигини олишга қўрқаман.
- Жон, ука, ўша жойни менга гаплашиб беринг.
- Бўпти, лекин ўзингиз бориб, кўриб, у ёқ-бу ёғини суриштириб оласиз-да, кейин мендан ўпка қилиб юрманг.
- Э, бўлди, ука.
- Баҳоргача ишлаб турсангиз, ўрин бўлиши билан ўзимизга ишга ўтиб оласиз.
Мақсуд Комилжон билан бориб унинг хўжайинига учрашди. Ўзини Игорь Крутов деб таништирган бу одам анчагина одамохун экан. Бирпасда дала ҳовлиси ҳақида, у ерга борган одамлар хилватроқ жой бўлгани учун қўрқоқлик қилиб кетиб қолишаётгани ҳақида гапирди. Мақсуд унинг гапига кулди.
- Сен ҳам ўн кун турмай кетиб қолмайсанми? — сўради Игорь Сергеевич.
- Йўқ, мен баҳоргача туриб бераман, — ваъда берди Мақсуд.
- Кўрамиз. Агар баҳоргача дала ҳовлини қараб берсанг, иш ўрни бўлиши билан сени бу ерга ишга қабул қиламан.
Игорь Сергеевичнинг дала ҳовлиси ростдан ҳам Томскнинг роса чекка бир жойида экан. Машинада ўзиям роса бир соат юришди. Ўрмоннинг шундоққина чеккасида жойлашган дала ҳовли дид билан солинган, тўрт хонадан ташқари, душ, ошхонадан иборат эди.
Давоми 15:30 да