Эй, Аллоҳим…
Мен Сендан бир нарсани шу қадар узоқ вақтдан бери сўраяпманки, неча кун ўтганини ҳам санамай қўйдим
Аввалига умидим жуда катта эди. Бу дуони қалбимда ҳаяжон ва ишонч билан қилардим. Бир кун келиб, сўраганим ҳаётимда ҳақиқатга айланишини тасаввур қилардим. Балки эртага ҳаммаси ўзгарар, балки дуойимни ижобатига оз қолгандир, деб ўзимга тасалли берардим.
Аммо кунлар ойларга, ойлар йилларга айланди. Мана, ҳали ҳам ўша нарсани Сендан сўраб турибман.
Лекин бир нарса ўзгарди. Ҳали ҳам дуо қиляпман, аммо аввалги ҳаяжон ўрнини сокин бир интизорлик эгаллади. Бу умидсизлик эмас, шунчаки сўз билан тушунтириш қийин бўлган нимадир.
Базан бошқалар мен орзу қилиб, дуоларимда сўраётган нарсаларга эришаётганини кўриш ҳам осон эмас. Аллоҳим, улар учун чин дилдан хурсандман, ростдан ҳам. Аммо уйга қайтиб, кечаси ёлғиз қолганимда, хаёлларим билан юзма-юз бўлганимда, ўзимга бир савол беришдан тўхтай олмайман: менинг навбатим қачон келади?
Биламан, шукр қилишим керак бўлган нарсалар жуда кўп. Аммо мен бор нематларим учун шукр қилиб, шу билан бирга қалбим хохлаган нарсани орзу қилишим мумкинми?
Аллоҳим, илтимос, қалбимдаги бу безовталикни арит. Ҳали амалга ошмаган нарсалар ҳақидаги ўйларимга шу қадар берилиб кетмайки, айни дамда ҳаётимда бор бўлган нематларни қадрлашни унутиб қўмай.
Қалбимни ўзгалар билан таққослашдан, кўнгил қолишдан ва аламдан асра. Кутиш мени умид қилишдан қўрқадиган инсонга айлантириб қўймасин.
Агар мен сўраётган нарса мен учун хайрли бўлса, уни менга яқин қил. Йўлларимни оч, қийинчиликларимни енгил қил ва уни ҳаётимга етказ.
Агар у мен учун насиб этмаган бўлса, мен тушуна олмаган тақдирингга рози бўлишим учун қалбимга куч бер. Орзуларим ўрнини ундан-да яхшироғи билан тўлдир
Шу вақтгача бўлган тинчлик мени Сендан узоқлаштириб қўймасин. Мен фақат қувончли кунларимдагина Сенга юзланишни истамайман. Қўлимда фақат жавобсиз саволлар ва аввалгидек такрорланаётган ўша дуо қолган кунларда ҳам сенга юзланишда давом этмоқчиман.
Мен ҳали ҳам шу ердаман, Аллоҳим…
Ҳамон ўша жойнамоз, ҳамон ўша дуо, ҳамон ўша умид… Фақат аввалгидан бироз сокинроқ, бироз чарчоқлироқ.
Дуо қиламанки, бир кун келиб, ҳаётимнинг мана шу кутиш даврига ортга назар ташлаганимда, нега бунча узоқ кутишим керак бўлганини англаб етай.
Ўша кун келгунича эса, илтимос, қалбимга хотиржамлик ато эт.