кроқ нарсага ўхшатолмайман. Ҳозирча куч-қуввтим бор, тирикчилигимга яраб турибман. Қариб кучдан кетсам, энг ёмони, касал бўлиб ётиб қолсам нима бўлади? Ким ҳолимдан ҳабар олади? Ким бир пиёла сув тутади? Ҳеч ким! Йўқ, у кунларга етиб бомаслигим керак! Ундай ҳор- зор бўлгандан кўра ўлиб кетганим минг карра яхшироқ. Кимларнингдир ачиниб, кимларнингдир нафрат билан қарашларига энди бардош беролмайман. Кимларнингдир афсус билан, кимларнингдир қарғаб тилга олишларига чидамайман энди! Кимларнингдир мен мисол қилиб атрофдагиларига насиҳат қилишларини истамайман!»
Фароғат шу тарзда қатъий бир қарорга келди. Иккиланиш фақат ортиқча азоб беришини яхши тушунаётганди. Энди унинг яшашга ҳаққи йўқ. Одамлар орасидаги ўрнини аллақачонлар йўқотган. Барча азоб-уқубатлардан, айниқса виждон азобидан ўзини ҳалос қилиши керак. Атрофдагиларини енгил тортишларига, энг асосийси фарзандларини қийналишларига барҳам беради.
Секин юриб бориб қўли қалтираганича тортмани очди. У ердаги «Валидол»ларнинг ҳаммасини олди. Тортмада Миркомил келган куни қўшнисиникидан олиб чиққан ручка билан қоғоз турарди. Шунда ҳаёлига бир фикр келди. Фарзандларига айтиши керак бўлган гапларини ёзиб қолдиради. Токи, улар кейинчалик қийналиб юрмасинлар. Ручка билан қоғозни олиб стулга ўтирди. Ручка тутган қўлини иягига тираб, узоқ ўйланди. Самандар билан Шаҳодатга, шу билан бирга эри Искандарга айтадиган гаплари жуда кўп эди. Ҳаммасини ёзадиган бўлса бир дафтарга ҳам сиғдира олиши даргумон эди. Энг зарур деб топганларини ёза бошлади. Булар унинг қилган гуноҳлари учун иқрорномаси, қилмишлари учун олган бу дунёдаги жазоларининг ифодаси эди. Кечирмасликларини билсада, кечиришларини сўраб ёзган илтимосномаси эди.
Шу қисқагина хатни ёзиш давомида бутун ҳаётини кўз олдидан бир- бир ўтказди. Ҳар бир сўз, ҳар бир жумласини минг машаққатлар билан ёзди. Назарида фарзандлари ва эри елкаси оша қоғозга қараб тургандай эди. Қанча урингани билан кўз ёшларини тия олмади. Бир неча марта кўз ёшлари қоғозга ҳам томди. Ниҳоят ёзиб тугатганида елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Юрагини қамраб олган, чексиз азоблардан ҳалос бўлгандай туюлди. Қоғозни стол устига, кўринарли жойга қўйди. Қутилардаги дориларни тўкиб бир жойга тўплади. Ҳаёлан фарзандлари билан видолашаркан, азизларим, мени кечиринглар, деб, дориларни оғзига сола бошлади….
Машина катта тезликда бораётган бўлса ҳам Шаҳодатнинг назарида жуда секин юраётгандай эди. Бетоқатлик билан кўзини йўлдан олмай, дадаси, тезроқ ҳайдасангиз-чи, деб Орифни шоширгани шоширган эди.
-Ҳозир етамиз. Сен ҳавотирланавермай яхши ният қил. Худо хоҳласа ҳеч нима бўлмайди,- деб Искандар уни тинчлантиришга уринди. Лекин ўзиниг кўнгла жуда безовта, назарида бир кўнгилсизлик содир бўладигандай эди.
Олдинда бир юк машинаси секин кетиб борарди. Аксига олгандай қарши томондан кетма- кет келаётган машилар уни қувиб ўтишга имкон бермаётгалари учун анча жойгача юк машинасининг орқасидан имиллаб юришларига тўғри келди. Ўзи шундоқ ҳам асабийлашаётган Шаҳодат баттар жиғибийрон бўлиб тўнғиллади.
-Уф-ф, шуниси энди етмай турувди.
Қишлоққа киришганларидан кейин йўл анча нотекис бўлсада Ориф Шаҳодатнинг қистови билан машинани тез ҳайдаб борарди. Асфальт қилинмаган кўчани чанг-тўзон қоплади. Машина уй олдида тўхташи билан Шаҳодат чангнинг тарқашини ҳам кутмай машинадан тушди. Ҳеч кимга қарамай қия очиқ дарвозадан югургудай бўлиб ҳовлига кирди. Атрофга аланглаб, ойи, ойи, қаердасиз, деб чақира бошлади. Лекин ҳеч ким жавоб бермади. Бу нохуш сукунатдан ҳавотирга тушиб орқасидан кириб келганларга жовдираб қаради. Самандар анча йиллар аввал тарк этган қадрдон ҳовлининг аҳволига қараб юраги ачишди. Искандар ҳам афсуслангандай бош чайқаб қўйди. Шу пайт қўшни томондан Сарви холанинг келини Ҳалима кириб келди. Шаҳодат унинг саломига алик олиш ҳам эсига келмай сўради.
-Билмайсизми, ойим уйдами?
-Сиз Фароғат опанинг қизи бўласизми?-деб Ҳалима кўришди.- Эрталаб қаёққадир кетаётганида кўрган эдим. Боя қизим овқат олиб чиққанида уйда экан. Кечирасиз, булар ким бўлишади?
-Дадам билан акам. Бу киши эса хўжайиним ,-деди Шаҳодат тоқатсизланиб.
-Эшик ҳам очиқ экан. Демак уйда бўлса керак?- деб Ҳ