💥УМРНИНГ УЧ ФАСЛИ. (Қисса) 1-қисм.
Гр:🔥Ҳикоя ва қиссалар 🔥
Биринчи фасл.
Райҳон момо хатни ўқиди-ю, ўзини қўйишга жой тополмай қолди.
Ҳовлининг у ёғидан бу ёғига бориб кела бошлади ва беихтиёр супа супуришга тутинди.
Шу тобда сигирнинг маърагани эшитилди.
“Ҳа, жониворларни суғориш керак”, деган хаёлда қўлидаги супургини бир четга қӯйди. Челакларни бирин- кетин ариққа ботирар экан, яқиндагина дўхтирнинг, “хола энди ёш эмассиз, юрагингизнинг мазаси йўқ, оғир нарсаларни кўтарманг”, – деганини буткул унутди.
Сигир- бузоқларни суғориб бўлгач, бўшаган идишларни олиб, бирор беш қадам босди ва кўкрагининг чап томонида бошланган санчиқнинг зўридан секин экин экилган жўякнинг четига ўтирди.
Ён томонга оҳиста йиқилар экан, нигоҳи осмонда сузиб юрган оппоқ булутларга тушди...
* * *
1939 йилнинг баҳори. Райҳонбиби энасининг йиғлаб-йиғлаб чоғроқ халтага майиз, туршак, нон, новвот ва яна алланималани солаётганини кузатиб турар, хаёлида уч йил қанча бўлишини чамаларди; уч марта кўклам, уч марта саратон, уч марта мезон, уч марта қиш ӯтади.
– Бўлади, эна ҳамма нарсани менга солиб бераверманг, ўзларингизга қолсин, – деди акаси.
–Ӣӯлда жўраларинг билан ейсан, болам...
– Майли борайлик эна, ҳамма йиғилиб бўлгандир...
Олдинда Аслонқул катта ўғли Содиқ билан борар, орқада хотини Ойсулув кенжа ўғлини кўтариб олиб уларга эргашди. Райҳонбиби укаси Турдимуроднинг қўлидан тутди.
Ҳарбий хизматга чақирилган йигитлар қариндош - уруғлари билан йиғилиб турган жойга етиб келишлари билан узоқдан шу томонга келаётган юк машинаси кўринди.
Райҳонбиби бурнини торта-торта йиғлади:
– Ака, кетманг, “бормайман”, десангиз бўлмайдими, ўша армиячиларга?
Содиқ синглисини сочларини силади:
– Бормасам бўлмайди-да Райҳонжон, давлат бормаганга қўймайди.
Машинадан тушган ҳарбий кийимдаги одам йиғилганларга яқин келди:
– Қани тез-тез хайрлашинглар, етиб боргунимизча, поезд ўтиб кетмасин.
Ойсулув ўғли томон талпинди. Бир қўлида гўдак, иккинчи қўли билан тўнғич ўғлини қучоқлади.
– Болам, ой бориб, омон қайт.
Ўғил ҳам онасини қаттиқ қучоқлаб, бўйлади, ўпкаси тўлиб, кўзига ёш келди:
– Худо хоҳласа, эсон-омон қайтаман, эна. Уч йил кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Райҳонбиби ҳам келиб акасининг бўйнига осилди:
– Акажон, тезроқ қайтинг, мен сизга хатлар ёзаман...
Шу пайт даванг бир қиз дӯриллаган овозда деди:
– Эй, энди сенга ака йўқ, аканг қолиб кетади ўша ёқларда! Энди қайтиб келмайди!
Райҳонбиби бирдан ўша қиз томон юзланди. Кичкина муштчалари билан гавдали қизнинг елкасига гуп-гуп урар экан:
– “Гапимни қайтиб олдим”, де, “аканг қайтиб келади”, дегин, бўлмаса ўлдираман сени! – деб қичқирди.
Қиз қаҳ-қаҳ отиб кулди:
– Келмайди, қайтиб келмайди аканг!
– Ҳе олашақшақ, ниятингни яхши қилсанг бўлмайдими, – деди Ойсулувнинг акаси Нурмурод муаллим.
Қиз муаллимга ҳадиксираб қараб, орқага чекинди.
Машина чўзиб би-биплади.
– Майли йигитлар, энди борақолинглар. Қани кўплашиб йигитларни бир дуо қилайлик.
Кузатувга чиққан ҳамма қўлини фотиҳага очди.
– Сизларни Худо ўз паноҳида асрасин, болаларим, Илоҳо омин.
– Ака, тўхтанг!
Райҳонбиби қопини елкалаб машина томон қадам қўйган Содиқжонга ёпишди.
– Ака, бир йилми, икки йилми, ундан кўпроқми, мен сизни қаттиқ кутаман, келгунингизча кутаман. Тоштурдини гапини кўнглингизга олманг. Худо хоҳласа, албатта қайтиб келасиз!
– Ҳо, одамни худди урушга жўнатаётгандай хайрлашасан-а, албатта қайтиб келаман-да! Қайтиб келмай қайга бораман, менинг бошқа уйим йўқ!
Содиқжон синглисини бағрига босди:
– Қайтиб келай, кейин сенга отда юришни ӯргатаман. Бўпти мен борай...
У бир сакраб машина устига чиқиб олди. Машина ортидан қуюқ чанг кўтариб, юриб кетди.
Райҳонбиби билан Турдимурод машина орқасидан чопдилар. Уларга қишлоқ болалари ҳам эргашди. Югураётганлар ўз акаларига алланималарни қичқиришар, машина эса тобора йироқлашиб борарди...
* * *
– Ҳозир замона тинч, уч буғдой пишиғи ўтса, Содиқжон армиядан қайтади, сен ҳадеб йиғлаб одамни хуноб қилма-да, – деди Аслонқул хотинига.
– Жуда суяниб қолган эдим, соғинаман-да, отаси. Ким боласини соғинмайди?!
– Эна, ӯшанда Тоштурди айтган гап менга ҳалигача алам қилади,– гапга ар