#Шубҳа
27-қисм
Дунёни қайси тилида бўлмасин, инсонлар бир -бирини эшитгандагина тушуна оларди. Масалага доим бир томондан қарамоқ тушунарсизликлар ва чигалликларни ўз ортидан чорлайди. Акамнинг қўшнилари воқеийликни бир томонини тушунтирган бўлса, Латофат умуман бошқа томондан вазиятга ойдинлик киритган эди.
У билан учрашган кафемизда бир неча соат қолиб кетдик. Ўзимга керакли саволларга жавоб олишга ҳаракат қилдим.
"Акамга шунча яқин юрган экансан. Сенингча, бу қотилликни ким ва нега амалга оширди?", -деганимда нигоҳларини қўлларига қаратиб, аввал билмадим, дегандек бош чайқади, сўнг ўз тахминларини санай бошлади.
"Миршоднинг жасорати мени жуда қўрқитарди. Ўзбекистонни Америка деб ўйлаб, хаёлига келганини қиламан, деб ўйларди. Унинг ақлига ким ёки кимлар синтетик дориларни солди, билмадим..., лекин ...",-деб чуқур нафас олди.
У билмас эди, лекин мен билардим. Акамни Америкада атрофи шунақа одамларга тўла эди. Номи тинчлантирувчи таблетка бўлсада, бу лабораторияда ясалган сунъий гиёҳвандлик моддаси ҳисобланарди. Асл наркотик моддалар қимматлиги туфайли энг зарарли ва тез ўлдирадиган турларидан бўлган айнан бу воситалар ҳисобланади.
Авваллари фақат саратон касаллари учун ишлаб чиқарилган бу тур дорилар, бора -бора бошқа ниятларда синалиб кўрилмоқда эди. Бутун дунё бўйлаб тез оммалашиб бораётган бу "арзон", лекин ўта хавфли заҳар, тез ва осон бой бўлиш йўлини истаганларнинг қуроли бўлганди. Чунки қорни оч қолса, нон олиб ейиш ўрнига, танасини ва миясини карахт қиладиган бу заҳарни қидириб қолишади.
"Миршоднинг телефонида кўп маълумотлар бор. Доим шунақа мавзуга доир қўнғироқ келса, ҳаммадан узоқлашиб, соатлаб телефонда гаплашарди", -деди хўрсиниб.
"Улуғбек ҳам шу иш билан шуғулланганми?", -деб сўрадим.
"Улуғбекни бир кўрсанг, ким қаерга бошласа, ўша ёққа кетадиган, содда йигит. Аканг унга ҳам бу ишни пул томонини кўп бўрттирган кўринади."
"Улуғбек билан гаплашиб кўришим керак", -дедим режаларимни миямда яна бир тафтиш қилар эканман.
"Шаҳардаги "Мед-лаб" деган бир хусусий лабораторияда ишлашини биламан. Сенга бир манзил номини ҳам бераман. Аниқ билмадим, лекин ўша ерда кичик бир лаборатория қуришганидан шубҳалангандим", -деб телефонидан бир нарсаларни кўра бошлади.
"Бунга асосинг борми?"
"Тасодифан эшитиб қолгандим. Улуғбек баъзи қийин таҳлилларни ўзини иш ерида яширинча қилиб кўраётган экан. Чунки буларни ўзини ерида унақа ускуналар йўқ бўлган", -деб менга бир манзил берганди.