– Бегим, кўрдим-ку, орқасидан тикилиб қолдингиз. Нега энди яна йўқ деяпсиз?
Ўйчан ўтирган Фармонбек хотиржам жавоб берди:
– Мен эркак кишиман, битта эмас, бир нечта ҳам хотин олишим мумкин. Аммо ҳукумат билан ҳазиллашиб бўлмайди, Бону, мени икки хотинли бой деб қамаб қўӣишади. Сиз бу ёғини ўйламаяпсиз.
– Кимки сизни безовта қилиб “хотининг иккита экан биз сенга чора кўрамиз”, деса, “биринчи хотинимни қўйганман”, дейсиз. Мана мен тасдиқлайман. Менга қизимга қўл кўтарган чўриваччадан қасос оладиган ўғил керак!
Фармонбекнинг совчиларига дарвозани Бердимурод очиб, кутиб олди. Аёллар ҳовуз бўйидаги сўри ёнида қолдилар. Йигитча Саидабонуга меҳмонлар келганидан хабар бергани кетди. Саидабону уйидан чиқиб келиб меҳмонлар билан сўрашгач, сӯрига таклиф қилди. Аёллар чиқиб ўрнашиб ўтирдилар. Хонадондаги қиз-жувонлар дарҳол дастурхон тузашга киришдилар.
Саидабоу, хуш келибсизлар, деганча уларга чой қуйиб узата бошлади. Кайвониларнинг мақсадини эшитган Саидабону ўйланиб қолди.
– Бу масалани мен ҳал қилолмайман. Муаллим тоғангизга одам юборай бўлмаса.
Нурмурод муаллим келиб сўрига омонатгина ўтирди.
– Муаллим оға, “эшигингиз остини супурайлик”, деб келиб ўтирибмиз.
– Ҳа, рўзғоримда раҳматли бўлиб кетган узоқ-яқин қариндошларнинг фарзандлари улғайди. “Тенги чиқса, текин бер”, деган эскилар. Гапимиз бир жойдан чиқса, биз йўқ дермидик, кайвони хола.
Кайвони аёл салмоқ солиб гап бошлади:
– Муаллим оға, Ҳазрати Муҳаммад Алайҳиссалом пайғамбаримизнинг ўн битта завжалари бўлган. Бир оилада икки-уч, тўрт хотиннинг иттифоқ бўлиб, рўзғор қилиши, биргаликда фарзанд ўстириши мусулмончиликда борлигини мендан яхши биласиз. Бир жиянингизни ўзингизнинг дўстингиз Фармонбек ака тўйга келганларида кўрган эканлар. Боласини кўтариб юрган жувон, исми Райҳонбиби экан. Шу жиянингизни Фармонбек акага сўраб келдик.
Орадан бир муддат вақт ўтди ҳамки муаллимдан садо чиқмади.
– Хабарингиз бор муаллим оға, дўстингизнинг Худодан тилаб-тилаб олган, тўрт қиздан кейин кўрган ўғли фалокат босиб дунёдан ўтган эди. Асли бу ҳатти-ҳаракатларни кундошдан бўлса ҳам ўғил фарзанд кўриб, тарбиялаб ўстириш ниятида янгабону бошлаганлар. Агар сиз рози бўлсангиз, янгабону кунчилик қилмайдилар.
– Кайвони хола, – деди қатъий овозда Нурмурод муаллим, Фармонбекка бир гап бўлганми, эллик ёшдан ошган одам қизи тенги аёлга “уйланаман”, деб ўтирса. Кейин менинг хонадонимда хотин устига узатиладиган қиз ҳам, жувон ҳам йӯқ! Гап тамом. Оллоҳу акбар.
Муаллим юзига фотиҳа тортиб ӯрнидан турди.
– Сизлар бемалол янгаларинг билан гурунглашиб, меҳмон бўлиб кетинглар. Мен кетдим. Кечкида ўқийдиган болаларга дарсим бор. Муаллим кетгач, совчи аёллар ҳам қўзғалдилар.
Вақт энг яхши табиб деганларидек Ширинбону бироз ўзига келиб қолган, эрини уйлантириб бўлса ҳам яна ўғил фарзандли бўлиш хаёли уни изтироблардан анча чалғитган эди. Ширинбону ҳовли ўртасидаги нақшинкор сўрида ўтирганча, қўлидаги жажжи кўзгуга қараб пардоз қилаётган эса-да, хаёли совчиликка кетган аёлларда эди. Шу пайт кайвонилар бирин-кетин дарвозадан кириб келдилар. Ширинбону юзига упа-элик суришда давом этар экан, кирганларга савол берди:
– Ҳа, қалай, бўрими-тулкими?
Аёллар бир-бирларига қарадилар. Ширинбону сергак тортиб кўзгуни хонтахта устига қўйди.
– Нима гап? Нурмуродбой йўқ деяптими?
– Хотин устига бермайман деяпти.
* * *
Ширинбону қўлларини кўксига чалиштириб, супада у ёқдан-бу ёққа бориб кела бошлади.
– Бибижон, – деди яқин келиб Муҳаррам, нонуштага нима келтирай?
Хаёллари бўлиниб кетган Ширинбону хизматчи аёлга қаради:
– Нима дединг?
– Нонуштага нима тайёрлай, деб сўряпман, бибижон.
– Иссиқ патир. Асал, кўкламгисидан.
– Хўп бўлади, бибижон.
Ширинбону хаёл сурганча нонушта қилди. Хизматчи аёл дастурхонни йиғиб кетгач, ҳовлининг боғ қисмида недир юмушлар билан ғимирлаб юрган йигитни чақирди.
– Норбўта, бери кел!
Йигит боғ ичидан чиқиб келди.