#Шубҳа
151-қисм
Бир аёлнинг кўнглини олиш, дунёдаги энг нозик масала. Заргар диққати, шифокор тажрибаси, шоир санъати лозим. Маржонадек қизни нима билан ҳайратга солар эканман, деб кўп ўйладим.
Йиллар аввал илк Парижга келган вақтим, бир жуфтликнинг гўзал лаҳзаларига гувоҳлик қилгандим. Ўша муҳит менга сеҳрлидек кўринганди. Бир кун мен ҳам шундай қиларман, деган орзу, хаёлимни бир чеккасида яширин ётарди.
Маржонани меҳмонхонада қолдириб, ўзим ишга киришдим. Аввал кема гаплашдим, сўнг майда ташкилий ишлар. Узук танладим. Бармоқлари нозик ва узун эди. Тахминий ўлчамда олдим.
Негадир ичимда оғриқ ва бироз ҳолсизлик бор эди. Бирор еган нарсам ёқмади шекилли, деб ўйладим. Шунча тайёргарлик кўрдим. Бирор ишкал чиқмаса бўлгани эди. Отамнинг аҳволини қўнғироқ қилиб, билиб турдим. Онам энди мендан аразлашга ўтган эди.
"Биз нима аҳволдамиз, Парижда пишириб қўйибдими?", -деди қўнғироқ қилганимда.
Синглим профиль расмимни кўриб тезда онамга етказган кўринади. Уларни бир амаллаб тинчлантириб, телефонимни овозини ўчириб қўйдим.
🔦
"Ажойиб", -деб ҳайратга тушган Маржонанинг олдида тиз чўккан эдим.
Қўлимда унга олган узук, нигоҳларим кўзларига қадалган. Бир неча сония, рад этиб кетади, деб жуда қўрқдим. Аммо титраган бармоғига узукни тақар эканман, ўзим ундан кам ҳаяжонда эмас эдим. Гўзал лаҳзаларни ширин таом ва мусиқа остида якунладик.
Унга қўлимдан келганича дилимдаги гапларимни ифодалаб бердим. Ора -сира санчиб турган қорним тун ярмига бориб жуда авж олди. Ёки Маржонанинг акасини қотилини топмай туриб никоҳ масаласига илиқ қарамаслиги мени қийноққа солганди.
Қизнинг ичидаги аламини кўриб тургандим. Қотил узоқда эмас. Жуда яқинидан чиқишини ҳаммамиз яхши билар эдик. Қўрқувим, жиноят фош бўлгандан сўнг, Маржонанинг Ўзбекистонга келишни истамай қолиши эди. Масофадан ришталар қандай юради, тахмин қилиш қийин.
Унинг ҳар лаҳза атрофида бошқа эркаклар бўлишини, Америкадек ерда оддий дўстона муносабатлар ҳам очиқ ва чегара билмаслигини билардим. Буни исботини ҳам кўрдим. Маржонага қўнғироқ қилганимда ёнидаги ҳамкасби қўлини бемалол қизнинг елкасига қўйганди.
У пайт бир нима дея олмадим. Аммо энди бу ҳолат такрорланса, қизни кўнглини синдиришдан жуда қўрқдим. Маржонани хонасига кузатар эканман, худди сеҳрланган лаҳзалар тугаб, ҳақиқатлар олдида ёлғиз ва чорасиздек қолгандим.