ҲАЁТИЙ ТАЖРИБА
Шамсиддин янги уйланган пайтлари эди. Бир уй меҳмонлар келиб кетишди. У ишидан келган пайтда келин ухлаб қолганди. Меҳмонлардан кейинги ўзбекнинг уйи қай аҳволда бўлиши ўзингизга маълум. Йиғиштириш, супуриш-сидириш, идиш-товоқларни ювиш, хуллас, ҳамма ишни унинг ўзи қилди. Биз эса онаси билан бир-биримизга худди "ўғлимизни уйладикми ё узатдикми", дегандек ҳайрон қараб қолдик.
Ишларини тугатиб бўлгач, хайрлашгани ёнимизга чиқди. Мен унга атайин:
- Биргалашиб қилмадинглар-да, енгилроқ бўларди, - дедим.
- Ухлаб қолган экан, безовта қилгим келмади.
У аёлининг ухлаб қолгани ва уй ишларига бепарво бўлганини ўта табиий, бизнинг тилимиз билан айтганда "шведчасига" қабул қилганди.
Мен эса табиий қабул қила олмадим. Мен "ўзбекча" қабул қилдим. Миямда минг хил ўйлар васваса қила бошлади:
"Қуш инида кўрганини қилади, дейишарди-ку!"
"Ростдан ҳам эрта уйлаб қўйдиммикин?!"
"Укаларига туппа-тузук ҳукмини ўтказар эди-ку!"
"Наҳотки, энди аёлига ҳукмини ўтказа олмаса!"
Аёлимга сен гапир, десам, гапиролмайман, дейди. Боз устига икки ёш ўртасидаги муносабат кўзимизга бир ноёб санъат асаридек кўриниб, уни бузиб қўйишдан чўчиб, тегинишга ўзимизда журъат тополмасдик. Улар ҳамон осмонларда юришарди...
Шамсиддиннинг уй-рўзғор ишларидаги чаққонлиги кўзга ташланавергач, чидаб туролмадим. Ёлғиз ўзини олиб қолиб, "шу кетишда хотинингнинг чизган чизиғидан чиқмайдиган бўлиб қоласан" мавзусида роса қизишиб маъруза ўқидим. У эса яна оддийгина қилиб:
- Бу ишнинг шариатга зид жойи йўқми? - деди.
- Йййўқ. Йўқ бўлса керак, - дедим дудуқланиб.
- Ундай бўлса, ҳозирча ўзимга қўйиб берасизларми? Оила бошқаришда ўзим танлаган йўлим бор. Сиз менга қайси тарафга қарашни ўргатсангиз кифоя. У тарафда нимани кўришни ўзим топаман, иншооллоҳ. Шветсияда катта бўлган қизларни сал бошқачароқ тарбия қилмаса бўлмайди, деб ўйлайман. Ўзим бир уриниб кўрай.
- Маъқул.
Маъқул дейишга дедиму, лекин барибир кўнглим таскин топмади. Айни пайтда натижани кутишдан бошқа чорам ҳам йўқ эди...
Лекин узоқ кутмадим. Уч-тўрт ҳафта ичидаёқ, яхшигина ўзгаришлар юз берди. Ўғлимнинг ошхонадаги маҳорати аста-секин камайиб-камайиб, охири барҳам топди. Икки ой ўтиб-ўтмай келиним худди ўзимизнинг юртлардаги келинларга ўхшади-қолди. Айниқса, автоҳалокатдан кейин бу ҳолат кўзга яққол ташланиб қолди. Шамсиддин бунга қандай эришди, нималар деди, қандай йўл тутди, у ёғи менга қоронғу. Эътироф этаман, ўзлари учиб юрган осмонидан тушиб ҳам ўтирмасдан шунча натижага эришганига қойил қолдим.
Хўш, бу гапим билан нима демоқчиман?
* Ёшларнинг мустақил ҳаракат қилишларига ҳам йўл қўйиб
берайлик;
* Уларнинг ҳар бир ишига аралашавермайлик;
* Талабимиз урф-одат эмас, шариат мезони билан бўлсин;
* Шариат ёнида урфга ҳам риоя этишни вожиб эмас, оддий бир гўзаллик, мустаҳаб амал, дея қабул қилайлик;
* Ҳукм чиқаришга шошилмайлик, поёнини кутайлик.
Муқим Маҳмуд
•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
Якинларингизга узатинг
https://telegram.me/joinchat/EBkeNT8wOXpAsSelKCAtIA