ннинг кўркамлиги, харидоргир жиҳозларга бойлиги кўпроқ ҳаяжонлантирмоқда эди.
“Қулай пайт топиб, бу ерга яна ташриф буюраман ҳали” – дея хаёлидан ўтказди у, мамнун илжайган кўйи қадаҳларга бу гал ўзи коньяк қуяр экан.
Нозу ишва орасида эркакни ҳушёр кузатган Амира Ғанидаги ўзгаришни яхшиликка йўйди. Ниҳоят, кўнглига йўл топдим деган хаёлга борди.
– Акажон, – деди у оппоқ, момиқ кўкракларини кўз-кўз қилиб, – тилла билагузугингизни ҳали тақиб ҳам кўрмадим-ку.
Ғани индамай қадаҳ бўшатди. Сўнг сузилган куйи илжайди. У эшикдан кириши биланоқ аёлнинг мақсадини пайқаган эди. Шунинг учун олди-сотди ҳақида гап очиш бефойдалигини сезиб, билагузукни чўнтагидан чиқармаган, шунчаки, хонадонини бир кўздан кечириб, сўнг жуфтакни ростлаб қолишни ўйлаган эди. Бироқ тўкин дастурхонни кўзи қиймай анча ўтириб қолди. Димоғи чоғлигидан бутун вужуди ичкилик талаб қиларди.
– Марҳамат, жонгинам, – дея костюми чўнтагидан қимматбаҳо буюмни чиқарди Ғани, – истаганингизча тақиб кўраверинг.
Амира тилла билагузукни кўзлари порлаб қўлига олди. Сўнг билагига тақиб чироқ нурига тутиб кўраркан, ёш боладай қийқириб юборди.
– Ву-уй, нақ мен учун ясалган экан-а! Товланишини қаранг.
– Ҳа, ярашди, – деб пўнғиллаб қўйди Ғани, бир бўлак қовурдоқни оғзига соларкан.
У учинчи қадаҳдан сўнг тезроқ кетиши зарурлигини ҳам буткул унутган эди. Билагидаги тилла буюмдан сира кўз узолмай, ял-ял яшнаётган Амира ногоҳ эркакнинг бўйнига осилиб, семиз юзидан чўлпиллатиб ўпди.
– Энди билагузук ҳам, сиз ҳам меники.
Ғани алланима деб эътироз билдирмоқчи бўлди. Бироқ оғзи тўла гўшт бўлгани сабаб, бир-икки бош тўлғашдан нарига ўтолмади.
– Сиздай мард эркакларнинг садағаси бўлсанг арзийди-да, – деди Амира бел-биқинларини диркиллатиб ўрнидан ирғиб тураркан, – келинг, умрбод дўстлашиб кетишимиз учун ичайлик.
Аёл қадаҳларга коньяк қуйди. Албатта, ўзига бир қултумча томизиб, Ғанининг қадаҳини лиммо-лим қилди.
Айни пайтда Латиф вокзал биносидан юраги ғашликка лиммо-лим тўлиб чиққан эди. У йўл бўйида турган киракашлар томон хомуш юрди. Кутилмаганда орқасидан Розия югургилаб чиқди.
– Латиф ака, бир минут.
– Тинчликми, Розияхон? – дея ажабланиб сўради Латиф, жувон томон юраркан, – ё поезд қайтиб келдими?
Розиянинг юзида енгил табассум пайдо бўлди.
– Тўғриси, мен ҳам эркак кишининг ярим йўлдан қайтганини ёқтирмайман. Тўсатдан эсимга тушиб қолди, бир ҳамкасбимиз машинасида Ғарғара томон кетмоқчи эди. Сўраб кўрай-чи, балки сизни олиб кетар.
– Жуда яхши бўларди-да, илтимос, сўраб кўринг, айтган ҳақини тўлайман.
– Юринг-чи.
Улар узун-қисқа бўлиб тағин вокзал ичкарисига киришди. Узун йўлак бўйлаб бироз юришгач, иккинчи қаватга кўтарилишди.
– Сизни ҳам овора қилиб қўйдим-а, Розияхон, узр, – деди Латиф хижолат чекиб.
Розия жилмайди.
– Йўловчилар қайғусини чекиш бурчимиз.
Улар қоп-қора дермантин қопланган эшик ёнида тўхташди.
– Мен ҳозир билиб чиқаман, – деди Розия шивирлаб. – Кутиб туринг.
– Хўп.
Жувон ичкари кириб кетди. Латиф ойнабанд пешайвондан туриб тунги шаҳар манзараларини томоша қила бошлади. Бироздан сўнг Розия хижолатланиб қайтиб чиқди.
– Узр, Латиф ака, бу киши эрталаб жўнарканлар. Агар соат саккизга етиб келсангиз, улов нақд.
Улар баб-баравар кулиб юборишди.
– Албатта етиб келаман, – деди Латиф кўнгил ғашлиги анча тарқаб, – ҳечқурса, сизни кўриб кетарман.
– Суюлманг. Энди шу ерда хайрлашайлик.
– Ҳозирча хайр.
– Хайр, яхши етиб олинг, кеннойимга салом денг.
Жувон Латифнинг орқасидан маъюс қараб қолди.
* * *
Икковлари ҳам қуюшқондан чиқиб кетишди. Ғанини ичириб, маст қилиб ташлайману билагузукни қўлга киритаман, дея режа тузган Амиранинг ўзи ҳам бир қултум-бир қултум ичавериб анча гандираклаб қолди. Бегона эркакка энди “режадан ташқари” осилиб, тирғала бошлади. Яхшиям Ғани табиатан ишқий саргузаштларни сира хушламайди. Шунинг учун ҳам аҳён-аҳёнда аёлни номигагина ўпиб, ўзини олиб қоча бошлади.
– Шу сўнггиси, – деди Ғани ўрнидан туриб дастурхон устидаги ичкиликдан қадаҳларга қуяркан. – Мен кетишим керак. Ишлар кўп.
– Йўқ, бугун ҳеч қаёққа бормайсиз, – деди Амира газак ўрнида қарсиллатиб олма чайнашга тушаркан.
Ғани аёлнинг суйкалишларидан бир амал