Меҳмонлар фотиҳа ўқиб қўзғолдилар. Нурмурод муаллим бошини эгганча ўтирган ерида қолди.
Уруш тугаганига беш-олти йил бўлиб қолган бўлса ҳам қишлоқда уйланадиган йигитдан, эрга тегадиган ёшдаги қизлар кўпроқ эди. Нурмурод муаллимнинг ҳовлисидаги “катта” уйда истиқомат қилаётган қизларнинг ёши ўтиб борарди. Шунга қарамасдан Райҳонбибининг кекса одамга унаштирилиши бу қизлар орасида анча баҳс-мунозарага сабаб бўлди.
– Райҳонбиби, – деди қизлардан бири, – у киши сендан ўттиз ёш катта эмиш, ундан кўра тоғам сени анави дўхтир йигитга бергани тузук эмасмиди? Келиб-келиб чолга тегасанми?
Ухлаб ётган боласининг сочларини силаб ўтирган Райҳонбиби индамади. Унинг ўрнига бошқа қиз жавоб берди:
– Э, қизиқ экансан, Зайнаб, тоғам нима қилишни ўзи яхши билади.
Булардан нарироқда ётган қиз бошини кўтариб гапга аралашди:
– Урушда эркак зотига қирғин келди-ку! Энди тенгингга турмушга чиқиш қийин. Мен ҳам ёши каттароқ одамга бўлса ҳам тегардим. Уйим-жойим, ўғилларим, қизларим бўларди.
– Бу гапинг ҳам тўғри, – деди Зайнаб, ахир қачонгача бизларни тоғам боқади?
– Тўғрику-я, лекин ўн ёш катта бўлса, ўн беш ёш катта бўлса ҳам бошқа гап, ўттиз ёш жуда кўпми дейман-да, -- деди яна бир қиз гапга аралашаркан.
Дарвоза олдига келиб тўхтаган аравадан олдин Ширинбону, сўнг яна икки аёл тушдилар. Пешвоз чиққан Бердимурод арава устидан иккита катта бўхчани олди. Саидабону меҳмонларни ичкарига бошлар экан, йигитчага паст овозда деди:
– Болам, бор тоғангни чақириб кел.
Кўп ўтмай аёллар ўтирган хонага Нурмурод муаллим кириб келди.
– Ассалому алайкум, муаллим оға! – деди Ширинбону ўрнидан туриб.
– Ваалайкум ассалом, янгабону, тўй ҳаракатидамисиз дейман?
– Ҳа-да, муаллим оға. Совуқ тушмай тўйни қилиб юбора қолайлик деб турибмиз.
– Янгабону, жуда тугун-пугунлар билан келишдан олдин бизнинг шартни бажаришингиз керак эди.
Ширинбону мурсагининг ич чўнтагидан тўрт букланган қоғоз олди ва ўтган сафар келганида муаллим шарт қўяётиб, нуқиган жойига қўйди.
– Мана!
Муаллим қоғозни қўлига олди. Ўқиб чиққач, бошини чайқаб-чайқаб хотинига узатди.
– Эҳтиёт қилиб сандиққа солиб қўй, йўқолмасин!
Муаллим ерга қараганча яна бироз ўтиргач, “майли, сизлар янгангиз билан суҳбатлашиб ўтиринглар, мен борай”, деб ўрнидан турди.
Келган аёллардан бири Саидабонуга қараб:
– Янга, жиянингизни чақиринг, сарполарини кўрсин, – деди.
Райҳонбиби ноқулай бир аҳволда салом бериб ичкарига қадам қўйди.
– Келинг, айланай, келинг, – деди Ширинбону, Мастура бибингнинг сарполарини кўрсат!
Аёл тугунларни ечди…
Очлик, юпунлик, оғир меҳнат, урушдан қайтмаган аканинг армони, бир кўзи қамчи зарбидан ожиз бўлиб қолган уканинг дарди, фарзанд соғинчида икки қишлоқ орасидаги узоқ йўлда девонадек югуришлар қалбидан қувончни мангу супуриб кетган бу аёл зеби зийнатлар-у, ялтироқ матоларга маҳзун нигоҳ ташлади...
Шу кеча Райҳонбиби ухламади. Мингта хаёл бошида чарх урди. “Ростдан ҳам бу аёл кундошлик қилмасмикан? Ўзига тўқ хонадонга ўхшайди, Муроджон тўйиб-тўйиб овқат еса бас. Боламни уриб-сўкмаса, қўлим косов, сочим супурги бўлиб, хизматини қиламан. Катта одам дейишяпти. Эҳтимол Московларга сим қоқиб, акамни сўраб берар. Акам бирор жойда ярадор бўлиб, (эй Худойим-эй, оғир ярадор бўлиб эмас), ҳушидан кетиб ётган бўлса, биров ёрдам бериб, даволаб, қизига уйлантирган бўлса ҳам майли. Шунақа қилиб ўрисларни юртида қолиб кетганлар ҳам кўп эмиш-ку! Акам тирик... Акам келади бир кун. Келмаса ҳам соғ бўлсин. Анави Тоштурди ҳам аканг ўша ёқларда қолиб кетади деган. Аканг ўлади дегани йўқ эди ўшанда. Агар акам қайтиб келса, биз уч етимнинг бағримиз тўлиб қоларди. Суянардик, акажон, қандай кунларни бошимиздан ўтказдик, дер эдим… Елкасига бошимни қӯйиб тӯӣиб- тӯйиб ӣиғлардим...”
Жиянини иккинчи марта узатаётган Нурмурод муаллим тўйни катта қилишга рози бӯлмади. Тўйга бир-иккита қўшни ва яқин орадаги қариндошлар келдилар. Хонадондаги аёллар Райҳонбибини ясантириб, кўчада кутиб турган куёв томоннинг кайвонилари томон бошладилар. Номига доира чертилиб, икки-уч қиз-жувон паст овозда “ёр-ёр” айтди. Дарвозахона олдида турган муаллим бўғзига нимадир тиқилиб, жиянига оқ фотиҳа берди.