– Бибижон, бирор нимадан хафа эмасмисиз, жуда ўйчансиз, – Норбўта қайнонасининг кейинги пайтларда ниманидир қаттиқ ўйлаётганини сезиб юрарди, ҳозир секин сабабини пайпаслади. Ӯз хаёллари билан ўтирган Ширинбону куёвига қаради.
– Ҳа, куёв, сиз билан бир маслаҳатлашиб олсам, дегандим. Ҳозир ҳар ўнта рўзғордан биттасида телевизор бор. Тоғангиз кексайиб қолган. Рўзғорида тушум йўқ. Болалари томошага ҳамсоянинг уйига чопиб юрмасин. Шуларга битта телевизор олиб берайлик.
– Бўлади, бибижон. Кеча Хатирчида кўрдим. Кичикроқ телевизорлар бир юз қирқ сўмдан турибди.
Куёвининг арзонроқ телевизор ҳақида оғиз очгани Ширинбонуга маъқул бўлмади.
– Арзоннинг моли татимас. Мана шу ўзимизникидан олайлик. Каттароқ бўлса, одам томошо қилгандек бўлади. Тоғангизнинг болалари бир-биридан ақлли. Вақти соати келиб яхшилигингизни бир неча баробар қилиб қайтаришади.
Норбўта бироз ўйланиб тургач:
– Бибижон, ҳозир юз сўм пулим бор. Бўлмаса яна бир-икки кун сабр қилайлик,- деди.
– Мен кексайиб қолдим, куёв. Энди жуда узук-билагузукни қаторлаштириб тақмасам ҳам бўлаверади. Мана бу узукни, – Ширинбону бармоғидаги узуклардан кичикроғини чиқарди, – яҳудийларга олиб борсак индамай юз сўмга олади. Агар бугун бошқа ишларингиз бўлмаса, бир улов топинг, Хатирчига бориб телевизор оламиз-да, тўғри тоғангизникига кириб борамиз.
– Хўп, бибижон, бир фотиҳа қилинг бўлмаса...
Норбўта чиқиб кетгач, Ширинбону ўз хонасига ўтиб, қадимий тошойна рўпарасида кийимларини кўчалик либосларга алмаштирмоққа тутинди.
* * *
Райҳонбибини ўша ўн беш кунлик ҳаддан ташқари оғир меҳнат майиштириб қўйдими, ёки зовур воқеасидан кейинги бетоблик қувватини олиб қўйдими, у бирдан кичрайиб қолди. Колхоз катталари қиёфасидаги давлат деган кучнинг бу сафарги адолатсизлиги қаршисидаги ожизлик эса руҳини батамом чўктирди. Кексайибгина қолган Фармонбек дераза ёнида ёғоч каравотда ҳовлидаги манзарага термулиб ётаркан, кўзи ўчоқбоши томон ўтган хотинига тушди. Хиёл гавдасини кўтариб, деразани қия очди-да, хотинини чақирди.
– Кампир, ҳо кампир! Бир пиёла чой дамла!
Райҳонбиби ўчоққа ғўзапоя солаётиб, эри томонга қаради:
– Ҳозир дамлаб бераман!
– Хай, тезроқ бўл-да, чанқаб кетдим.
Райҳонбиби чумаги чегаланган чойнакка чой солиб, қумғонда қайнаб турган сувдан қуйиб, шу ернинг ўзида қайтарди. Қумғонни яна ӯт устига қўйгач, чойнакни қўлига олиб, ўрнидан турди. Шу тобда кўзи қуюқ чанг кўтариб келаётган юк машинасига тушди.
– Кўнглим бир оғиз ширин сўз тилаяпти, Худойим! Шу одамлар бизни йўқлаб келаётган бўлсин, Илоҳо...
Машина шу томонга қараб энди. У шошилиб уйга кирди-да, чойнакни курси устига қўйди.
– Отаси, меҳмон келяпти. Туринг, кутиб олайлик.
Дарвоза олдига келиб тўхтаган юк машина устидан олдин Норбўта тушди, сўнг қайнонасининг кабинадан тушишига кўмаклашиб юборди. Райҳонбиби кундоши истиқболига чиқар экан, “Келинг опажон, қадамларингиздан айланай” -деди ўпкаси тўлиб.
– Ҳа, Райҳонбиби тинчликми, бобойингиз, болалар соғми?
– Узоқдан мошин келаётганини кўриб, “Илоҳо шундаги одамлар бизникига келаётган меҳмон бўлсин” деб Худодан сўровдим. Сизларни кўриб суюниб кетдим-да, опа.
– Ҳа, хайрият. Ишқилиб тинчлик, омонлик экан-у?!
Кундошлар бир-бирларини бағирларига босиб кўришдилар. Норбўта ҳам келиб кичик бибига елкасини тутди.
– Келинг, куёв, қандайсиз, болалар, Ўғилой эсон-омон юришибдими? Юрингизлар уйга, тоғангиз ҳам суюниб қолади.
Райҳонбиби энди ортига ўгирилган эди, Ширинбону тўхтатди.
– Э, Райҳонбиби, ҳаммадан ҳам сизнинг димоғингиз чоқ бўладиган нарса олиб келдик. Ширинбону шундай деб Норбўтага қаради:
– Қани, куёвжон, телевизорни туширинглар.
Норбўта билан ҳайдовчи йигит юк машинасининг устидан сандиқдай келадиган картон қутини авайлаб туширдилар. Бўлаётган воқеага ишонқирамай қараб турган аёлга қараб:
– Энди йўл кўрсатинг янга, буни қаерга киргизайлик, – деди Норбўта.
Райҳонбиби гарангсиб яна кундошига қаради:
– Шу... шу... бизларгами? Сўнг, кўриб тургани туш эмаслигига ақли етиб росмана йиғлаб юборди: Худо бор опажон, Худонинг менга раҳми келди...
Норбўта ҳайдовчи йигит билан биргаликда телевизорни уйнинг тўрига жойлаштирди.
– Бибижон, антенна ўрнатиш учун узунроқ хода ҳам