деб зўрға улардан қутулди. Машинани ҳайдаб бораркан, кечаги кун воқеаларини ўйлаб кетди. Кўз олдига Самандарнинг қиёфасини келтириб мамнун жилмайди. Уйига ошиқишининг ҳам сабаби у эди. Ниҳоят топгани учун жуда ҳурсанд, худога шукроналар айтиб борарди.
«-Ҳозир нима қилаяпди экан, ўзини қандай ҳис қилаяпди экан?-деб кўнглидан ўтказа бошлади.- Ишқилиб бегонасираб, ўзини четга тортмаяпдимикан? Йўғ-е, ундай бўлмаса керак? Ахир кечанинг ўзидаёқ укалари билан тил топишди. Зулайҳога ўз онасидай муомила қила бошлади. Буни ўзи ҳам айтди. Зулайҳо ҳам унга бошқача назар билан қарагани йўқ. Уй жиҳозларингни олиб келгин, дегандим. Олиб келдимикан?»
Машинани дарвоза олдида қолдириб ҳовлига кирди-ю, беихтиёр, эҳ-ҳе, деб юборди. Ҳовли ўртасида уй жиҳозлари ортилган КАМАЗ турар. Сўрида эса Самандар дўстлари билан давра қуриб ўтирарди.
-Келинглар, йигитлар, келинглар,- деди сўрига яқинлашар экан. Йигитлар салом бериб бараварига ўринларидан тураётганларини кўриб қўл ишораси билан тўхтатиб, сўри четига ўтирди.- Қалай, яхши ўтирибсизларми? Камчиликлар йўқми?
-Раҳмат ҳамма нарса етарли,- деди /айбулло. -Ўғлингизни топиб ҳурсанд бўлиб қолдингизми?
-Албатта, ҳурсанд бўлмай-чи,- деди Искандар кулимсираб.
Бошқалар ҳам шу тарзда қутлаганлидан кейин Мирвали ўрнидан турди.
-Искандар ака, сиз пастда ўтириб бизни ноқулай аҳволга солаяпсизда. Юқорига, Собиржон аканинг ёнига ўтиринг.
-Ҳечқиси йўқ, асло ҳижолат бўлманглар, -деб Искандар уни жойига ўтиришга ундади.- Ҳозир мен мезбон, сизлар мехмонсизлар . Директорлигим ишхонада қолган. Меҳмон отангдай улуғ, деган гапни унутманглар.
-«Меҳмон отангдан улуғ» бўлса керак?- деб /айбулло торттинибгина тузатиш киритган бўлди.
-Йўқ, Искандар ака тўғри айтдилар,- деди Сардор бунга жавобан.- «Отангдай улуғ», деганлари тўғри бўлади. Инсон учун ер юзида отадан улуғ зот йўқ. Бўлиши ҳим мумкин эмас. Шахсан мен ким бўлишидан қатъий назар ҳеч кимни отамдан устун кўрмайман.
-Унда «устоз отангдан улуғ», деганлари ҳам нотўғри эканда,- деди Мирвали.
-Нотўғри эмас. Уни ҳам маъносига эътибор бермай ўзгартиришган,-деди шу пайтгача индамай ўтирган Собиржон.- Фақат Оллоҳнигина отадан юқори кўриш мумкин. Чунки ҳеч кимнинг меҳнатини отанинг фарзандларини учун чеккан заҳматларигп тенглаштириб бўлмайди. Ота кези келганда фарзанди учун жонини ҳам фидо қилишга тайёр бўлади.
-Ҳа албатта. Бундай фидоийлик ҳар қандай отанинг ҳам қўлидан келиши мумкин,- деди Сардор.
Искандар аста Самандарга қаради. Унинг мамнун чеҳрасига қараб қувонди. Лекин айни дамда ўйга толди.
«-Мен ҳим фидоийлик қилолдимми? Йўқ. Ахир Самандар учун нима қилибманки, уни фидоийлик дейиш мумкин бўлса? Ҳатто зарур пайтда оталик бурчини ҳам бажаролмадим. Шунча йиллар ҳолидан хабар олмай ўз ҳолига ташлаб қўйдим. Бошига шунча кўргуликлар тушишига шу сабабли менинг ҳам айбим бор. Бу борада ўзимни оқлашга ҳам уринишимнинг ҳожати йўқ…»
-Искандар ака, чойдан ичинг. Нимани ўйлаяпсиз?-деб Мирвали унинг ҳаёлини бузиб юборди.
-Ўзим шунчаки,-деб Искандар узатилган пиёлани қўлига олди. КАМАЗга ишора қилди.- Буни қачон олиб келдиларинг? Нега туширмадиларинг?
-Боя олиб келдик. Булар ёрдамлашишди,-деб Самандар дўстларига ишора қилди.- Қаерга жойлаштиришни сўраймиз, деб сизни кутаётгандик.
-Шунга ҳам мени кутасизларми? Аянгдан сўрасаларинг ҳам бўларди-ку,-деди Искандар.
-Искандар ака, келин ҳам тайёр. Тўйни қачон бошлайсмзлар? –сўради /айбулло.
-Худо хоҳласа шу бир ойнинг ичида ўтказиб юборамиз. Фақат хизматга тайёр бўлсаларинг бас,-деди Искандар кулимсираб.
-Э, бу ёғидан сира ҳам ташвишланманг, қанча хизмат бўлса ҳам тайёрмиз,- деди Мирвали кўкрагига чапаниларча уриб.
-Тайёр бўлсанг бошла,- деб /айбулло КАМАЗга ишора қилди.
-Тўғри айтасан. Фақат бу ҳаммамизга тегишли,- деди Сардор унинг нима демоқчи бўлганини тушуниб.- Қани йигитлар, турдик. Юкларни тушуриб олайлик. Кейин бемалол ўтираверамиз.
Ярим соатга ҳам қолмай юкларни тушириб, жойлаштиришди. Шундан кейин ош сузилди. Ошни еб бўлиб, анчагача гаплашиб ўтирдилар. Кейин йигитларнинг имосига кўра Собиржон туришга руҳсат сўради.
-Борасизларда, ҳали эрта-ку. Гапларинг ҳам энди қизиётган эди,-деб Искандар эътироз билдирди.
-Кейинги галга ҳам