н болам, қайдасан?!”
Жавобан олислардан бўриларнинг увиллаган овози ва чигирткаларнинг чириллаши эшитилди. Тонг отиб келаётганида Райҳонбиби ҳамқишлоқлари ухлаётган жойдан анча олислаб кетган, ҳамон буғдойпоя ғарамларини пайпаслаб тентирарди. Бирдан аллақандай ғингшишлар, хуриллашлар аралаш боланинг қиқирлаб-қиқирлаб кулгани эшитилди. Аёл чақиртиканлар оралаб овоз келган ёнбағирга силжий бошлади. “Мурод”, деб шивирлади яна. Энди бола ҳам онанинг овозини эшитди. “Инна”, деб овоз берди. Райҳонбека тулки инининг оғзига бориб қолди. Муродилла уч-тўрт тулки болалари қуршовида ўтирар, тулкичалар уни оёқчалари билан туртиб-туртиб ўйнашар, у ҳам жавобан қўлчаларини силкир ва қиқирлаб куларди. Иннинг ичкарисида болаларига қараганча чўзилиб ётган она тулки шовурга қулоғини динг қилди. Ҳайвоннинг кўзи аёлга тушиб, безовталанди. Тулкичалар ин ичкарисига кириб ғойиб бўлдилар.
Райҳонбиби ҳайвонга қараб майин-майин сўзлади:
– Қўрқма, жонивор, мен сенга ҳам, болаларингга ҳам тегмайман. Фақат боламни олсам, бас.
Сўнг секингина ин ичкарисига қўлини чўзди. Муродилла ҳам онасига интилди. Она боласининг қўлчасидан маҳкам тутиб, ин ичкарисидан чиқариб олди ва маҳкам бағрига босди-ю, йиғи аралаш кула бошлади.
– Вой, тентаг-ей, тулкиларнинг уясига кириб олибсан-а, юрагим чиқиб кетди-ку! Муроджон, болам, мени бунақа қўрқитма-да! Юрагим ёрилиб ўлиб қолсам, ёки тентак бўлиб қолсам, сенга ким қарайди?
Аёл тулки уясининг ёнида боласини қучоқлаб ўтирган кўйи қўлларига, товонларига санчилиб қолган тиканларни олиб ташлашга киришди. Ҳали уяча ёнига эниб тушаётиб, йўқотган калишини топди-да, аллақачонлар уйғониб нонуштага ўтирган ҳамқишлоқларига томон кетди. Ҳамма Райҳонбиби келаётган томога қаради.
– Ҳа, болангни топдингми?
– Қаерда экан?
– Э, узоқлаб қаёққа ҳам борарди, чополмаса, югуролмаса, йўл билмаса.
Райҳонбиби ўтирганларга қараб укасини, қидирар экан саволга савол билан жавоб берди.
– Турдимурод қани, қаёққа кетди?
– Сени қидириб кетувди, кўрмадингми?
Аёл ҳамқишлоқларига қаради-ю, “эй, Худойим, нимага одамлар бировнинг дардига бунчалар бефарқ, бераҳм? Уларга менинг устимдан кулиш осон... Ҳозир мени минг бора ўлиб, минг бора тирилганим буларга қоронғу”, деб ӯйлади.
Бир хаёли эса уларни оқлади. “Уруш йилларидаги қаҳатчилик ва қирғин одамларни шундай қилиб қўйди, бу кунлар ҳам ўтар, болаларимизда одамгарчилик, инсоф кўпроқ бўлар”...
– Ўзинг ҳам арзимаган нарсага ваҳима қиладиган тентак экансан. Ўзи эмаклаб кетдими, ўзи эмаклаб қайтиб ҳам келарди, – деди яна кимдир.
– Менга қара, болангни деб ишинг унмаяпти, – гапга аралашди бригадир. Қачон қарасам, болангга анграётган бўласан, гоҳ у ёққа олиб чопасан, гоҳ бу ёққа кўтариб ўтасан, тўрт-беш марталаб чайласини кўчирасан, бориб болангни уйингга ташлаб кел!
– Йўғ-эй, тоғажон, болам ёнимда бўлса ҳам нўрмамни бажаряпман-ку! – ожизгина эътироз билдирди Райҳонбиби.
– Нўрманг ўз йўлига. Бажармай кўр, бир коса атала берарканманми?! Тарашадай қотиб ётганингда болангни бўри-мўри кўтариб кетса, додингни кимга айтасан?
Боласини ҳозиргина тулкининг уясидан чиқариб олган Райҳонбиби қўрқиб кетди. “Ҳа-я, бўриларнинг увиллашлари кечалари эшитилади-ку!” деган хаёлдан юрагига ваҳима тушди. Шу кеча боласини белидан рўмол билан ӯзига боғлаб ётди. Гўё атрофда бўрилар изғиб юргандек, бир неча марта чўчиб уйғонди. Энди ўрим пайтида бир марта ўроқ солса, минг марта боласига қараб оладиган бўлди. Бир сафар ишдан бош кўтариб қараса, Муродилла чайладан анча нарида эмаклаб кетяпти. Югуриб бориб кўтариб олди. “Нимага бир жойда ўтирмайсан, орқангдан чопавериб ўлар бўлсам ўлиб бўлдим-ку!” деди-да, боласига тарсаки қўйиб юборди. Бола чинқириб йиғлади. Райҳонбиби ўз ишидан пушаймон бўлиб гўдагини бағрига босди.
– Бўлди, Муроджон, йиғлама болам, сени урган энангнинг қўли синсин, – деди ва ўзи ҳам қўшилиб йиғлаб юборди.
Тушлик пайти у боласини кӯтариб бригадирнинг ёнига келди:
– Тоға, менга рухсат беринг. Боламни қайнонамга бериб келаман.
– Олдин нўрмангни бажар, кейин кетасан.
– Лекин менинг ҳам олдиндан айтиб қўядиган гапим бор.
– Нима?
– Шартим бор, деяпман.
Бригадир “шарт қӯядиган бӯлиб қолдингми”, дегандай энсаси қотиб қаради.
– Шарт