Эртасига синфга кириб борсам доскага катта қилиб "Султон – идора фарроши!” деб ёзиб қўйишибди. Болалар мени мазах қила бошлашди. Бу гапни ким тарқатганию, ким доскага мени масхаралаб ёзганини дарров англадим. Ўша синфдош қиз менинг илк муҳаббатим эди. Шунчалар ундан хафа бўлиб, кўнглим оғриганидан, синфдошларимнинг масхаралаганларидан хўрлигим келиб мактабдан кетиб қолдим. Ўзимни бозорга урдим, одамларнинг юкини кўтариб хаммоллик қилиб пул топа бошладим. Ўқишларим қолиб кетдию, лекин рўзғорга кўмаклашаётганимдан, ойимнинг оғирини енгил қилаётганимдан хурсанд эдим. Опамни турмушга бердик. Синфдош қиз ҳам турмушга чиқиб кетди. Унинг тўйи куни роса йиғладим, энди ҳеч қачон қизларга ишонмайман, ҳеч кимга кўнгил қўймайман, керак бўлса уйланмай тоқ ўтаман деб ўзимга ўзим қасам ичдим. Қаёқда, ойим анча қариб, ишга яроқсиз бўлиб қолдилар.
"Тезроқ уйлан, кўзим тириклигида бошингни иккита қилиб кетай, укаларингни бир амаллаб ўзинг уйлантирарсан, бу хонадонга аёл киши келмаса бўлмайди” деб туриб олдилар. Онамнинг дилини ранжитмаслик учун улар топган қизга розилик бердим. Тўйимиздан бир йил ўтиб онам вафот этди. Опам ўзи билан ўзи овора бўлиб қолди. Иккита укамни ўқитиш, ишга жойлаштириш, уйлантириш ташвиши гарданимга тушганини ҳис эта бошладим. Буёқда кетма-кет иккита фарзандим дунёга келди. Авваллари хотинимни унча ёқтирмасдим. Тўғри у чиройли аёл эди, лекин тили заҳар, кибрли, онам ҳаётлигида тузукроқ меҳр кўрсатмаганди. Бизни боғлаб турган ришта шу фарзандларим бўлди. Бора-бора хотиним жанжал кўтара бошлади. Кўчадан келсам ўз-ўзидан косани дўқилатиб олдимга қўяр, қошиқни қошиққа уриб идиш-товоқ ювар, танбеҳ берсам мени етим камбағалдан олиб, ношуд камбағалга соладиган бўлди. Бир куни аламимдан ичиб келдим. Хотиним яна баҳона топиб жанжал кўтарди. Жаҳл устида кандай қилиб урганимни билмайман. Ҳушимга келганимда қамоқхонада ётардим. Хотиним калтак егач милиция чақирган экан. Укаларим йиғлаб қўшниларимни чақириб чиқишган, улар ўртага тушиб хотинимни аризасини қайтариб олишга кўндиришибди. Ўн беш кун қамоқхонада ётиб чиққанимдан кейин хотинимдан анчагача аразлаб юрдим. Кейин майли, ўртада болаларим борку, ўзимда ҳам айб бор ичмаслигим, урмаслигим керак эди, деб яна ўзимни айблаб, хотинимни тушунишга ҳаракат қилдим. Хотинимдан кечирим сўрадим. Бир-икки ой ахил бўлиб яшадик, сўнг хотиним кўчадан гап топиб келди.
- Ҳозир кўпчилик эркаклар Россияга ишлашга кетаётган экан. Ана биттаси бир йил ишлаб ҳам машина олибди, ҳам иморат солибди. Сиз ҳам ишлаб келинг, - деди.
- Болаларни, укаларимни ташлаб кетолмайман, - дедим.
- Болаларга ўзим қарайман, укаларингиз ҳам ёш боламас, ўзини ўзи эплашади, - деди.
- Укаларим балоғат ёшида, менсиз ёмон йўлга кириб қолишлари мумкин, - дедим.
- Агар эркак киши бўлиб сиз бормасангиз, хотин бошим билан ўзим ишлаб, пул топиб келаман! – деб туриб олди.
Хотинимнинг гапига кўнмасликдан бошқа иложим қолмаганди. Қурувчиларга қўшилиб олти ой ишлаб келдим. Меҳнатимга яраша пул топдим. Пулларни хотинимга топшириб икки ой дам олиб яна кетдим. Олти ой деганда яна қўни-қўнжим пулга тўлиб қайтиб келдим. Келсам хотиним бутунлай ўзгариб кетибди. Ёш қизлардек сочларини кестириб, қимматбаҳо кийимлар сотиб олибди ўзига, бўйнида, қўлларида тилла тақинчоқлар.
- Топган пулларимни ҳамасини совуриб юбордингми? Эртага укаларимни тўйига олиб қолмадингми? – дедим жаҳлим чиқиб.
- Онангиз тўйда дурустроқ тилла ҳам бермаганди. Ўз хотинингиздан қизғаняпсизми? Эртага болалариз катта бўлса ўшаларга мулк бўлиб қолади-ку, - деб аразлади.
Билганингни қил деб қўл силтадимда яна сафарга кетдим. Бу сафар бир йил ишлашга кетдим. Ўша ерда маҳалладошимни учратиб қолдим. У мендан беш ой кейин келган экан. Гапдан гап чиқиб хотиним ҳақида гапириб қолди.
- Султон дўст ачитиб гапиради, душман кулдириб дейдилар, шунинг учун дўстинг сифатида бир гапни сенга айтмасам бўлмайди, - деб қолди.
- Нима экан, очиқчасига гапиравер, укаларим бирон иш қилиб қўйишдими? – дедим.
- Йўқ, укаларинг бўлса майликуя, борганингда тартибга чақириб қўясан, лекин хотининг...
- Нима хотиним? Унга нима қилибди? – дедим баттар хавотирга тушиб.