лди.
− Нима қиламиз? – сўради Боймат чол катта ўғлидан. – Бир ҳафтада тўй қиламиз, Асални олиб кетаман, дейди куёв бўлмиш.
− Асалнинг ўзи учиб-қўниб турибди, биздан сўраб нима қиласиз? – деди Ўрол. – Бўладиган ишнинг эртаси яхши.
− Бизга қолса, бир ҳафтага чўзиб ўтирмасин, − деб қўйди Пардавой.
− Отамнинг боши ёстиққа тегари бор, энамнинг касали тутиб қолари бор, − кўнглидагини айтмаса бўлмади Анора. − Узоққа кетиб, кейин пушаймон бўлма!
− Яқиндан эр чиққанида узоқдаги Туркия тушимга кирармиди?
Асалнинг шу гапидан кейин қолганлар ҳам тилларини тишлади.
− Бўлмаса, тўйни тезлаштиринглар-да, − деди Раҳмонқул акаси этак силкиб. – Бизлардан сўраб нима қиласизлар.
Эртасига никоҳдан ўтиш учун ариза беришди. Йилмаз орқада қолиб, нима деди, нима қўйди, никоҳ уйи раҳбари тўй куни никоҳ қоғозини шахсан ўзи тантанали топширишини айтди.
Йилмаз хорижга чиқиш учун рухсат берадиган идора раҳбарига ҳам учрашди. Асалнинг паспортини топширди, аммо икки ҳафтадан эртароқ рухсат босиб бера олмаслигини айтиб, раҳбар узр сўради.
Икки кун тўйхона ахтаришди. “Тўхта бобо” ресторанида ҳафтанинг охирида бўш кун топилди. Ресторан ҳаммага маъқул бўлди. Ҳам шинам, ҳам жаласойликларга яқин. Фақатгина бир томони сал нобоп эди, ўша куни кечқурун Йилмаз қайтиб кетиши шарт, қайтиш чиптаси ўша кунга эди.
Бундан ҳам ёмони, Асал Йилмаз билан бирга кета олмас, унга хорижга чиқишга рухсат берилишига ҳали яна бир ҳафта бор эди.
− Ҳечқиси йўқ, тўйдан кейин мен учиб кетаман, паспортингни олганингдан сен ҳам учасан, аэропортда сени ўзим кутиб оламан, − деди Йилмаз.
− Никоҳ ўқитиб қўяйлик бўлмаса, − деди Боймат чол. – Мулла Сафарни чақирай.
− Никоҳни Истамбулда Султон Аҳмед жомесида ўқитамиз, − деди Йилмаз.
Тўй жуда дабдабали ўтди. Жаласойликларни, айниқса, ўзидан олдин эрга тегиб олиб, Асалга паст назар билан қараб юрган дугоналарини ҳайрон қолдиришни орзу қилган Асалнинг эшиги олдида йигирмата қора “Каптива” тизилди. Жаласойда ҳеч бўлмаган иш бўлиб, эрта тонгдан Боймат чолнинг эшигида бир соат карнай-сурнай чалинди. Уйи ҳам, ресторан ҳам қип-қизил атиргул билан безатилди. Асал “Муҳаббат наволари”га буюртма бериб, тўйга энг машҳур санъаткорларни чақиртирди. Жаласойликлар бир йил давомида ҳам кўрмайдиган қўшиқчиларни бир тўйда кўришди. Таомларни санаб, саноқдан адашишди.
− Беш хил овқат едик, − деди ширакай Мустафо кўзларини зўрға очиб.
− Бекор айтибсан, ўзим санадим, етти хил эди, − деди Муртазо ҳиққиллаб.
Тўйдан кейин икки машинада Тошкентга, аэропортга боришди. Ҳали никоҳи ўқилмаган куёв бола Истамбулга қараб парвоз қилди.
Бир ҳафта ўтиб, хорижга чиқишига рухсат босилган паспортини олган Асал ҳам жўнар бўлди.
− Ўзингни эҳтиёт қил, болам! − мингинчи бор тайинлади Момотош момо. – Ҳай, менинг кўнглим қуриб кетсин, кўнглим ўлгур ғаш-да.
− Кўнглингиз ғаш бўлмасин, − онасини юпатди Асал. – Ёзда куёвингиз сиз билан отамга таклифнома юбормоқчи. Ёзни бирга ўтказамиз. Денгизда чўмиласиз, маза қиласиз, энажон.
− Менга денгизни ким қўйибди, болам? − деди Момотош момо. – Бир оёғим бу ерда бўлса, бир оёғим Аҳрор бобонгдан нари.
− Нафасингизни иссиқ қилинг, эна, ҳали кўп яшайсиз, − деди Асал. – Ҳали невараларингизни кўргани борасиз.
− Турк невараларингизни де, − деди Боймат чол.
− Ўзимиз ҳам турк, ота, − деди Асал кулиб. – Биз туркнинг бош бўғинимиз! Қолаверса, динимиз бир, тилимиз бир. Бир ҳафта юрган куёвингизнинг бирорта сўзини тушунмай қолдингизми ёки?
− Тушундим, қизим, тушундим, − деди Боймат чол. – Биз тушунганимиз кимга қизиқ, унинг тилига сен тушунсанг бўлди-да.
− Мен тушунаман, отажон, − отасини бағрига босди Асал. – Куёвингизни сўзсиз ҳам тушунаман!
Шу пайт у учадиган самолётни эълон қилиб қолишди:
− Тошкент-Истамбул йўналиши бўйича учувчи йўловчилар диққатига! Иккинчи йўлакдан самолётга чиқишларингиз сўралади!
− Етиб борганингдан алё қил! – тайинлади энаси.
− Албатта алё қиламан, − кулди Асал. – Хайр энажон! Хайр отажон!
Ота-онаси қўл силкиб қолишди, Асал жомадонини судраб, ойнаванд эшикдан ўтиб кетди.
Давоми бор...
Каримберди Тўрамурод.
ИСТАНБУЛЛИК КУЁВ.
2.
Эртасига никоҳдан ўтиш учун ариза беришди. Йилмаз орқада қолиб, нима деди,