Ойнинг ўн беши. 16 қисм
Келишганлари бўйича тушдан кейин шаҳарда янги қурилган никоҳ саройига бориб никоҳдан ўтиш учун ариза топширдилар. У ердан чиқар эканлар, кўнгиллари тоғдай кўтарилган, кайфиятлари аъло даражада эди. Ўзларини чин маънода бахтиёр ҳис қилаётган эдилар. Чунки ариза топшириш билан висол сари яна бир қадам ташладилар. Умр ришталарини боғлашга тайёр эканликларини исботладилар. Бир ой, ҳа атига бир ойдан кейин бу ришталар чамбарчас боғланади. Бир- бирига бесабр талпинаётган жисму-жонлари бахт ва висол оғушида қолади. Бу бир умр давом этишига икковларининг ҳам ишончлари комил эди.
Самандар қалбида кечаётган туйғуларини табиатига хос бўлган вазминлик билан ошкор этмасликнинг уддасидан чиқаётган эди. Нилуфар эса бунга қодир эмаслигини шодон чеҳрасининг ўзи ошкор қилиб қўяётган эди. Автобусга чиқмай пиёда кетишни афзал кўришди. Чунки шундай қилсалар кўпроқ бирга бўлишларига имкон бўлишини билардилар. Шошилмайгина кетиб боришар эканлар, ўй-ҳаёллари билан банд бўлганлари учун анча жойгача иккаласидан ҳам садо чиқмади. Кўчанинг одатдаги шовқин-сурони келажакдаги бирга ўтказадиган ҳаётлари, орзу-умидлари ҳақида ширин ҳаёллар суришларига ҳалақит беролмасди. Қаршиларидан тизилишиб келаётган боғча болалари чиқиб қолишди. Ҳаммалари битта трусида, иккитадан қўл ушлашиб келардилар. «Ассалом алайкум», «ашшалом», деб салом бериб ўта бошладилар. Айримлари салом бераётганларида қўлларини ялонғоч кўксилари қўйишарди.
Болаларнинг саломларига кулиб алик олишиб, орқаларидан завқланиб қараб қолишди. Болалар орқароқда келаётган бир мўйсафидга ҳам шу тарзда салом бериб ўта бошладилар. У киши болаларнинг саломларига алик оларкан, баракалло чироқларим, катта бўлинглар, деб дуо қилди.
-Самандар ака, тўйдан кейин ҳам мени «сиз»лайсизми?-сўради Нилуфар.
-Нега буни сўраб қолдингиз?- деди Самандар бу кутилмаган саволдан ҳайрон бўлиб.
-Ўзим шунчаки,-деди Нилуфар унинг қўлидан ушлаб.- Менга қолса «сен» деганингиз яхши. Ҳамма шундай қилади. Чунки киши кўнглига яқин олганини ва яхши кўрганини «сен»лайди.
-Унда мен ҳам тўйдан кейин «сен»лайман, -деди Самандар юзида табассум пайдо бўлиб.
-Ҳозирдан «сен», деяверинг,- деди Нилуфар унинг табассумини кўриб яйраб кетаркан.-Тўйдан кейин бирданига шундай қилсангиз ғалати эшитиши мумкин. Ҳозирдан «сен»ласангиз қулоғим ўрганарди. Ундан ташқари биз энди бегона эмас, ўгай бўлса ҳам холаваччалармиз.
-Гапинг тўғри,- деб шу заҳоти Самандар «сен»лашга ўтди. -Лекин нега ўгай дейсан. Мен ундай деб ҳисобламайман.
Унинг бу билан нима демоқчи бўлганини тушунган Нилуфар севиниб кетди. Бироқ ҳозирги гапим билан кўнглига озор бериб қўйдим, деб ўйлаб ҳижолат бўлди
-Кечирасиз, мен ундай демоқчи эмасдим. Билмасдан оғзимдан чиқиб кетибди,-деди қизариниб ерга қаради. Салдан кейин бошини кўтариб қараганида Самандарнинг юзида ҳамон ўша табассум борлигин кўриб ич-ичидан севиниб кетди.- Ростдан ҳам биринчи марта ғалати эшатиларкан. Ҳечқиси йўқ, ҳозир айтганимдай ўрганиб кетаман. Қаранг-а, гап билан бўлиб кўчамизга етиб келганимизни билмай қолибмиз. Ҳайр, эртага кўришгунча. Куппа- кундузи бу ерда туришимиз ноқулай.
-Ҳа. Эртага кўришгунча,-деб Самандар истар-истамас қизнинг қўлини авайлабгина қисиб хайрлашди.
Нилуфар ҳам шу ҳолда қўлини ажратиб олиб уйи томон кета бошлади. Бир оз юргач орқасига ўгирилиб, қўли билан хайр ишорасини қилди. Самандар ҳим қул силтаб қўйди. Лекин у уйига кириб кетгунича жойидан жилмади.
Шошилмайгина кетаётган Самандарнинг кайфияти бугунги висол онлари таъсиридан чиқолмагани кайфияти аъло даражада эди. Авжи саратон бўлгани учун қуёш ғарб томонга оға бошлаган бўлса ҳам ҳаво анча иссиқ эди. Кун бўйи қуёш ҳароратини ютган асфалтдан кўтарилаётган иссиқ, ёқимсиз ховур кишини лохас қиларди. Лекин буни сезмасди ҳам. 20-30 қадамча олдинда кетаётган бир ёшгина аёл икки қўлидаги оғир сумкаларини қийналиб кўтариб борарди. Самандар яқинлашганида қўллари толди шекилли, сумкаларни ерга қўйди. Ён томони билан турган бўлсада аёлнинг ҳолатини кўриб юраги ачишиб кетди. Оғир юк кўтариб келаётгани ва иссиқ таъсирида жиққа терга ботган, оппоқ юзлари бўғриққан эди. Ўгирилиб қараганида кўзларида «ёрдам бермайсизми», деган