✒️Хунук қизнинг чиройли ҳаёти...
Ҳикоя.
Унинг энг ашаддий душмани кўзгу эди. Уни кўрарга кўзи йўқ эди. Дугоналари кўзгу олдида соатлаб ўтирар, ўз чиройларига тўймас, кўзгу билан суҳбатлашиб ҳам ўтирардилар.
У эса… чиройли бўлмагани учун кўзгудан дашном эшитавериб юрагини олдириб қўйганди.
Ота-онасининг ўзидан олдинги тўртта боласи ҳам «турмаган»дан кейин, бешинчи болаларидан умид қилиб, Яратганга нола қилиб ва унинг исмини эзгу ниятда Турсуной қўйишди. Турсуной қўш бармоқ билан туғилди. Ўнг қўлида ўн биринчи бармоғи ҳам бор эди. Устига устак соч-қоши ғалати жингалак ва сариқ, бурни катта, калласи тўртбурчакроқ туғилди. Етти ёшга тўлганида тишлари табиий янгиланди ва дудоқлари ҳарчанд ёпилмасин, нуқул кулиб тургандай олд тишлари кўриниб турадиган, ғалати эди. У ўн бир ёшга тўлганида унда бўй ўсиш гармони етишмаслиги аниқланди. У ўшанда бор-йўғи бир юз ўттиз сантиметрлар эди. Шифокорлар унинг касалига «Аспергера синдроми» деб ташхис қўйишди. Ота-онасининг уни кўрсатмаган шифокори қолмади. Ниҳоят, у ҳам ўса бошлади. Паканаликдан қутилди-ю, аммо ҳиринг-ҳиринглардан қутилмади. Мактабда ўқиб юрган кезлари катталардан намунали ҳулқи учун қанча яхши гап эшитса, теварагидаги «пичинг-пичинг»лар шунчалик кўпаярди. Жумладан қай бир синфдоши ундан орқада қолса, албатта, «анақа-манақа» бошланарди.
Яъни, кимдир:
— Ўтирсиной қўйиш керак эди, ўтириб қолади-ку барибир, — деса, яна кимдир:
— Тавба қилдим, нега айнан Турсуной? — дея ҳайрон бўларди. — Ахир, ой у бўлсаям-бўлмасаям ўз жойида туради-ку.
* * *
Турсунойнинг қулоқлари бундай гапларга кўникиб кетганди. Эътибор бермасликка ҳаракат қиларди. Табиатан одамовироқ бўлган қиз бор диққатини фақат ўқишга қаратганди.
Ҳар куни дарсда бир дақиқа бўлсин тинч ўтирмайдиган, дарс бошланар-бошланмас «Устоз, мен гапирай, мен жавоб берай!», дея бир қўлини партага қўйиб, бир қўлини нуқул тепага кўтариб ўтирадиган, умуман олганда синфдаги сукунатга ҳамиша тириклик бахш этиб ўтирадиган Турсуной бугун нимагадир паришон эди. Қаноти шикастланган қушга ўхшаб жойида беҳаловат эди. Ҳамма, айниқса муаллим ҳайратда эди.
— Турсуной, сенга нима бўлди? Тобинг йўқми?
Турсуной ҳудди пинакка кетиб, қўққисдан уйғониб кетгандек бир сапчиб тушди. Аммо жавоб бермади. Бошини қуйи солди. Ҳар кун, сўзларни бир текис маромига етказадиган граммафон худди бугун бузилиб қолгандек, барча ҳайрон эди. Турсунойнинг эса хаёли узоқларда, умуман бошқа нарсалар билан машғул эди.
Кун шу тахлит ўтгани учун муаллим дарсдан сўнг унинг яқин дугонаси (аниқроғи партадоши) Мадинани олиб қолди.
— Турсунойга нима бўлди? — деб сўради у Мадинадан синфда ёлғиз қолишгач.
— Уни эрга беришяпти, устоз!
* * *
Мадина Турсунойни уйидан тополмади. Дадаси иш билан қўшни қишлоққа кетганлиги боис, Турсуной дўкончада экан. Мадина дўкончага борди.
— Мендан ҳафамисан, Турсуной?
— Йўғ-е! Нега хафа бўлай?
— Устоз ҳоли-жонимга қўймай суриштирди. Барибир эртами, кечми билишарди-ку. Шунинг учун…
— Ўйлама сен! Ҳаммаси жойида.
Мадина билан Турсуной анча пайт суҳбатлашиб ўтиришди. Мадинанинг назарида у бутунлай бепаро ва ҳафсаласиздек туюлди. Аксарият ҳолларда эса фақат «Ҳа, ҳм» билан чегараланиб қўярди. Кўча томонда ойнадан витринадаги коптокка термулиб турган болакайни кўришди. Турсуной унинг нимага маҳлиё бўлиб қолганлиги билан қизиқди. Боланинг оромини ўғирлаган нарса, шубҳасиз копток эди. Мадинани эргаштирганча ташқарига чиқди.
— Копток керакми? — меҳрибонлик билан сўради у боладан.
— Ҳа, у қанча туради?
— Сал қимматроқ-да, укажон.
— Мана, менинг бор пулим. Бошқа йўқ! — деди бола кафтларида ғижимланиб қолган пулни Турсунойга узатиб.
— Вой, — деди Мадина ўзини кулгидан зўрға тийиб. — бу пулга теннис коптокчасиниям бермайди-ку!
— Борим пулим шу, опажон, — деди бо
ла айбдордек бошини пастга эгиб туриб.
— Майли, юра қол, олиб чиқиб бераман. — деди Турсуной ва дўконга кириб кетди.