Роса бошим қотди, ака, – деди Латиф ёш боладай жовдираб. – Бир-икки кун сизларникида туриб, сўнг Россия томонларга қочиб кетсаммикин-а?
Эшик орқасида гап пойлаб турган янгаси безовталаниб, маънодор томоқ қирди. Лазизжон сергакланиб ташқарига чиқди.
– Ҳа, нима гап? – деди у асабий шивирлаб.
Аёл эрига дарғазаб тикилди.
– Укангизни йўқотинг бу ердан! Роса расво бўлибди-ю, ўзимиз ҳам балога қоламиз. Алдаб-сулдаб жўнатиб юборинг.
– Қизиқмисиз, ойиси, ўз укамни қанақа қилиб кўчага ҳайдайман. Жигарим-а?!
– Ўв, меҳрибон эр, – деди аёл қўлларини пахса қилиб. – Укангиз жигар бўлса, биз юрагингиз. Бизни ўйламайсизми? Йўқ, дарров ҳал қилинг! Гап тамом.
Подполковник Манзура Ҳамидовна хона бўйлаб у ён-бу ён юрина бошлади. Шербек Узоқов ўтирган жойида унга кўз қирини ташлаб қўярди.
– Шербекжон, – деди аёл жўшқин бир кайфиятда, – яна бу маълумотингиз ҳам диққатга сазовор. Адашмасак, яна бир жиноятнинг думидан тутдик. Қани, шошилмасдан яна бир такрорланг-чи.
– Қотиллик содир бўлган хонадонда Мавлонов Абдуғанига тегишли костюм топилди. Бир пайт унинг чўнтагидаги мобил телефон жиринглаб қолди.
– Демак, – деди Манзура Ҳамидовна изқуварга қатъий тикилиб, – алоқага чиққан рақамни аниқ эслаб қолдингиз-а?
– Албатта, ҳатто ёзиб қўйибман.
– Хўш, кейин-чи, давом этинг.
– Хуллас, – деди Шербек фикрларини жамлаб. – Бир хириллоқ товуш Ғани, мумиёни тезроқ келтир, хўжайин хит бўляпти, деди. Шу пайт, афтидан кимдир телефонни юлқиб олди. Ғанини боплаб сўкди, ўзини… ўзини Лочин деб атади.
– Лочин? Наҳотки бу Абрай ака бўлса?!
– Нега ажабланяпсиз, Манзура Ҳамидовна? Қиморбоз одамдан ҳар бало кутса бўлади. Нима, қора дори савдосидан ҳазар қилади деб ўйлайсизми?
– Гапингиз рост, Шербек. Лекин негадир ишонгим келмаяпти. Тўғри, Абрай лочин қиморбоз, майда безори сифатида ҳисобимизда туради. Қонун-тартибга ҳам панжа орқасидан қарайдиганлар хилидан. Лекин шу пайтгача ҳеч бир жиддий сабаб билан қўлимизга тушмаган. Биласизми, Шербек, шу одамда аллақандай донолик бордай назаримда, – Манзура Ҳамидовна енгил кулди. – Гапнинг очиғи-да, Шербек. Болаларининг ҳаммаси ўқимишли, зиёли.
– Доно деманг-а, садқаи ақл кетсин унга, – деди ёш изқувар бироз қизишиб, – шунчаки айёр тулки у.
Подполковник ўйчанлик билан стол қиррасини черта бошлади.
– Балки… балки… Одамнинг оласи ичида. Демак гап бундай, – Манзура Ҳамидовна яна жўшқинлик билан ўрнидан туриб кетди. – Телефон рақами эгасини аниқлаб уни кузатинглар. Хў-ўш… Ғани ўлди, уларнинг режаси бузилди. Демак энди типирчилиб қолишади. Қандай қилиб бўлса ҳам анави “мўмиё” аталмиш товарни топишга ҳаракат қилишади. Ғанининг уйига, қотиллик юз берган хонадонга кузатув қўйинглар.
– Хўп, Манзура Ҳамидовна, – деди Шербек, стол устидан қоғозларини йиғиштириб оларкан, – ҳаммасини бажарамиз.
– Тунги воқеа билан яна бир бор жиддий шуғулланинг. Қочоқ эрни топинглар, Шербек, ўзингиз ўша хонадонни тағин яхшилаб кўздан кечиринг. Зора жиноят излари ойдинлашса…
Шербек тағин “хўп-хўп”лаб кабинетдан чиқиб кетди.
Айни пайтда Латиф ҳам бўшашган, дили хуфтон бўлган бир аҳволда акасининг ҳовлисидан чиққан эди. Лазизжон минг бир хижолатга тушган кўйи уни кузатиб қўярди.
– Латифжон, ука, яхшиси ўзинг мелисахонага бор. Ҳаммасини ҳовлиқмай тушунтир. Улар ҳам одам, дардингни эшитиб, тушунишар. Ҳақиқат барибир қарор топади-ку, тўғрими?
– Ака, – деди Латиф аллақаерларга паришон тикиларкан, – қойил қолмадим сизга, қанча-қанча танишларингиз, дўстларингиз бор. Наҳотки, шу ишни босди-босди қилиб беролмасангиз?
Лазиз укасининг елкасига қўл ташлади.
– Латиф, тўғриси, бу машмашани бировга айтсам ғирт кулгуга қоламан. Ҳозирча дамимиз чиқмасин. Қолаверса… гап кўпайган жойда харажат ҳам кўпаяди.
– Чиқимга тобим йўқ, деб қўя қолинг чайналмай, – деди Латиф истеҳзоли илжайиб.
Ака бош қашлаб ўйланиб қолди. Аразлаган Латиф хайр-хўшни ҳам насия қилиб кета бошлади. Афтидан, калласига тузукроқ фикр келди шекилли, бир пайт Лазизжон кўзлари чақнаб укасини чақирди.
– Латиф! Шошма! Тўхта, бир гап бор.
Латиф лўкиллаганича етиб олган акасига маъюс, саволчан тикилди.
– Шаҳарга қайтгин-у, Абрай лочинга учраш, – деди Лазизжон.
– Анови қиморбозгами?! Калл